Карвонсарой
Иқтисодиёт

Қозоғистон Германия билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилади

Айдар Ашимов

Суратда: қозоғистонлик фермер, 2017 йил, май. (Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги)

Суратда: қозоғистонлик фермер, 2017 йил, май. (Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги)

ОСТОНА – Қозоқ ва немис бизнес етакчилари, ҳукумат расмийлари ва мутахассислар 26 октябрь куни Қозоғистонда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга бағишланган анжуманда иштирок этиш учун Остона шаҳрига йиғилдилар.

«Қозоғистон-Германия: барқарор қишлоқ хўжалигини барпо этиш соҳасидаги ҳамкорлар» деб номланган тадбир Қозоғистон қишлоқ хўжалиги соҳасининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.

«Анжумандан кўзланган мақсад – Германия ва Қозоғистон ўртасида экспертлараро тажриба алмашинуви орқали Қозоғистонда барқарор қишлоқ хўжалигини барпо этишга кўмаклашиш», деб хабар берди Германия элчихонаси.

Конференцияда Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сакен Сейфуллин номидаги қозоқ агротехника университети ва мамлакатнинг миллий аграр илмий-ўқув маркази вакиллари ҳамда Германия университетларининг олимлари иштирок этди.

26 октябрь куни Остона шаҳрида Германия ва Қозоғистон тадбиркорлари иштирокида барқарор қишлоқ хўжалигини барпо этишга бағишланган анжуман бўлиб ўтди. (Айдар Ашимов)

26 октябрь куни Остона шаҳрида Германия ва Қозоғистон тадбиркорлари иштирокида барқарор қишлоқ хўжалигини барпо этишга бағишланган анжуман бўлиб ўтди. (Айдар Ашимов)

«Мислсиз имкониятлар»

Қишлоқ хўжалиги соҳасида рақобатбардошликни оширишдан ташқари, «икки мамлакат ўртасида аграр соҳадаги ҳамкорлик, шунингдек, деҳқончилик, чорвачилик ва компьютерлаштириш соҳаларини ривожлантириш» мавзулари ҳам муҳокама этилди», деди Остонадаги миллий аграр илмий-ўқув маркази раҳбари Улан Тажибаев Карвонсаройга.

Тожибоевга кўра, учрашувда озиқ-овқат маҳсулотларини турли бозорларга ташиш ва етказиб бериш, аграр соҳада замонавий технологияларни қўллашни ўргатиш йўллари ва бу борадаги илмий тадқиқотлар ҳам муҳокама қилинган.

«Казах-Инвест» компанияси раисининг ўринбосари Марат Биримжаннинг сўзларига кўра, «Қозоғистонда ҳар беш кишидан бири қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайди». Бу ҳақда сешанба, 30 октябрь куни «Астана Таймс» нашри хабар берди.

«Қозоғистонда 210 млн. гектарга яқин қишлоқ хўжалиги майдонлари (жаҳонда иккинчи) ва 180 млн. гектар яйловлар бўлиб, бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун улкан имкониятларни яратади», деди у.

Биримжан Германия 2005 йилдан бери Қозоғистонга 4,2 млрд. долларга (1.6 трлд. тенге) яқин инвестиция киритганини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Қишлоқ хўжалигига оид билимларни ривожлантириш

Германиянинг қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассислари Қозоғистондаги немис аграр марказида қозоқ ҳамкасбларини ўқитишда давом этмоқдалар. Бу ҳақда бундестаг депутати, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги федерал вазирлигининг давлат котиби Микаэл Штюбген маълум қилди.

Ақмола вилояти, Чаглинка қишлоғида жойлашган марказ 2011 йилдан бери фаолият юритиб келади.

Унинг сўзларига кўра, 2019 йилда Германия ушбу марказни молиялаштиришни тўхтатади, аммо бу вақтга келиб марказ ўз-ўзини таъминлай олади ва фаолиятини давом эттиради.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500