Ахборот бюллетенимизга обуна бўлинг
Twitter
Facebook
Youtube
Rss
M.logo uz cyrl

2018-11-02 | Инсон ҳуқуқлари

Марказий Осиёлик мигрантлар Қозоғистонни Россиянинг муқобили сифатида кўрмоқдалар


Олмаотанинг «Яшил бозорида» сотилаётган мевалар. (Wiki Commons)

Олмаотанинг «Яшил бозорида» сотилаётган мевалар. (Wiki Commons)

Ксения Бондал

ОЛМАОТА – Тадқиқотга кўра, Россияда кенг тарқалган адолатсизлик, ирқчилик ва зўравонликка дуч келаётган Марказий Осиёлик мигрантлар энди Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида иш излашни маъқул кўрмоқдалар.

Тадқиқот натижалари 23-24 октябрь кунлари Олмаотада бўлиб отган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖСТ) Соғлом шаҳарлар ҳокимлари саммитида тақдим этилган. Унга кўра, Марказий Осиёлик мигрантларнинг энг кўп қисми Қозоғистонда бўлиб, улар умумий аҳолининг 22 фоизини ташкил этади.

Тадбирда 24 мамлакатдан 250 га яқин ҳокимлар ва сиёсий арбоблар, ЖСТ, Жаҳон банки, ЮНИСЕФ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.


Чимкентдаги «Сана Сезим» маркази ҳуқуқшуноси мигрантларга Қозоғистонда қонуний яшаш қоидалари борасида маълумот бермоқда, май ойи. («Сана Сезим» аёллар ташаббуслари ҳуқуқий маркази)

Чимкентдаги «Сана Сезим» маркази ҳуқуқшуноси мигрантларга Қозоғистонда қонуний яшаш қоидалари борасида маълумот бермоқда, май ойи. («Сана Сезим» аёллар ташаббуслари ҳуқуқий маркази)

Қозоғистон иқтисодий чегараларини очмоқда ва глобал иқтисодиётга тобора интеграциялашиб бормоқда, деди Соғлом шаҳарларнинг француз миллий тармоғи президенти Шарлотта Маршандиз саммит чоғида.

«Қозоғистон мигрантларнинг жамиятга интеграциялашувини қай тарзда кафолатлаши ва уларга қандай ресурслар тақдим этиши мумкинлигини аниқлаб олиши керак», деди у. «Шунингдек, маҳаллий қонунчиликда бунинг эвазига мигрантлар қандай мажбуриятларни ўз зиммаларига олиши кераклиги ҳам белгиланиши лозим.»

Ноқонуний мигрантлар кўпгина мамлакатларда беаёв эксплуатация қилинади ва кўп ҳолларда одам савдоси қурбонига айланади, деди у.

Терроризм ҳам глобал муаммоларидан бири, деди Маршандиз. Қонунсизликдан азият чеккан мигрантлар радикал гуруҳлар учун осон ўлжага айланадилар, деб қўшимча қилди у.

«(Марказий Осиё бўйича) Қозоғистонда мигрантлар сони энг кўп бўлгани учун ҳам у доим ҳушёр туриши керак», деди у.

Қозоғистонни танлаш

Марказий Осиёликлар Россиядан кўра Қозоғистонда пул топиш осонроқ деб биладилар. Россияда мигрант ишчиларга нисбатан қийинчиликлар ортиб бормоқда, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари эса мунтазам равишда мигрантлар ҳуқуқларини поймол қилишда айблаб келинади.

Кўпчилик Марказий Осиёлик мигрантлар Россиялик иш берувчиларнинг ойлик тўламаётгани борасида ҳам шикоят қилганлар.

Ўзбекистоннинг Чирчиқ шаҳридан бўлган Алишер Орипов Россияга иш излаб кетмоқчи бўлгани, аммо у ердаги дўстларидан қўрқинчли ҳикояларни эшитганидан сўнг, бу фикридан қайтганини айтади.

Бунинг ўрнига у бир йил аввал Олмаотага келган ва маҳаллий супермаркетларнинг бирида ишламоқда. Унинг ота-онаси, рафиқаси ва тўрт нафар фарзанди Чирчиқда қолган.

