Карвонсарой
Иқтисодиёт

Тошкентдаги Марказий Осиё савдо форуми «янги истиқболларни» кўзламоқда

Максим Енисеев

АҚШ элчихонасининг муваққат ишлари вакили Алан Мелцер Марказий Осиё савдо форуми кўргазмасини кўздан кечирмоқда, Тошкент, 17 октябрь. (USAID)

АҚШ элчихонасининг муваққат ишлари вакили Алан Мелцер Марказий Осиё савдо форуми кўргазмасини кўздан кечирмоқда, Тошкент, 17 октябрь. (USAID)

ТОШКЕНТ – 17-18 октябрь кунлари Тошкентда ўтган саккизинчи Марказий Осиё савдо форумига 27 мамлакатдан 1000 дан ортиқ меҳмон ташриф буюрди.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Марказий Осиёда рақобатбардошлик, савдо-сотиқ ва иш ўринлари яратиш лойиҳаси доирасида йиллик форумни ташкил этди.

Тадбир Ўзбекистондаги Америка савдо палатаси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, БМТ Тараққиёт дастури, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, GIZ Германия тараққиёт агентлиги ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан ташкил этилди.

Бу йилги форум мавзуси «Савдо ва инвеститисияларни ривожлантиришда янги истиқболлар» деб номланди ва Марказий Осиёнинг минтақавий ва халқаро савдога очиқлигидаги ўсишни ифода этди. Бу Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан уйғунликда олиб борилмоқда, дейди ташкилотчилар.

Форумда АҚШнинг қишлоқ хўжалик ускуналарни ишлаб чиқарувчи «John Deere» компанияси ўз маҳсулотларини намойиш этди. (USAID)

Форумда АҚШнинг қишлоқ хўжалик ускуналарни ишлаб чиқарувчи «John Deere» компанияси ўз маҳсулотларини намойиш этди. (USAID)

«Форум олти марта Олмаотада ва бир марта Бишкекда бўлиб ўтган эди», деди тошкентлик иқтисодчи Шукрулло Мавлонов Карвонсарой нашрига.

«Форумнинг Тошкентда ўтказилиши Ўзбекистоннинг минтақада иқтисодий етакчи сифатидаги ролини акс эттиради», деди у. «Айрим солиқ ва божхона тўсиқларининг бекор қилиниши ва савдо жараёнларининг осонлаштирилиши бунга йўл очган.»

Минтақавий ва халқаро иштирок

Форум минтақавий ва халқаро компаниялар маҳсулотларининг кўргазмаси, ялпи мажлислар ва муҳокамаларни ўз ичига олди.

Муҳокама Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш фойдалари, туризмни ривожлантириш, Марказий Осиёдаги инвестициявий муҳит ва интеллектуал мулк ҳуқуқига ҳурмат билан муносабатда бўлиш каби мавзуларни қамраб олган.

Транспорт, туризм, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги етакчи компаниялар ўз маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этдилар.

Махсус «Startup Mix» учрашувларида тадбиркор аёллар ҳам иштирокчиларга ўзларининг янги ғояларини тақдим этдилар.

Алоҳида мажлисда катта халқаро фирмалар ўз фаолиятларини намойиш этдилар.

Форум иштирокчилари ўз маҳсулотлари билан «Мислсиз ютуқлар учун» танловида қатнашдилар. Бу мукофот траснпорт ва логистика, мева-сабзавотлар ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш, туризм йўналишларида тақдим этилди.

«Тараққиётнинг улкан имкониятлари»

«Форум менга Марказий Осиёдаги қўшни давлатлардан ташриф буюрган тадбиркорлар билан учрашиш имконини берди», деди 18 октябрь куни форумга келган тошкентлик тадбиркор Умид Суннатов Карвонсарой нашрига.

«Мамлакатимизнинг асосий савдо улуши қўшни мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади ва у яхши ривожланмаган», деди у. «Ривожланиш учун улкан имкониятлар мавжуд.»

«Тобора мураккаблашиб бораётган ва ўзаро чамбарчас боғлиқ оламда динамик ечим талаб этувчи янги муаммоларга дуч келмоқдамиз», деди Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг муваққат ишлари вакили Алан Мелцер 17 октябрь куни бўлиб ўтган тадбирда. Бу ҳақда элчихона баёноти айтилади.

«Бу каби янги муаммолар билан бир вақтда янги имкониятлар ҳам пайдо бўлади», деди у.

«Бу форумга ўхшаш тадбирларни ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ керак. Бу тадбирлар бизнес-ҳамкорлик ўрнатиш, фикр алмашиш ва маҳсулотларни янги бозорларга чиқаришга имкон яратади.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500