Ахборот бюллетенимизга обуна бўлинг
Twitter
Facebook
Youtube
Rss
M.logo uz cyrl

2018-12-05 | Хавфсизлик

НАТО иттифоқчилари: Москвага ядровий қуроллар бўйича шартномани сақлаб қолишга сўнгги имконият берилмоқда


Россия президенти Владимир Путин G20 раҳбарлари саммитида, 30 ноябрь куни Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида олинган сурат. (Людовик Марин/AFP)

Россия президенти Владимир Путин G20 раҳбарлари саммитида, 30 ноябрь куни Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида олинган сурат. (Людовик Марин/AFP)

Карвонсарой ва AFP

МОСКВА – Россия 60 кун ичида шартномага зид бўлган ракеталарни йўқ қилмас экан, АҚШ совуқ уруш даврининг энг йирик битимларидан бўлган Ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталар шартномасидан чиқишини айтиб таҳдид қилгач, барчанинг эътибори Москвага қадалди.

Москва қуролланиш мусобақасини бошлаб юборган тизимини тўхтатмас экан, Вашингтон 1987 йилда имзоланган Қисқа ва ўрта масофага учувчи ракеталар (INF) шартномасидан воз кечади, деди давлат бош котиби Майк Помпео.

«Россия шартномани жиддий равишда бузди»

«АҚШ Россиянинг шартномани қўпол равишда бузаётганини эълон қилмоқда, агар Россия 60 кун ичида битим талабларини бажармайдиган бўлса, биз ҳам ўз жавобгарлигимиздан воз кечамиз», деди Помпео сешанба (4 декабрь) куни НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари билан бўлган суҳбатдан сўнг.


Россия аскарлари «Искандер-М» баллистик ракетасини учиришга тайёрланмоқда, сурат май ойида Астраханда олинган. Қисқа ва ўрта масофага учувчи ракеталар (INF) шартномасига зид келувчи SSC-8 номи билан танилган 9М729 ракетаси «Искандер»га ўхшаш эканлиги гумон қилинади. (Россия мудофаа вазирлиги)

Россия аскарлари «Искандер-М» баллистик ракетасини учиришга тайёрланмоқда, сурат май ойида Астраханда олинган. Қисқа ва ўрта масофага учувчи ракеталар (INF) шартномасига зид келувчи SSC-8 номи билан танилган 9М729 ракетаси «Искандер»га ўхшаш эканлиги гумон қилинади. (Россия мудофаа вазирлиги)

«Россиянинг ҳатти-ҳаракатлари Америка, унинг иттифоқчилари ва ҳамкорларининг миллий хавфсизлигига жиддий путур етказмоқда», деди у. «Қўшма Штатларнинг Россия қонунбузарлигига жавоб қайтариш имконини чекловчи шартномада қолишидан ҳеч қандай маъно йўқ.»

«Глобал қуролланиш назоратининг пойдевори ҳисобланган битимни сақлаб қолиш энди «Россиянинг қўлида» деди НАТО.

Қўшма Штатлар ва унинг НАТОдаги иттифоқчиларига кўра, Россиянинг SSC-8 номи билан танилган 9М729 тизими INF шартномасига зид. Битим ердан 500 дан 5500 километр масофагача уча оладиган ракеталарни тақиқлайди.

Россиянинг ядровий салоҳиятга эга қанотли ракеталарини аниқлаш қийин, улар ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз Европа шаҳарларига етиб бориши ва бу билан қитъадаги мувозанатни кескин ўзгартириб юбориши мумкин, деб хабар беради НАТО.

НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг сўзларига кўра, Россияда битим шартларини бажаришга сўнгги имконият қолган бўлса-да, «дунё шартномасиз вазиятга тайёргарлик кўриши лозим».

АҚШнинг собиқ президенти Рональд Рейган ва Совет Иттифоқининг охирги раҳбари Михаил Горбачев томонидан имзоланган INF шартномаси маълум бир тоифадаги қуролларни йўқ қилишга қаратилган илк ҳужжат бўлган.

«Бу ҳақиқатда ҳам қурол назоратининг энг аъло мисоли бўлган ва унинг тўхтатилиши катта йўқотиш бўлади», деди Столтенберг.

«Биз INF шартномасининг тугатилишига гувоҳ бўлишимиз мумкинлигидан афсусдаман, аммо бир вақтнинг ўзида бундан бошқа чорамиз ҳам йўқ.»

Шартномани сақлаб қолиш «Россиянинг қўлида»

Агар Россия белгиланган 60 кун ичида битим шартларига риоя қилишга қайтмаса, Қўшма Штатлар INF шартномасидан расмий равишда чиқиш учун белгиланган 6 ойлик жараёнини бошлаб юборади.

Унгача эса Қўшма Штатлар битимга зид бўлган «ҳеч қандай тизимни синамайди, ишлаб чиқармайди ва қўлламайди», деди Помпео.

Аммо, Қўшма Штатларда «бундай муҳим ҳарбий имкониятни рақобатдош кучларга топширишга» ҳеч қандай сабаб йўқ, деди у.

