Карвонсарой
Жамият

Қозоғистоннинг қашшоқликни камайтириш чоралари радикаллашувга қарши курашда муҳим роль ўйнамоқда

Ксения Бондал

Қозоғистоннинг Оқтов портидаги ишчи, 15 август. Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг иқтисодий тараққиёти радикаллашувнинг олдини олишга ёрдам беради. (Талант Кусиан/AFP)

Қозоғистоннинг Оқтов портидаги ишчи, 15 август. Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг иқтисодий тараққиёти радикаллашувнинг олдини олишга ёрдам беради. (Талант Кусиан/AFP)

ОЛМАОТА – Қозоғистонда қашшоқликка қарши кураш кам таъминланган фуқаролар сонини учдан бирга қисқартирди ва шу билан заиф аҳоли қатламлари орасидан одам ёлловчи экстремистларнинг самарадорлигини чеклади, дейди таҳлилчилар.

Kapital.kz нашри хабарига кўра, «Қозоғистонда қашшоқлик даражаси 1996 йилдаги 34,6 фоиздан 2018 йилнинг иккинчи чораги якунига келиб 4,7 фоизга тушди», деб маълум қилган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Мадина Абилкасимова 5 ноябрь куни.

«2017 йилда аҳолининг жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади 2001 йилдагига нисбатан 10,8 маротаба ошди ва 83 минг тенгега (255 АҚШ доллари) етди», деди у.

Қозоғистонда қашшоқликни камайтириш дастури 1995 йилда тақдим этилган эди, деди «Стратегия» ижтимоий ва сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари, олмаоталик Гулмира Илеуова Карвонсарой нашрига.

Олмаота «Яшил бозор»идаги мева сотувчи, сурат санаси номаълум. (Wiki Commons)

Олмаота «Яшил бозор»идаги мева сотувчи, сурат санаси номаълум. (Wiki Commons)

Ташкилот социологлари Меҳнат вазирлигининг ҳукумат 1995 йилдан бери катта ўзгаришлар қилганини тасдиқлайдилар. Озиқ-овқат сотиб олишга пули етмайдиган қозоғистонликлар умумий аҳолининг 1,2 фоизини ташкил қилади, деди Илеуова 2018 йилда ташкилот олиб борган тадқиқотларга асосланиб.

Кўрсаткичларнинг бундай тушиши «иқтисоднинг яхшиланиши туфайлидир. Сўнгги йилларда ЯИМ ҳажми ошди ва давлат гиперинфляцияни енгди. Қозоғистон иқтисодиёти очиқликка эришди, шу сабаб инвесторлар кела бошлади», деди у.

1995 йилда қашшоқликка қарши кураш дастуридан аввал Қозоғистон ЯИМ ҳажми 1 триллион тенгедан (2,7 миллиард АҚШ доллари) ортиқ эди. 2017 йилга келиб эса 51,5 тенгега (139 миллиард АҚШ доллари) етди, деб хабар беради мамлакат Статистика қўмитаси.

1995 йилда инфляция даражаси 60 фоиз бўлган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 7,2 фоизга тушган.

Заиф қатламга кўмаклашиш

Иқтисоднинг ўсиши ва қашшоқлик даражасининг пасайиши туфайли фуқароларнинг экстремистлар олдидаги заифлиги ҳам камайди, дейди олмаоталик терроризм ва хавфсизлик бўйича таҳлилчи Леся Каратаева.

«Аҳолининг ижтимоий заиф қатамини қўллаб-қувватлашнинг йўллари кўп», дейди у. «Кам таъминланганлар учун ижтимоий имтиёзлар ва чегирмали дўконлар шулар жумласидандир.»

«Шу билан бирга, Қозоғистонда бепул тиббий хизматлар тизими мавжуд ва муҳтожлар учун бепул дори-дармонлар берилади», деди Каратаева.

Фуқаролар умумий молиявий ҳолатининг яхшиланиши ижобий ўзгариш, сабаби «террорчи ташкилотларининг профессионал ёлловчилари ўз мақсадлари йўлида ижтимоий норозиликдан фойдаланади », деди у.

Ўз сафларига янги аъзоларни жалб қилишга интилаётган экстремистлар уларни молиявий кўмак билан таъминлаши, ҳатто қарзларини тўлаб бериши ҳам мумкин. Кейинроқ бундай «ҳотамтойлик» таъсир ўтказиш воситаси сифатида қўлланиши мумкин.

Унинг айтишича, ёлловчилар фақат иқтисодий омилларга асосланмайдилар.

«Одамлар турлича», дейди у. «Шу боис ҳам ёлловчилар потенциал издошларни жалб қилишда турли усулларини қўллайдилар. Яъни, кимдир билан ишлашни бошласалар, унинг қарашларини ўзгартиришга ҳаракат қиладилар. Бунда фақат ижтимоий норозилик эмас, балки қандайдир шахсий сабаблар ҳам асос қилиб олиниши мумкин.

Алоҳида ҳолатларда ушбу омилларнинг уйғунлиги ҳам иш бериши мумкин, деб қўшимча қилди у.

Мудҳиш даъват усуллари

Экстремистлар одам ёллаш учун психологик босим усулларидан кенг фойдаланадилар, дейди Павлодардаги динлараро муносабатларни ривожлантириш ва таҳлил қилиш маркази раҳбари Гулназ Раздикова.

Кўп ҳолларда ёлловчи мамлакатдаги ижтимоий адолатсизлик ва жамиятда юқори ўринларни эгаллаш имконсиз экани ҳақида гап очиб суҳбат бошлайди, деди у Карвонсаройга.

Ёшлар учун ҳалол пул топишга имкон йўқлиги ва мамлакатда коррупция гуллаб-яшнаётгани ҳақидаги гап-сўзлар орқали суҳбатдошда негатив ҳис-туйғулар пайдо қилинади, деди у.

Сўнгра даъватчи «ҳаётни кескин яхшилай оладиган» ечимни – экстремизни таклиф қилади, деди у.

Тингловчилар экстремистларнинг сохта исломий қоидалари асосида ҳаёт кечирсалар, уларга моддий неъматлар (барака) келиши ҳақидаги гапларни эшитадилар, деди Раздикова. «Ёлловчилар моддий тушкунлик сабабли улар олдига келган одамларнинг онгини заҳарлайдилар».

«Манқуртлаштириш» ўз якунига етиши билан экстремистик ҳаракатлар учун тўлов ҳақидаги гап-сўзлар ҳам тугайди, деди у. «Одам қутулиб кетиш қийин бўлган тузоққа тушиб қолган бўлади».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бўлмаган гап, қишлоқларда 20 минг тенгега (54 доллар) яшаётган одамлар бор

Жавоб бериш