Ахборот бюллетенимизга обуна бўлинг
Twitter
Facebook
Youtube
Rss
M.logo uz cyrl

2018-11-28 | Атроф-муҳит

Бишкек расмийлари ифлосланиш даражаси мониторингини яхшилаб, қонунбузарларни жаримага тортадилар


Қирғизистон пойтахти узра пайдо бўлган смог, 2017 йил, ноябрь. Сурат Бишкекдаги нодавлат экологик ташкилот – «MoveGreen» веб-саҳифасидан олинган. (MoveGreen)

Қирғизистон пойтахти узра пайдо бўлган смог, 2017 йил, ноябрь. Сурат Бишкекдаги нодавлат экологик ташкилот – «MoveGreen» веб-саҳифасидан олинган. (MoveGreen)

Канат Алтинбаев

БИШКЕК – Бишкек шаҳар кенгаши ҳаво ифлосланишини мониторинг қиладиган қўшимча экологик ускуналарни ўрнатиш жараёнини бошлади, деб хабар берди душанба, 26 ноябрь куни 24.kg қирғиз нашри.

Шаҳар ҳокими ўринбосари Бакитбек Дюшембиевнинг сўзларига кўра, янги ўлчов ускуналари учта жойга ўрнатилади. Улар Бишкекнинг қайси ҳудудида ҳавонинг ифлосланиши кучайганини аниқлашга имкон беради, деди шаҳар кенгаши аъзоси Увазарбек Адилбеков.

«Биз смог билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган чораларни камайтириб, уларнинг самарадорлигини ошириш имконига эга бўламиз», деди Адилбеков.

Аҳоли «нафас ололмаяпти»

Сўнгги йилларда экологик ташкилотлар Бишкекда ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ муаммони жамоатчилик орасида энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бирига айлантирдилар.

Airkaz.org сайти маълумотига кўра, Бишкекда ҳавонинг ифлосланганлик даражаси рухсат этилган меъёрдан анча юқори. Airkaz.org – Бишкек ва Қозоғистоннинг бир нечта шаҳарларида жойлашган ўлчов ускуналардан олинган маълумотларни реал вақт режимида кўрсатувчи Қозоғистондаги мустақил лойиҳадир.

Экологик оқибатларни энг кўп ҳис қиладиган шаҳарнинг шимолий туманлари аҳолиси ҳукуматдан зудлик билан чора кўришни талаб қилмоқда.

«Ташқарига чиққинг келмайди, куйинди ҳид димоғингга уради», дейди Қуйи Ала-Арчада яшовчи Медет Суранчиев Карвонсарой билан суҳбатда.

«Мен шаҳар чеккасида яшайман, бу ерда хусусий уй-жойлар кўп», деди у. «Совуқ тушганда одамлар уй иситиш учун кўмир, баъзида эса чиқинди ёқишади. Нафас олиб бўлмай қолади.»

Қонунбузарларга жарима солиш

Бишкек шаҳар кенгашининг бир нечта аъзоси смог муносабати билан пойтахтда фавқулодда вазият жорий қилиш таклифини берган.

Аммо, Бишкекда бунга асос йўқ, сабаби шаҳардаги ҳавонинг ифлосланганлик даражаси рухсат этилган кўрсаткичдан унча ошмаган, дейди ҳоким Азиз Суракматов.

Қонунбузарлар резина, чиқинди ва ҳатто текстиль фабрикалардан чиққан мато қийиқларини ёқишмоқда, деган у 24.kg нашри хабарига кўра. Бишкекда уйларни ва ҳатто жамоат сауналарини иситиш учун чиқиндиларни ёқиш кенг тарқалган.

«Биз бундай ҳолатларга қарши кескин курашмоқдамиз», деди ҳоким.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари Бишкекдаги сауналарда фаол рейд ўтказмоқда ва кўмир ёки бошқа ёнилғига пул сарфлаш ўрнига мато қийиқларини ёқаётганларга жарима солмоқда, деб хабар берган Кактус Медиа нашри 20 ноябрь куни.

Чора кўриш талаб этилади

Бишкекдаги экологик муаммоларга кўп омиллар таъсир қилади, дейди бишкеклик эколог Улан Исмаилов.

Бу омиллар қаторига автотранспорт тутуни, кўмирда ишлайдиган иссиқлик электр марказлари ва уйларни иситиш мақсадида кўмир ҳамда токсик чиқиндиларни ёқувчи хонадонлар киради, деди у.

У ҳукуматни экологик муаммога кўпроқ эътибор қаратишга чақирди.

«Барчамиз – экологлар, фуқаролар ва расмийлар экологик муаммоларга ҳушёрлик билан қарашимиз ва шаҳардаги ҳолат бўйича жавобгарликни зиммамизга олишимиз керак», деди Исмаилов Карвонсарой нашрига.

«Бу энг асосий муаммо бўлишига қарамай, ортга сурилмоқда ва бу хато», деди у.

«Ҳукумат расмийлари иштирокида оммавий муҳокамалар ўтказишимиз керак, зарурий ечимларни ишлаб чиқишимиз лозим», деди Исмаилов.

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 4

Фикрлар 0

Captcha