Карвонсарой
Ёшлар

Олмаотада ёшлар орасида радикаллашувнинг олдини олишга бағишланган анжуман ўтказилди

Ксения Бондал

Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университети талабалари дарс жараёнида, Олмаота, 10 декабр. (Марина Михтаева)

Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университети талабалари дарс жараёнида, Олмаота, 10 декабр. (Марина Михтаева)

ОЛМАОТА – Марказий Осиё ёшлари орасида экстремизм даъватининг тарқалиши, жумладан, интернет орқали ташвиқотга қарши курашнинг синалган усуллари Олмаотада БМТТД томонидан минтақавий миқёсда ташкиллаштирилган тадбирда муҳокама қилинди.

3-4 декабр кунлари ўтказилган мазкур тадбир «Ёшларнинг жалб этилиши ва зўравонлик экстремизмининг олдини олиш – ўзаро боғлиқликнинг таҳлили» деб номланди.

Унда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Марказий Осиёнинг беш мамлакатидан турли ҳукумат идоралари, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар фаолларидан иборат манфаатдор томонлар иштирок этди.

Бу Марказий Осиёда терроризмга олиб борувчи зўравонлик экстремизмининг олдини олиш бўйича БМТТД лойиҳаси доирасидаги беш минтақавий мулоқотнинг иккинчиси бўлди.

6,4 миллион долларлик лойиҳа Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилиб, БМТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги идоралари томонидан амалга оширилмоқда.

Қозоғистондаги ёшлар қатламининг таркиби турлича, сабаби унинг аъзолари турли вилоятларда, шаҳар ва қишлоқларда яшайди, маълумоти ҳам бир хил даражада эмас, баъзилари қозоқ, бошқалари эса рус тилида сўзлашади, дейди Остонадаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институтининг бош илмий ходими Ирина Черних анжуманда қилган чиқишида.

Ушбу аҳоли қатламига мансуб гуруҳлар ичидаги қадриятлар ва феъл-атвор моделлари бир-биридан фарқ қилади, дейди у.

«Радикаллашув – индивидуал жараён», деди у. «Тақдиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, кимдир муайян вазиятларда радикализм таъсирига тушса, айни вақтда бошқа бир шахс худди ўша вазиятда ўз ҳаётини ўнглашга ва қонун доирасида ҳаракат қилишга интилади.»

«Жамият нуқтаи назаридан ўзини ғайритабиий тутадиган ҳар қандай шахсга алоҳида ёндашув – фаолиятимизнинг муҳим тамойилидир», дейди Черних.

Ёшларга мураббийлик қилиш ва улар билан ишлаш

Чернихга кўра, ҳар бир ҳолатга алоҳида ёндашув муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, ёшлар орасида радикаллашувини олдини олиш бўйича баъзи умумий амалиётлар ҳам самарали эканлиги исботланган.

Германия ва Скандинавия мамлакатларида менторлик амалиёти жуда яхши йўлга қўйилган, деди у. Ушбу амалиётга авваллари радикал бўлган, кейинчалик тўғри йўлга қайтган мураббийлар жалб этилиб, улар радикаллашув таъсири олдида заиф бўлган оилаларнинг фарзандлари билан иш олиб боради.

«Психологлар экстремистик мафкурага ва тажовузга мойил бўлган ёшлар зўравон ота ҳукмрон бўлган оилалардан келиб чиқишини аниқладилар», дейди Черних. «Мураббий бундай болаларни турли лойиҳалар ва спорт машғулотларига жалб қилайди ва улар билан бирга вақт ўтказади».

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон бу ёндашувни амалга оширишни кечиктирди, чунки у катта меҳнат талаб қилади ва қиммат.

Европада нодавлат ташкилотлар бу ташаббусларни кўнгиллиларга таяниб амалга оширадилар.

Британияда ислом динини қабул қилган қизлар билан ишлаш нодавлат ташкилотлар ходималари ва полициячи аёлларни жалб қилиш чоралари кўрилмоқда, деди Черних. Улар бу қизларнинг ҳуқуқларини тушунтирадилар ва уларда радикал мафкуранинг пайдо бўлиш-бўлмаслигини ота-оналари билан бирга назорат қиладилар.