Ўтган 5 йил ичида Вашингтон камида 30 маротаба Россиянинг олий даражадаги раҳбариятига SSC-8 борасидаги хавотирларини етказган, аммо бунга жавобан фақат раддиялар, ноаниқликлар ва қарши даъволарни эшитган холос, деди Помпео.

АҚШ давлат департаментининг сешанба кунги баёнотга кўра, у «Россиянинг мазкур масалани ҳал қилиши учун Москвага етарлича маълумот берган».

Маълумотда ракетанинг синов тарихи, ракета ва уни учириш мосламасини ишлаб чиқиш ва яратишда иштирок этган компания номлари каби тафсилотлар мавжуд, деб хабар берган АҚШ давлат департаменти.

НАТО иттифоқчилари Қўшма Штатларнинг позицияси қўллаб-қувватладилар ва қўшма баёнотда «INF шартномасини сақлаб қолиш энди Россиянинг қўлида», деб баён қилдилар.

«Иттифоқчилар Қўшма Штатлар ва бошқа тарафлар риоя қиладиган, Россия эса унга қарши борадиган шартноманинг барқарор эмаслигини таъкидламоқдалар», дейилади баёнотда.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дрианнинг таъкидлашича, давлатлар «қатъий ва биргаликда ҳаракат қилишлари керак», агар шартнома тўхтатилса, жавобгарлик Москва зиммасида бўлиши ҳақида огоҳлантиришлари лозим.

«INF шартномаси 30 йилдирки, Европа ҳудудида тинчлик ва хавфсизлик кафолати бўлиб хизмат қилиб келган», деди ЕИ бош дипломати Федерика Могерини чоршанба (5 декабрь) куни НАТО давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан музокара ўтказиш учун келган вақтида.

«У тўлиқ амалга киритилиши лозим. Шу сабабдан ҳам, умид қиламанки, томонлар шартномани сақлаб қолиш ва унинг бажарилишини тўла таъминлаш учун вақтдан оқилона фойдаланадилар. Биз, албатта, бунга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз», деди у.

Москва даъволарни рад этмоқда ва айбни бошқаларга юкламоқда

«Москванинг INF шартномасига амал қилмаганини кўрсатувчи яққол далиллар ва халқаро ҳамжамиятнинг огоҳлантиришларига қарамай, Россия ўз мажбуриятларидан бўйин товлашда давом этмоқда.

«Асоссиз айбловлар яна такрорланмоқда», деди чоршанба куни Россия ТИВ вакили Мария Захарова.

«Американинг бу позициясини қўллаб-қувватловчи ҳеч қандай исбот тақдим этилмади», деди у 27 ноябр куни Нидерландия томонидан келтирилган аниқ далилларга қарамай.

Ўз навбатида Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бошқа тарафни айбдор қилишга уриниб, фактлар «АҚШнинг шартномадан чиқиш сабабини яшириш мақсадида» бузиб кўрсатилганини иддао қилди.

Россия президенти Владимир Путин АҚШнинг INF шартномасидан чиқиш режасини «пухта ўйланмаган» деб атар экан, айбни қарши тараф зиммасига юклади ва Москва ҳам Вашингтоннинг йўлидан бориши ҳақида огоҳлантирди, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси.

«Бунга қандай жавоб берамиз? Жавоби оддий: биз ҳам худди шу ишни қиламиз», деди у.

Путин ядровий хавфсизликка нисбатан ўзининг ҳазиломуз муносабатини яшириб ўтирмади.

18 октябрь куни Путин ядро уруши юз берган тақдирда «Биз агрессия қурбонлари, жафокашлар сифатида жаннатга тушамиз, улар (тажовузкорлар) эса тавба қилишга ҳам улгурмай шунчаки ўлиб кетадилар», деб ҳазиллашган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 17

Фикрлар 4

Captcha
Comment bubble | 2018-12-10

Россиянинг ўзининг сўнгги имкониятини бой бериб бўлган, Қримни ўзининг ҳаққоний эгаси бўлган Украинага узр сўраб қайтариш керак эди. Бу иш вақтида амалга ошмади, энди эса нимадир қилиш учун кеч бўлди.

Жавоб бериш
Comment bubble reply | 2018-12-13

Киримга хич ким айтгани йук бизга кушилгин дип узи шуни хохлади украина химоя килолмади

Жавоб бериш
Comment bubble | 2018-12-07

НАТОда даф бўлиш учун сўнгги имконият бор. Тириклигида...

Жавоб бериш
Comment bubble | 2018-12-06

Пукиндан ниманиям кутиш мумкин. Ўз кибри ва ўтган «Россия империяси қудрати» ҳақидаги ҳаваслари билан давлатни батамом йўқ қилади. Бутун дунё билан (Украина, Сурия, Ливия, МАР ва яна Худо билади қаерларда) уруш-уруш ўйнамасдан, Узоқ шарқ ва Сибирнинг ривожланишига сармоя киритгани маъқул эди. Бир нарсани ҳеч тушунгиси келмайди: БАРЧА ИМПEРИЯЛАР БИР КУН КEЛИБ ҚУЛАЙДИ!! Британия империяси қандай эди, ҳозир қайда? Ёки Темур, Бобур, Чингизхон, Византия, Рум, Искандар империялари қаерда... Ўтмиш эмас, бугунги кун билан яшаш керак.

Жавоб бериш