Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистонда ҳаво кемаларидаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди

Ксения Бондаль

«Эйр Астана» компанияси самолёти қўниш чоғида, 15 июль, 2016 йил. (Патрик Баз/AFP)

«Эйр Астана» компанияси самолёти қўниш чоғида, 15 июль, 2016 йил. (Патрик Баз/AFP)

ОЛМАОТА – Самолётларни олиб қочиш бўйича бир неча йиллардан бери қонунчиликда мавжуд бўлган бўшлиқдан сўнг, Қозоғистон авиацияга оид жиноятлар бўйича халқаро ҳужжатни имзолади.

5 ноябрь куни президент Нурсултон Назарбоев Халқаро фуқаролик авиациясига нисбатан ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга қарши кураш бўйича 2010 йилги конвенцияни (Пекин конвенцияси номи билан ҳам машҳур) ратификация қилишга оид қонунни имзолади.

Йўловчи самолётлардан қурол сифатида фойдаланиш ҳаракатини жиноят деб қабул қилувчи бу ҳужжатни 60 дан ортиқ мамлакат имзолаган ёки ратификация қилган.

Ратификация қарори матни эълон қилинмаган. Zakon.kz нашрининг хабар беришича, янги қонун парвоз пайтида содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни кўзда тутади.

2016 йил Қозоғистонда самолётни қўлга олишни режалаштирган шахслар, КТК ТВ лавҳасидан олинган кадр. КНБ ходимлари режани фош этиб, уларни ҳибсга олдилар. (КТК ТВ лавҳасидан олинган кадр)

2016 йил Қозоғистонда самолётни қўлга олишни режалаштирган шахслар, КТК ТВ лавҳасидан олинган кадр. КНБ ходимлари режани фош этиб, уларни ҳибсга олдилар. (КТК ТВ лавҳасидан олинган кадр)

Бу жиноятлар қаторига парвоз вақтида самолётга зарар етказиш, самолётлардан қурол ташишда, биокимёвий ва токсик моддаларни тарқатишда фойдаланиш ва бошқалар киради.

Конвенция авиацияга оид жиноятлар учун жазоларни белгилайди, мамлакатлараро авиация соҳасидаги таҳдидлар бўйича разведка маълумотлари алмашинувига ёрдам беради ва гумондорларга нисбатан адолатли муносабатни кафолатлайди.

Шу кунга қадар Қозоғистон қонунчилигида парвоз хавфсизлигига таҳдид солган шахс жиноятчи деб қабул қилинмаган, унга фақат жарима белгиланган, дейди Қозоғистоннинг асосий авиакомпанияси «Эйр Астана» президенти Питер Фостер Карвонсарой нашрига.

«16 йиллик фаолияти давомида компаниямиз бузғунчи йўловчилар билан кўп муаммога учраган», деди у. «Самолётни йўлдан қайтариб, бошқа аэропортларда қўнишга мажбур бўлганмиз.»

Бундай йўловчиларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши, уларга жарима ўрнига қамоқ жазоси белгиланиши туфайли энди Қозоғистонда парвозлар хавфсизлиги ортади, деди у.

Самолётни қўлга олиш фитнаси фош этилди

Шу кунга қадар Қозоғистонда самолётни қўлга олиш ҳодисаси юз бермаган.

Аммо, 5 сентябрь куни КТК телеканалида 2016 йил бошида экстремистларнинг самолётни қўлга олиб, террорчилик ҳаракатини амалга ошириш режалари ҳақидаги лавҳа эълон қилинди. Шунга ўхшаш режа ҳақидаги хабарлар 2016 йил сентябрида эълон қилинган эди.

Икки Қозоғистон ва бир Ўзбекистон фуқароси Талдиқўрғон шаҳрида фуқаролик ва ҳарбий обектларга зарба бериш мақсадида лайнерлар ҳаракатини кузатганлар.

Фитначилар гуруҳи муқаддам судланган ва жазони ўтаган шахслардан иборат бўлиб, улар «жамоат жойларида террорчилик ҳаракатларини амалга оширишнинг турли усулларини ўрганиб чиққанлар», деди КНБ матбуот котиби Сакен Минбаев КТК телеканалига.

«Улар 11 сентябрдаги каби ҳужумни амалга ошириш мақсадида Талдиқўрғон аэропортида йўловчи ёки ҳарбий самолётни қўлга олиш вариантларини ўрганиб чиққанлар», деди у.

Пекин конвенциясига қўшилиш Қозоғистонга ҳужжатни имзолаган бошқа мамлакатлар ёрдамидан фойдаланиш имконини беради, дейди Миллий хавфсизлик қўмитасининг (КНБ) заҳирадаги полковниги Арат Нарманбетов Карвонсарой билан суҳбатда.

Самолётни олиб қочиш ёки ҳаво транспорти билан боғлиқ бошқа жиноят юз берган вақтда Конвенцияга қўшилган давлатлар ёрдам сўраб бошқа мамлакатлар хавфсизлик органларига мурожаат қилишлари мумкин. Улар инқирозли вазиятларга қарши биргаликда курашадилар.

Унинг сўзларига кўра, махсус бўлинмалар нафақат террорчиларни зарарсизлантириш, балки терактларнинг олдини олишга ҳам тайёр бўлиши керак. Бунинг учун КНБ мунтазам равишда разведка операцияларини ўтказиб келмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500