Қирғизистондаги нодавлат ташкилотлари ёшларни жалб қилиш учун театрлаштирилган томошалардан фойдаланмоқда, деб қўшимча қилди у.

Чернихнинг айтишича, қирғизлар «ушбу амалиётларни самарали татбиқ этмоқдалар ва уларни маҳаллий даражада, айниқса, радикаллашув келиб чиқиши эҳтимоли бўлган муайян бир жамиятда қўлламоқдалар», деди Черних.

«Театрлаштирилган саҳна кўринишларига мактаблар ва маҳаллий нодавлат ташкилотлари жалб этилади» деди у. «Иштирокчилар томонидан сценарийлар ёзилиб, роллар тақсимланади. Болалар бу ролларни яхшироқ ижро эта оладилар. Бу кўп вақт оладиган ва сарф-харажатли меҳнат, лекин самаралидир.»

«Биринчи мудофаа чизиғи» одатда, полициячилардан иборат бўлиб, улар бевосита аҳоли билан мулоқотга киришиб, террорчилик фаолиятининг олдини олишлари мумкин. Чернихнинг айтишича, бу чизиққа, шунингдек, оналар ва ўқитувчилар ҳам киритилиши мумкин.

Сигнал қанча эрта олинса, радикаллашувни ҳам эрта бошқичда бартараф этиш мумкин бўлади. Бу ҳолатда психологлар ёрдамга келади, агар бола диндор бўлса, бу ишга жалб этилади. Бу жуда самарали усул, деди у.

Радикаллашувни аниқлаш ва олдини олиш

Олмаотада яшовчи 18 яшар Максим Загрансевнинг сўзларига кўра, ўзига ишончи бўлмаган йигитлар осонгина экстремистлар таъсирига тушиши мумкин.

«Мен шимини тўпиғидан қирқиб ташлаб, соқол қўйиб олган бир-икки йигитни биламан», деди у. «Ҳозир улар ҳамма билан Худо ҳақида сўзлашадилар. Аввал улар оддий йигитлар эди, ҳозир эса жуда ўзгариб кетишган – ҳатто кечаларга ҳам боришмайди».

«Улардан бири жияни туғилганида бу ҳодисани нишонлаш учун ресторанга боришдан бош тортди ... У ўз оила аъзолари билан деярли гаплашмай қўйган – чунки уларни нотўғри яшаяпти деб ҳисоблайди», деди Загрансев.

Экстремизм ёлловчиларининг қизлар билаш ишлаш тактикаси бундан фарқли, дейди у. «Уларни севги-муҳаббат ҳақида сўзлар билан жалб қилиб, сўнгра ўз қарашларини сингдириш осонроқ».

Ота-оналар фарзандлари дуч келадиган таҳдидлардан хавотирда эканликларини айтадилар.

Ёшлар гиёҳванд моддалар савдоси, жиноий гуруҳлар ва экстремистик ташкилотлар хавфи олдида заифдирлар, дейди мактаб ёшидаги уч ўғилнинг онаси, чимкентлик Алмагул Шайкенова.

«Биз улар билан ўқишлари, муаммолари, уларни ўраб олган муҳит ҳақида кўп гаплашамиз», деди у Карвонсарой билан суҳбатда. «Фарзандларимнинг мулоқот доираси мени ҳаммасидан ҳам кўпроқ қизиқтиради, сабаби мен болаларим учун жиддий хавотирдаман».

«Оиламиз диндор эмас, фарзандларим ҳам ўзига ўхшаганлар билан мулоқот қилади. Лекин, мен ОАВда террорчилар фақат диний қарашларга таянмаслиги ҳақида ўқиган эдим», деди у.

«Шу боис биз эрим билан ҳушёрликни йўқотмасдан, барчасини назорат қилиб турамиз. Ўғилларимизни атайин спорт тўгаракларига бердик, у ерда соғлом муҳит, яхши тренер бор. Ўйлайманки, бу уларни жиноят оламидан асрашга ёрдам беради», деди Амангул.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500