РОҒУН – Тожикистон давлат раҳбари Эмомали Раҳмон 16 ноябрь, жума куни дунёдаги энг баланд гидротехника иншоотига айланиши кутилаётган Роғун тўғонини тантанали равишда очиб берди.
3,9 миллиард долларлик лойиҳа Тожикистонни Марказий Осиёдаги асосий энергия ишлаб чиқарувчисига айлантиради. Бу эса ночор бўлиб қолган мамлакатга ички энергия тақчиллигини йўқотиб, Афғонистон ва Покистонга электр энергияси экспорт қилиш имконини беради.
Помир тоғлари олдида бўлиб ўтган тантанали маросимда катта рамзий тугмани босар экан, Раҳмон Роғун ГЭС таркибидаги олти агрегатдан бирининг ишга туширилганини нишонлади.
«Ҳамюртларимизнинг узоқ кутган орзулари амалга ошди», деди у кечки байрам мушакбозлиги олдидан. «Бу воқеа тожик халқининг тарихига зарҳал ҳарфлар билан муҳрланади».
Миллий бош кийимдаги эркаклар мамлакат байроғини ҳилпиратганча, Роғунни мадҳ қилувчи қўшиқларни куйладилар.
Тожикистон иқтисодиётини ислоҳ қилиш
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Кирилл Мюллер маросимда Роғун тўғони Тожикистон иқтисодиётини ислоҳ қилишга ва фаровон келажак учун пойдевор яратишга ёрдам беришини айтди.
Электростанция 10 йил ичида тўлиқ қуриб битказилгач, учта атом электростансиясига тенг қувват – 3600 МВтгача электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Иншоот ночор ҳолатда қолган, қарийб 9 миллион кишилик аҳолига эга собиқ совет республикасида электр энергияси ишлаб чиқаришни икки бараварга оширишга ва шу билан мамлакатдаги энергия тақчиллигини оз бўлса-да бартараф этишга имкон беради.
Мамлакат ўз эҳтиёжларидан ортган электр энергиясини қўшни мамлакатлар, хусусан Афғонистон ва Покистонга сотиши мумкин.
Тожикистон жанубидаги Вахш дарёсида жойлашган ГЭС қурилиши якунлангач, унинг баландлиги 335 метрга етиши кутилмоқда. У жаҳонда шу турдаги энг баланд гидроэнергетик иншоот бўлади.
Бугунги кунда Италиянинг Salini Impregilo компанияси назоратида барпо этилаётган Роғун улкан қурилиш майдонига айланган бўлиб, Вахш оқими ўзгартирилган тошлоқ ерлардан иборат.
2016 йилда Раҳмон президентнинг режага қай даражада содиқ эканини кўрсатиш мақсадида шахсан ўзи бульдозер рулига ўтирган эди. 2017 йилда Тожикистон иншоот қурилишини молиялаштириш учун биринчи халқаро облигациялардан 500 млн. АҚШ доллари жалб қилган.
Ҳукумат лойиҳа авж палласида кейинги қурилишлар учун маблағ олиб келишига умид қилмоқдалар.
Иккинчи агрегат келаси йил ишга туширилади.
Атроф-муҳитга оид хавотирлар
Ушбу лойиҳа 90-йиллардаги фуқаролар уруши вақтида кўплаб фуқаролари ҳалок бўлган мамлакат учун улкан аҳамиятга эга.
Роғуннинг баландлиги режалаштирилганидек 335 метрга етадиган бўлса, у яқинда Хитойда барпо этилган Жинпинг-1 тўғонидан 30 метрга, совет даврида барпо этилган Вахш дарёсидаги бошқа бир ГЭС - Нурекдан 35 метрга баландроқ бўлади.
Бироқ, лойиҳанинг хавфли жиҳатлари ҳам йўқ эмас.
Кузатувчиларнинг огоҳлантиришича, Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСининг атроф-муҳитга таъсири билан қизиқмаяпти.
«У сейсмик фаол ҳудудда жойлашган. Қатор геологик тадқиқотлар бу шароитда бундай йирик тўғонни қуриш хавфли эканини кўрсатган», дейди Британиянинг Рединг университети географи Филиппо Менга AFP билан суҳбатда.
Бироқ, Раҳмон жума кунги нутқида ушбу муаммоларни четлаб ўтишга уриниб, тўғон қурилишида «барча зарурий меъёрларга риоя қилинганини» таъкидлаган.
Роғун Тожикистоннинг олтин калити ва шундай бўлиб қолади
Жавоб беришФикрлар 1