Ахборот бюллетенимизга обуна бўлинг
Twitter
Facebook
Youtube
Rss
M.logo uz cyrl

2018-11-27 | Транспорт

«Air Astana» маҳаллий рейслар учун арзон авиакомпанияни ишга туширади


«Air Astana» стюардессаси йўловчиларни қарши олмоқда, август ойида олинган сурат. (Аir Astana)

«Air Astana» стюардессаси йўловчиларни қарши олмоқда, август ойида олинган сурат. (Аir Astana)

Айдар Ашимов

ОСТОНА – 2019 йилнинг биринчи ярмида «Air Astana» Қозоғистон ичида маҳаллий йўналишларда арзон рейсларни таклиф қилувчи янги «FlyArystan» компаниясини ишга туширади.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев матбуот хизматининг хабар беришича, «FlyArystan» паркида 180 эконом класс ўриндиқли А320 самолётлари бўлади.

Дастлаб авиакомпания ихтиёрида тўртта самолёт бўлади, 2022 йилга бориб эса уларнинг сони 15 тага етади, деб хабар берди «Air Astana».


«Air Astana» матбуот марказида ўтган тақдимотда янги «FlyArystan» авиакомпаниясининг логотипи намойиш этилди, 7 ноябрь. (Air Astana)

«Air Astana» матбуот марказида ўтган тақдимотда янги «FlyArystan» авиакомпаниясининг логотипи намойиш этилди, 7 ноябрь. (Air Astana)

«FlyArystan» Қозоғистоннинг қатор шаҳарлари ва келажакда бошқа давлатларга ҳам мунтазам парвозларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

«Air Astana»га лоукостер авиакомпанияни ташкил этиш учун олти ой керак бўлади», деди «Air Astana» вакили Тилек Абдрахимов Карвонсарой билан суҳбатда.

«Бундай тажрибани бюджет бўлинмаларни яратган бошқа катта авиакомпаниялар, жумладан, «British Airways» ва «Lufthansa» мисолида ҳам кўриш мумкин», деди у.

Арзон маҳаллий рейслар

Мижозлар янги арзон рейсларда катта маблағ тежашлари мумкин.

Мисол учун, «FlyArystan» рейсларида Остона ва Олмаота йўналишида чипта нархи 16 минг тенге (43 АҚШ доллари) бўлиши кутилмоқда. Ҳозир йўловчилар мазкур йўналиш учун 30 минг тенге (80 АҚШ доллари) ёки ундан ҳам кўп сарфлайдилар.

«Йўловчилар анчагина пул тежашлари мумкин», дейди Остонада жойлашган «World Travels Astana» сайёҳлик агентлиги менежери Руслан Асханов Карвонсарой нашрига.

Туристик агентликлар раҳбарлари ва тегишли давлат идоралари Қозоғистонда арзон нархли авиакомпания яратилишини анчадан бери муҳокама қилиб келар эди, деди у.

«Таом ва юклар учун алоҳида пул тўланади, бу лоукостер авиалиниянинг ўзига хос модели», деди у. «Масалан, Остонадан Таразгача 1,5 соатлик йўл. Агар йўловчи овқатланмаса ва юки кам бўлса, бошқа авиакомпанияларда тўлайдиган пулининг ярмини тўлайди, холос.»

Илк рейслар 2019 йил ўрталарида амалга оширилади, аммо чипталар келгуси йилнинг март ойидан сотувга чиқади, деб маълумот берган Хабар телеканали.

Остоналик 35 яшар аёл Гузел Зарипова янги авиакомпания рейсларида учиб кўришни сабрсизлик билан кутмоқда.

«Фарзандларим, ота-онам ва ўзим бир йилда икки-уч марта Остона-Олмаота йўналишида парвоз қилиб турамиз», деди у Карвонсарой нашрига.

Зарипова авиакомпанияга ва рейс вақтига қараб ҳар бир чипта учун 30-40 минг тенге (80-107 АҚШ доллари) тўлайди. Янги арзон авиалиния эса харажатларни деярли ярмига қисқартиради.

Фуқаролик авиациясидаги ислоҳотлар

Янги авиакомпаниянинг ташкил этилиши Қозоғистонда фуқаролик авиациясини ислоҳ қилиш ва рейслар йўналишини кенгайтириш билан бир вақтга тўғри келди.

Фуқаролик авиацияси қўмитаси хабарига кўра, Қозоғистон аэропортлари 2018 йилнинг 10 ойида 12,7 миллион йўловчига хизмат кўрсатган. Шулардан 6,8 миллиони Қозоғистон авиакомпаниялари хизматларидан фойдаланган.

«Қозоғистон Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилотининг аудитидан муваффақиятли ўтди», деган эди Олмаотадаги «Айнара-Тур» сайёҳлик агентлиги директори ўринбосари Андрей Волобуев март ойида Карвонсарой нашрига.

Синовлар ҳеч қандай чекловларсиз Қозоғистонга янги авиайўналишларни очишга имкон беради. Жумладан, Европага ҳам узлуксиз рейсларни амалга ошириш мумкин бўлади, деди у.

Сентябрь ойида Вашингтонга ташрифи чоғида Қозоғистон делегацияси АҚШ расмийлари билан Қозоғистон ва АҚШ ўртасида узлуксиз рейсларни йўлга қўйиш бўйича музокара олиб борган эди. Ҳозирда бу борадаги саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 4

Фикрлар 0

Captcha