| Жиноят ва адолат

Қозоғистон наркотикларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш мақсадида интернет орқали аноним пул ўтказмаларини тақиқламоқчи

Ксения Бондал


Наркофуруш ва гиёҳвандлар мобил қурилмаларга ўрнатиладиган тўлов иловалари орқали деярли аноним тарзда фаолият юрита оладилар. (File)

Наркофуруш ва гиёҳвандлар мобил қурилмаларга ўрнатиладиган тўлов иловалари орқали деярли аноним тарзда фаолият юрита оладилар. (File)

ОЛМАОТА – Қозоғистон ҳукумати наркотрафикка қарши кураш бўйича янги қонун доирасида аноним тўловларни тақиқловчи чора-тадбирларни кўзламоқда.

Парламент қуйи палатаси 14 ноябрь куни тегишли қонун лойиҳасини биринчи ўқишда тасдиқлади. Лойиҳа қонун сифатида тасдиқланиши учун уни яна икки ўқишда кўриб чиқиш талаб этилади.

Шу куннинг ўзида ички ишлар вазири Калмуханбет Касимов депутатларга юзланиб, онлайн тўловлар мамлакат бўйлаб гиёҳванд моддалар тарқалишига имкон бераётгани борасида ўз хавотирларини билдирди.


Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари томонидан мусодара қилинган наша солинган қутилар, Олмаотадаги суд-тиббий экспертизаси маркази, 2009 йил май ойи. (Владимир Третяков)

Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари томонидан мусодара қилинган наша солинган қутилар, Олмаотадаги суд-тиббий экспертизаси маркази, 2009 йил май ойи. (Владимир Третяков)

«Ўтган йили биз наркотик тарқатиш билан шуғулланган 520 та сайтни, бу йил эса 3200 та сайтни ёпдик», деди у.

«Аноним тўловлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ 240 минг тенгегача (648 АҚШ доллари) маблағ юбориш мумкин. Биз бир ой аввал бу борада Қозоғистон Миллий банки ва Молия вазирлигига таклиф юбордик», деб айтган у депутатларга.

«Биз пул ўтказмалари шаффоф бўлиши учун бундай аноним тўловларни бекор қилиш таклифини билдирдик», деди у.

Муаммо мижозларда синтетик наркотик моддаларни почта орқали олиб кириш ва улар учун онлайн тўлов тизими бўлган QIWI Wallet орқали пул ўтказиш имкониятининг мавжудлигида, деб тушунтирди Касимов. Иккала вазиятда ҳам юборувчи томон анонимликни осонгина сақлаб қолиши мумкин.

«Бу биз фақат мижозларни қўлга оламиз деганидир», деди у.

Яна бир муаммо, технология билан доим бирга юриш муаммоси, чунки наркофурушлар ўз маҳсулотларининг тақиқланган моддалар рўйхатига тушмаслиги учун доим уларнинг таркибини ўзгартириб турадилар, деди у.

«Жорий йилда синтетик наркотик моддаларни олиб киришга оид 125 та жиноий иш қўзғатилган», деди Касимов депутатларга. Аммо қўлга олинган моддалар Қозоғистоннинг қора рўйхатида бўлмагани сабабли жиноий ишлар сони 89 тага қисқарган, деб қўшимча қилди у.

«Бу ўзгаришлар ҳукуматга бозорларда тезкорлик билан пайдо бўлаётган ва аввал тақиқланган моддаларнинг миллий рўйхатида мавжуд бўлмаган янги турдаги синтетик моддаларни зудлик билан тақиқлашга имкон беради», деди у. «Бу албатта самарадорликни оширади.»

Пул ўтказмаларини назорат қилиш

Наркофуруш ва гиёҳвандни жазолаш учун «тўловлар ҳаракатини кузатиш» муҳим, деди Кассимов.

QIWI Wallet, Yandex.Money ва WebMoney каби пул ўтказиш хизматлари юборувчи ва қабул қилувчиларга бир-бирлари ҳақидаги маълумотни ошкор этмаслик имкониятини беради, деди «FXPRIMUS» брокерлик фирмаси таҳлилчиси, олмаоталик Арман Бейсембаев.

Бу хизматлар орқали пул ўтказиш учун фойдаланувчилар виртуал ҳамёнларини мобил телефонга уласалар кифоя, бунда бошқа ҳужжатлар талаб этилмайди, деди у Карвонсарой нашрига.

«Пул ўтказиш учун банкка борсангиз шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва шу банкда ўз номингизга ҳисоб рақами очишингиз керак бўлади», деди Бейсембаев. «Бу йўл билан қаерга ва қанча маблағ юборилганини текшириш мумкин. Бунда QIWI Wallet ва Yandex.Money тизимларидаги каби анонимлик йўқ.»

Наркофурушларнинг аноним тўловлардан фойдаланишига сабаб, бу усул бизнесни осонлаштиради ва потенциал бозор географиясини кенгайтиради», деди у.

Шунингдек, кучли шифрлаш имкониятига эга бўлгани учун Телеграм иловаси наркотик моддаларни сотувчи ва олувчилар орасида машҳур, деди у.

«Шахссиз ўтказмалар» хавфсизликка таҳдид солмоқда

Аноним пул ўтказмалари жиноятчи ва ҳатто террорчилик фаолияти ривожланишига замин яратади, демоқда таҳлилчилар.

«Аноним пул айланмалари ҳажми жуда катта, аммо ҳеч ким аниқ рақамларни айтмайди, деди Бейсембаев. «Биз бу пулларни камайтириш ва уларни очиқлашимиз керак. Акс ҳолда жиноятчилар учун жуда яхши майдон яратилмоқда.»

Барча молиявий тўловлар шаффоф ва тушунарли бўлиши керак, дейди олмаоталик молиячи, «UNKOPPA» МЧЖ бош директори Алихан Канапия.

«Наркотиклар бутун жамият учун таҳдиддир . Интернет орқали аноним пул ўтказмалари нафақат наркотрафик, балки терроризмни ҳам авж олдиради», деди у.

«Қонуний мақсадларни кўзловчи ҳар қандай инсон ўз номи билан бемалол пул ўтказа олиши керак», деб хулоса қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

1
156
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат Captcha
Comment bubble | 2018-11-30

Нега бунчалиқ аҳмоқсизлар-а?

Жавоб бериш