Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистонда куч тузилмалари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ўтказилади

Ксения Бондал

Полиция ходимлари май ойида Олмаотадаги тартибсизликни тўхтатишга уринмоқдалар. (Владимир Третяков)

Полиция ходимлари май ойида Олмаотадаги тартибсизликни тўхтатишга уринмоқдалар. (Владимир Третяков)

ОЛМАОТА – Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимида ўтказиладиган ислоҳотлар мамлакат бўйлаб жамоат хавфсизлигини кучайтириш мақсадида тартиб посбонларининг тайёргарлигини ва меҳнат шароитларини яхшилашни ўз ичига олади.

Ислоҳотлар доирасида тизимдаги минглаб иш ўринларини қисқартириш кўзда тутилган бўлиб, мақсад – қолган ходимларнинг маошларини ошириш ва полициячиларнинг уй-жой харажатларини қоплашга ёрдам бериш. Бу ҳақда 8 октябрь куни ҳукумат мажлисида сўзлаган ташқи ишлар вазири Калмуханбет Касимов маълум қилди.

«Ходимлар сони қайта кўриб чиқилади. Штатни 10 фоизга қисқартириш режалаштирилган. Булар – 9 минг нафар полициячи ва Жазони ижро этиш қўмитасининг 1600 нафар ходимидир. Тежалган маблағ ҳисобига ходимларнинг маошлари оширилади», деди у.

Унинг сўзларига кўра, йўл-патрул хизмати, участка нозирлари ва вояга етмаганлар ишлари бўйича инспекторлар учун тураржой ижарасини тўлаб бериш масаласини ҳам кўриб чиқилиши зарур.

Вазирлик полициянинг янада сифатлироқ фаолият олиб бориши учун ходимларни ишга қабул қилиш тизимини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда, деди Қосимов.

Иш ҳақи ва самарадорликни ошириш

Остона адвокатлар уюшмаси аъзоси, ҳуқуқшунос Аманжўл Мухамедяровнинг фикрича, 19 июль куни фигурали учиш бўйича Олимпия чемпиони Денис Теннинг ўлдирилиши ИИВ тизимидаги ислоҳотларга туртки бўлган.

Фигурали учиш бўйича биринчи Олимпия чемпиони бўлган қозоғистонлик 25 ёшли спортчи Олмаотада автомобилининг ён ойналарини ўғирламоқчи бўлган икки ўғрини тўхтатишга уринган вақтида ҳалокатли тарзда жароҳатланган эди.

Ушбу воқеадан бироз ўтиб, полиция икки гумондорни ҳибсга олган ва улар ўз айбига иқрор бўлган эди. Аммо, бунгача ижтимоий тармоқларда ИИВ ва полиция жиддий танқид остига олинган ва тизимда ислоҳотлар ўтказиш талаби янграган эди.

Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда полициячилар маошининг камлиги кадрларнинг қўнимсизлигига сабаб бўлмоқда.

Бу муаммоларни ҳал этиш мақсадида 2017 йилнинг июль ойида президент Нурсултон Назарбоев полиция ходимларининг маошларини 25 фоизга оширган эди.

Alau.kz сайтининг Қустанай вилояти ички ишлар бошқармасига асосланиб хабар беришича, кичик сержантларнинг энг кам ойлик маоши 85 минг тенгени (230 АҚШ долларини) ташкил қилди, лейтенантлар эса 130 минг тенге (353 АҚШ доллари) маош ола бошладилар.

Бироқ, муаммо фақат ойлик маошларида эмас, деди Мухамедяров.

«Остонадаги қайси туман ички ишлар идорасига кирманг, у ердаги ёш йигитлар оғир шароитларда ишлаётганига гувоҳ бўласиз», деди у.

«Битта стулдан икки полициячи фойдаланади, вилоятларда нима бўлаётганини эса тасаввур қилб бўлмайди.»

Касбий малакани ошириш

«Мен полиция сафларида билими ва тажрибаси билан судя ва адвокатлардан қолишмайдиган кўп ходимларга дуч келдим», деди Мухамедяров.

«Улар узоқ вақт бу вазифада қолишмайди, тажриба орттирганларидан сўнг, улар адвокатлик қиладилар, имтиҳонлардан ўтиб судя ва прокурор бўладилар», деди у.

Семинарлар ва тренинглар орқали полиция ходимларининг малакасини ошириш ҳам муҳим, деди у.

Улар кенг жамоатчилик билан муомала қилишдан тортиб, жиноий-процессуал ва маъмурий кодекс меъёрларигача бўлган кўп нарсани ўрганишлари керак, деди у.

Мухамедяровнинг сўзларига кўра, бундай тренинглар учун давлат бюджетидан маблағ сарфлаш талаб этилмайди.

«ИИВ мустақил мураббийлар ва ЕХҲТ (Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) каби ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин», деди у.

«Агар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари истаса мен ва ҳамкасбларим ўқув ишларни олиб боришимиз мумкин», деди у. «Биз тез-тез прокуратура идораси ва судлар билан тажриба алмашамиз ва кўп ижобий натижаларга эришиб улгурдик.»

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини такомиллаштириш

Айни вақтда Қозоғистонда кўпчилик полиция ходимларининг иши пиёда юриб кўчаларни патрул қилишдан иборат бўлиб қолган, бу унчалик ҳам зарур эмас, деди Мухамедяров.

Ислоҳотлар доирасида «пиёда патрул хизматчилар сонини қисқартириш, аммо шу билан бирга, кўчалардаги видеокузатув камералари сонини ошириш мумкин», деб таклиф қилди олмаоталик истеъфодаги маёр, собиқ терговчи Олег Губайдулин.

Аммо у вазирликдаги ходимлар сони эҳтиёткорлик билан тартибга солиниши кераклигини эътироф этди. Шу билан бирга, у 17 фоиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари дипломатик ваколатхоналар, сув омборлари ва гидроэлектрстанциялар каби муҳим иншоотларни қўриқлаётганини қўшимча қилди.

«Уларни ишдан бўшатиб бўлмайди, чунки хусусий қўриқлаш агентликлари улар бажараётган вазифани уддалай олмайди», деди у Карвонсарой нашрига.

Бундан ташқари, терговга алоқадор бўлинмалар ёки маҳаллий патрул хизматларини қисқартириш ҳам мақсадга мувофиқ эмас, деб қўшимча қилди у.

Губайдулин маҳаллий полиция ва йўл-патрул полициясини бир биридан ажратишни таклиф қилди, сабаби улар турлича фаолият олиб борадилар. Расмийлар ИИВ тизими ичидаги бўлинмаларга ажратишни эҳтиёткорлик билан олиб боришлари кеарк, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бир ерда ўтиравермасдан ишлаш керак. Айгерим микрорайони участка нозирини тергов қилинг! У ерда ўғирликлар доимий равишда содир этилади.

Жавоб бериш