Карвонсарой
Атроф-муҳит

Қирғизистонга иқлим ўзгариши оқибатларини енгиш учун 10 млн. доллар ажратилади

Канат Алтинбаев

USAID Қирғизистондаги фермер аёлларга йил бўйи иссиқхоналарда сабзавот етиштиришга ёрдам беради. 2017 йилнинг октябрь ойида олинган суратда Норин вилоятининг Куланак қишлоғидаги иссиқхоналардан бири акс этган. (АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси)

USAID Қирғизистондаги фермер аёлларга йил бўйи иссиқхоналарда сабзавот етиштиришга ёрдам беради. 2017 йилнинг октябрь ойида олинган суратда Норин вилоятининг Куланак қишлоғидаги иссиқхоналардан бири акс этган. (АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси)

БИШКЕК – Марказий Осиёда иқлим ўзгариши олдида энг заиф мамлакатлардан бири бўлган Қирғизистон фермерларга ушбу муаммога қарши курашга кўмаклашиш учун халқаро донорлар ёрдамини қабул қилмоқда.

Жанубий Кореядаги Яшил иқлим жамғармаси (GCF) иқлим ўзгаришига мослашиш чоралари учун Қирғизистонга 10 млн. АҚШ доллари (698,5 млн. қирғиз сўми) ажратишни ваъда қилди. Бу ҳақда 4 декабрь куни БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг Қирғизистон бўйича раҳбари Андреа Баньоли журналистларга маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, GCF ривожланган ва ривожланаётган давлатлардан маблағ йиғиб, уларни иқлим ўзгаришларига сезгирлиги юқори бўлган мамлакатларга йўналтиради, деб ёзади 24.kg нашри.

БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури мазкур лойиҳани Қирғизистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги давлат агентлиги билан биргаликда амалга оширмоқда.

Норин вилояти фермерлари биогумус - экологик соф ўғит ишлаб чиқаришни ўргандилар, май ойи. (Бишкек экологик ахборот хизмати)

Норин вилояти фермерлари биогумус - экологик соф ўғит ишлаб чиқаришни ўргандилар, май ойи. (Бишкек экологик ахборот хизмати)

Баньоли маблағнинг қачон ажратилиши ҳақида маълумот бермаган.

«Иқлим ўзгаришларини ҳар биримиз ҳис қиламиз. Шаҳарда яшовчилар учун бу шунчаки об-ҳавонинг ўзгариши бўлса, фермерлар учун – ҳосил, даромад ва келажакка таъсир қилувчи жиддий омилдир», деди Баньоли.

Ажратиладиган маблағлар қишлоқ хўжалиги экинларини сув тошқинлари ва селлардан ҳимоялаш учун ирригация инфратузилмасини яхшилаш, сув омборлари қуриш ва дарёлар қирғоқларини мустаҳкамлашга йўналтирилади.

Маҳаллий фермерларни ўқитиш ва янги технологияларни ўзлаштириш

Бундан ташқари, мутахассислар барқарор даромад олиши, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаши учун маҳаллий фермерларга инновацион қишлоқ хўжалиги технологияларидан фойдаланишни ўргатадилар.

«Лойиҳа доирасида метеорология хизмати фаолиятини яхшилаш ва мустаҳкамлаш ҳам кўзда тутилган», деди Баньоли. «Биз иқлим ўзгаришларига оид маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва уларни фермерларга тарқатиш билан шуғулланадиган саккизта станция ташкил этишга ёрдам берамиз.»

«Бу уларга қишлоқ хўжалигига оид ишларни янада самаралироқ режалаштиришга имкон беради», деди у.

Лойиҳа иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф бўлган Норин, Ўш ва Боткен вилоятларини қамраб олади.

Айтиз жоизки, Қирғизистоннинг жанубий вилоятлари қишлоқ хўжалиги соҳаси халқаро ташкилотлар ва АҚШ томонидан мунтазам равишда қўллаб-қувватлаб келинмоқда.

Июнь ойида Боткен вилоятининг Учқўрғон қишлоғида меваларни қайта ишлашга ихтисослашган «Interfruit» Қирғизистон-Тожикистон қўшма корхонаси ишга тушди. Завод фаолияти янги жиҳозлар сотиб олишга ёрдамлашган АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) молиявий кўмаги асосида йўлга қўйилди.

Ўтган йили «Agro Horizon» лойиҳаси доирасида USAID Ўш ва Норин вилоятларидан бўлган 15 нафар фермер аёлга иссиқхоналарда сабзавот етиштиришни ташкил этишга кўмаклашган эди.

Сентябрь ойида якунланган лойиҳа доирасида умумий майдони 1800 квадрат метр майдонда иссиқхона хўжаликлари ташкил этилди. Натижада фермер аёллар томонидан сотиш учун йил бўйи бодринг ва помидорлар етиштирилмоқда.

Қирғизистон – иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда

Қирғизистон Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришлари олдида учинчи энг заиф мамлакат ҳисобланади. Бу, энг аввало мамлакат қишлоқ хўжалиги тизимларининг сезгирлиги сабаблидир, деб маълум қилган эди Кабар ахборот агентлиги апрель ойида Марказий Осиё университети тадқиқотларига асосланиб.

Бишкекдаги «АрчА ташаббуси» нодавлат экологик ташкилоти раҳбари Дмитрий Ветошкинга кўра, иқлим ўзгаришлари Қирғизистонда борган сари кўпроқ сезилмоқда.

«Мамлакатимизда қишлоқ хўжалик экинлари баҳорда қорлар, ёзда эса музликларнинг эриши натижасида суғорилади», деди у Карвонсарой билан суҳбатда. «Ерости сувлари тоғолди ҳудудлар тубида жойлашгани сабабли қудуқ тизимларидан фойдаланмаймиз. Ҳозирги пайтда қорлар ва музликлар эрийдиган вақтлар орасида жиддий сув танқислиги сезилмоқда.»

Унинг сўзларига кўра, иқлим мувозанати бузила бошлаган, шу сабабли ёз тобора иссиқ, қиш эса совуқроқ бўлиб бормоқда, баҳорда ёғингарчилик мўл бўлса, кузда қурғоқчилик кузатилмоқда. Буларнинг бари қишлоқ хўжалигига таъсир этмасдан қолмаяпти.

Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш учун ҳукуматда етарлича маблағ йўқ, дейди Чуй вилоятидан бўлган фермер Эсен Урманаев Карвонсаройга.

«Биз халқаро донорларнинг ёрдамига ишонамиз», деди у. «Умид қиламанки, улар мамлакат шимолидаги муаммоларга, хусусан, иссиқхоналарни зарурий технологиялар билан таъминлаш масаласига эътибор қаратадилар».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Салом, бу дастурда иштирок этишни истардим. Мен ҳам Иссиқкўл вилоятида яшайман.

Жавоб бериш

Хайрли тонг. Иссиқкўл вилояти ҳудудида яшайдиганлар учун бу дастур амал қиладими? Бу дастурда иштирок этишни жудаям хоҳлаймиз. Раҳмат

Жавоб бериш