Қозоғистонда рўйхатга олиш жараёни Россиядан анча қулай ва муҳими ўзбек мигрантларга нисбатан Россиядан кўра Қозоғистонда муносабат яхши, деди Орипов Карвонсарой нашрига.

Унинг сўзларига кўра, бу урф-одатларнинг ўхшашлиги ва яқин муносабатлар сабаблидир.

«Ўзбекистонликлар Қозоғистонда 30 кунгача рўйхатдан ўтмай истиқомат қилишлари мумкин, шу сабаб ҳар 25-27 кунда мен уйга бориб қайтаман», деди у. «Ишим яхши, чунки қорда туришим керак эмас, ёзда эса жазирамада қолмайман. Маошимни ҳам вақтида оламан.»

Россияда ишлаш эса тобора хавфли бўлиб бормоқда, деди Орипов.

У ердаги жиноий тўдалар оиласини боқиш учун меҳнат қилаётган ўзбек, тожик, қирғизларни уриб, пулларини тортиб олишади, деди у.

«Бундай тўдалар мигрантларни топиб, ўз ҳудудларида ишлагани учун мунтазам равишда уларнинг пулларини шилиб олади», деди у.

Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

2015 йил январь ойидан Россия потенциал мигрантлардан рус тили ва тарихи бўйича тестдан ўтишни талаб қила бошлади. Бу билан ишга ёлланиш жараёни янада қийинлашди, дейди «Сана Сезим» аёллар ташаббуслари ҳуқуқий маркази юристи, чимкентлик Лилия Халиулина.

Бундан ташқари, у ерда мигрантларга қарши рейдлар ўтказиладиган бўлди, деди у.

«Шундан кейин кўпчилик мигрантлар Қозоғистонга йўл олишди», деди у Карвонсарой нашрига. «Буни ташкилотимизга келаётган одамлар сонидан кўришингиз мумкин. Телефон тармоғимизга ҳар куни беш ёки олтита қўнғироқ келиб тушади.»

Россиядаги мигрантларнинг энг асосий шикоятлари – уларнинг эксплуатация қилиниши билан боғлиқ, деди Халиулина.

Бундай ҳолатлар Қозоғистонда ҳам учраб турса-да, россияликлардан фарқли ўлароқ, Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари ҳеч бўлмаганда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладилар, деди у.

«Бундай иш берувчилар хорижий меҳнат кучидан ноқонуний фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиладилар», деди у. «Қозоғистон қонунчилигига кўра, агар кимдир уйида ишлатиш учун одам ёлламоқчи бўлса, тегишли солиқларни тўлаши зарур.»

«Эксплуатация қилинган ишчиларга ёрдам берганимиздан сўнг, улар мансуб бўлган давлатларнинг элчихоналари билан боғланамиз. Агар уларнинг ҳужжатлари йўқолган ёки иш берувчи томонидан йўқ қилинган бўлса, уйга жўнаб кетишлари учун уларга ҳужжат тайёрлаб берамиз», деди у.

«Сана Сезим» ҳуқуқшунослари ёрдам излаб келганларнинг барчасига кўмаклашадилар, деди Халиулина.

Олинган маълумотлар, энг аввало, миграция полицияси ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмасига тақдим этилади, деди у. Шу билан бирга, ҳуқуқшунослар полиция ходимлари билан бирга жиноят содир этилган жойларга бориб, жабрдийда мигрантларга шу ернинг ўзида ёрдам беришга ошиқадилар.

Ўтган йили «Сана Сезим» ташкилоти Қозоғистонда қолишни ва шу ерда кичик бизнес очишни истаган мигрантларга ёрдам беришни бошлади. Уларга маҳсулот сотиб олишда кўмаклашилди, тренинглар ташкил қилинди.

Халиулина 2019 йилда жанубий Қозоғистонга янада кўпроқ мигрантлар келишини тахмин қилмоқда. Сабаби, Туркистон вилоятида катта қурилиш ишлари режалаштирилмоқда ва бу қўшимча ишчи кучини талаб қилади.

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 18

Фикрлар 1

Captcha
Comment bubble | 2018-11-04

Жуда яхши мақола

Жавоб бериш