Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистон Сурия ва Ироқдаги фуқароларини қайтариш чораларини кучайтирмоқда

Ксения Бондал

«Ислом давлати» (ИД) гуруҳининг ташвиқот видеолавҳасидан олинган кадрда жангариликка тайёрланаётган қозоғистонлик болакай акс этган. (Файл)

«Ислом давлати» (ИД) гуруҳининг ташвиқот видеолавҳасидан олинган кадрда жангариликка тайёрланаётган қозоғистонлик болакай акс этган. (Файл)

ОЛМАОТА – Қозоғистон ҳукумати Сурия ва Ироққа чиқиб кетган фуқароларини қайтариш бўйича махсус ишчи гуруҳини тузиш ва бу борадаги режаларини амалга оширишга киришди.

Ишчи гуруҳ бундай фуқароларнинг қариндошлари билан иш олиб боради, уларни уруш ҳудудларидан топиб, ўзлари ва оилаларини уйга қайтариш билан шуғулланади. Бу ҳақда 23 ноябрь куни мамлакат ижтимоий ривожланиш вазирлиги маълум қилди.

Ижтимоий ривожланиш вазири Дархан Калетаев ва бошқа давлат органлари вакиллари сўнгги йиллар давомида Сурия ва Ироққа кетган фуқаролардан бир нечтасининг ота-онаси билан учрашган.

Адашганлар яқинлари ёрдамида тўғри йўлга қайтарилади

Остонадаги геосиёсий тадқиқотлар институти директори Асилбек Избаировнинг сўзларига кўра, хориждагилар алоқага чиққан пайтда қариндошлари бу ҳақда хабар бериб, уларни уйга қайтаришга ёрдамлашиши мумкин.

Экстремистик ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу суратда «халифалик болалари» деб аталадиган «Ислом давлати» сафидаги жангари болалар акс этган. (Файл)

Экстремистик ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу суратда «халифалик болалари» деб аталадиган «Ислом давлати» сафидаги жангари болалар акс этган. (Файл)

«Улар зўравонлик мафкураси билан заҳарланган яқинларининг тўғри йўлни топиши ва анъанавий Исломга қайтишига ёрдам беришлари, шунингдек, уларни ўз уйларига қайтаришда кўмакчи бўлишлари мумкин», деди у Карвонсарой билан суҳбатда.

Бундай чоралардан кўзланган яна бир мақсад, Ироқ ва Сурияга кетганларнинг Қозоғистонда қолган қариндошларини радикал ғоялар таъсиридан сақлашдир.

Зеро, таъсир икки тарафлама бўлиши мумкин, деб қайд этди у.

Шундай бўлса-да, кимнингдир Ироқ ёки Сурияга чиқиб кетгани унинг қандайдир террорчилик ҳаракати содир этганини англатмайди, дейди Избаиров.

Бундай кимса фақат кимнидир ўлдирса ёки бевосита жангларда иштирок этсагина жиноят содир этган ҳисобланади, деди у.

Бундан ташқари, радикаллашган фуқаролар уруш ҳудудига кўпинча ўз аёллари ва фарзандлари билан чиқиб кетадилар, уларнинг эса «террорчиликка ҳеч қандай алоқаси бўлмайди», деди Избаиров.

«Агар вазирлик бу борадаги режаларни амалга ошира олса ва бу одамларни ватанига қайтариб, улар билан диний ва маънавий иш олиб бориш имконияти мавжуд бўлса, албатта, бу ишни амалга ошириш зарур», деди у.

Муҳим жараён

Бу каби махсус гуруҳ аввалроқ – қозоғистонликлар Сурияга чиқиб кетишни бошлаган 2014 йилдаёқ тузилиши керак эди», деб ҳисоблайди Марказий Осиё стратегик тадқиқотлар институти директори Анна Гусарова.

Қозоғистон экстрадицияга оид қатор қонунларни имзолаган ва ўз фуқароларидан – улар террорчилик жиноятлари содир этган тақдирда ҳам – воз кеча олмайди, деди у Карвонсаройга берган интервьюсида.

Суриядаги қозоқ фуқароларининг аниқ сонини билиш имконсиз, сабаби бу борадаги рақамлар турлича, деди у.

«У ердаги радикалларнинг аёллари ва болалари-чи, уларнинг сони қанча? Айниқса, уруш ва зўравонлик муҳитида ўсаётган ёш болалар муаммоси долзарб бўлиб турибди.»

Радикаллашган ва қўлларига қурол олган болалар масаласи алоҳида эътибор талаб қилади, деди Гусарова.

«Уларни нима қилишимиз керак? Бу гуруҳ билан ишлаш жуда муҳим», деди у.

Гусаровага кўра, радикаллашган фуқаролар муаммоси билан кўплаб мамлакатлар шуғулланмоқда.

«Жумладан, Марказий Осиёда Ўзбекистон илгари сураётган ташаббусга кўра, жанговар ҳаракатларда иштирок этмаганлар ва экстремистик ташвиқот олиб бормаганларни авф этиш кўзда тутилмоқда», деди у.

Ноябрь ойи бошида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Тошкентда экстремизм ва терроризмга қарши кураш масаласига бағишланган анжуман ўтказди.

«Тадбирда бузғунчи ғоялар эгаларининг осойишта ҳаётга қайтиши, жамият уларни қайта қабул қила оладими ёки тамға босадими каби масалалар муҳокама этилди», деди у.

«Муҳими, уларни шунчаки Қозоғистонга эмас, балки нормал ҳаётга қайтариш», деди Гусарова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500