| Дин

Қозоғистон экстремистларга қарши позицияни қатъийлаштириб, реабилитацияга эътибор қаратмоқда

Канат Алтинбаев


Ғарбий Қозоғистон вилояти, Серебряково қишлоғида яшовчилар Айта Ота масжидида намоз ўқимоқдалар, сентябр. (Қозоғистон мусулмонлари диний идораси)

Ғарбий Қозоғистон вилояти, Серебряково қишлоғида яшовчилар Айта Ота масжидида намоз ўқимоқдалар, сентябр. (Қозоғистон мусулмонлари диний идораси)

ОСТОНА – Қозоғистон қўлга олинган зўравон экстремистлар, жумладан, Суриядан қайтганларни яхшироқ тушунишда муваффақиятли реабилитация чоралари ва халқаро мутахассислар тажрибасидан фойдаланмоқчи.

2011 йил бошидан бери 500 га яқин қозоғистонлик, шу жумладан, жангариларнинг аёллари ва фарзандлари «Ислом давлати» сафида жанг қилиш мақсадида Сурияга жўнаб кетган, деб хабар берди ташқи ишлар вазири ўринбосари Ержан Ашикбаев.

Ўтган икки йил давомида одамлар оқими деярли тўхтаган. 2017 йилнинг кузида ИД мағлуб бўлганидан кейин уларнинг кўпчилиги ўз ватанларига қайта бошлаган.


Тараз давлат университети талабалари 9 ноябрь куни Қозоғистон мусулмонлари диний идораси томонидан тақдим этилган исломий маърузаларни тингламоқдалар. (Қозоғистон мусулмонлари диний идораси)

Тараз давлат университети талабалари 9 ноябрь куни Қозоғистон мусулмонлари диний идораси томонидан тақдим этилган исломий маърузаларни тингламоқдалар. (Қозоғистон мусулмонлари диний идораси)

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Остонадаги дастурлари идораси 4-5 декабр кунлари зўравонлик экстремизмида айбланганлар, жумладан, чет элдан қайтган террорчи жангарилар ва уларнинг оила аъзолари билан ишлаш масаласига бағишланган семинар ўтказди.

Тадбирда турли ҳукумат идоралари, жумладан, Миллий хавфсизлик қўмитаси, Бош прокуратура қошидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш агентликлари академияси, Ижтимоий ривожланиш вазирлигидан йигирмата расмий ва фуқаролик жамияти аъзолари иштирок этди.

Семинар доирасида Британия таҳлилчилари ватанига қайтган террорчи жангарилар ва уларнинг оилаларини реабилитация қилишнинг самарали усуллари билан ўртоқлашдилар.

«Ватанига қайтган террорчи жангариларнинг аёллари ва фарзандларини жалб қилишда фуқаролик жамияти ва дастурлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилди», дейилади ЕХҲТнинг 12 декабр кунги хабарида.

Экстремизмга қарши қатъий позиция

Қозоғистон ҳукумати экстремистик ғояларни намойиш этаётганлар ва жангариларга қарши курашда қатъий ҳаракат қилмоқда.

2017 йил июл ойида президент Нурсултон Назарбоев террорчи гуруҳлар тузган ёки уларга қўшилган қозоғистонликларни фуқароликдан маҳрум қилиш ҳақидаги қонунни имзолаган эди.

Ҳукумат Суриядан қайтаётган фуқаролар билан ишлашда анъанавий усулларни қўлламоқда ва имкон қадар қатъийроқ чора кўрмоқда, деди Қозоғистоннинг Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича халқаро бюроси мутахассиси, олмаоталик Андрей Гришин.

Бундай фуқароларнинг аёллари ва фарзандлари ҳукумат томонидан кузатувда, мутахассислар уларнинг реабилитацияси ва Қозоғистон жамиятига қайтишлари устида ишламоқда, деди у Карвонсарой нашрига.

Жиддий ташвишга сабаб бўлаётган яна бир жиҳат – Исломнинг кескин ва радикал талқин қилинишидир.

Ўзларини «соф ислом» издошлари деб атайдиган, сони 19 минг атрофида бўлган салафийлар Қозоғистондаги энг йирик ноанъанавий гуруҳ ҳисобланади, дейилади 2017 йилда Zakon.kz нашри томонидан эълон қилинган норасмий маълумотда.

Салафийларнинг баъзи қатъий издошлари ислом душманлари деб ҳисобланган шахслар ва ҳукуматларга қарши «жиҳодни» қўллаб-қувватлайди.

Масалан, Қарағанда вилоятининг Жезқўрғонидан бўлган, ўзини салафий деб атовчи Асқар ИД сафида жанг қилиш учун Сурияга жўнаб кетган, деб хабар берган Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) 5 декабр куни.

Отаси Муҳамбеткали унинг олдига икки марта бориб келган ва уни ватанга қайтишда ундаган, аммо бу самара бермаган.

Вақт ўтиб, Асқар ўлган, унинг фарзандлари эса Сурияда қолиб кетган. Улар қаерда эканлиги номаълум. Маълумотларга кўра, Асқар Сурияда ИД сафида жанг қилган жезқўрғонлик ягона салафий эмас.

Анъанавий Исломга қайтиш

Бундай мисоллар экстремизм хавфидан дарак берса-да, салафийларнинг бошқа бир гуруҳи тинч, анъанавий ҳаёт кечиришга ҳаракат қилишларини айтадилар.

Оқтов шаҳридан бўлган ва бир неча йил Олмаотада яшаб, меҳнат қилган шундай инсонлардан бири шахсини очиқламаслик шарти билан Карвонсаройга ўзининг тинчликсевар салафийлардан эканини айтган.

«Бизнинг асосий тамойилимиз – ҳукуматга қарши чиқмаслик», деди у. «Биз ҳеч кимга тегмаймиз ва тинчгина ҳаёт кечирамиз.»

Остонада жойлашган «Аксилтеррор қўмита« жамоат бирлашмаси томонидан яқинда ўтказилган тақдиқотлардан маълум бўлишича, у ёки бу даражада диний мансубликни намойиш этадиган, жумладан, калта шим кийиб, узун соқол қўйиб юрадиган ҳамма эркаклар ҳам салафийликнинг экстремистик издошлари эмас.

«Уларнинг 80 фоизи билими саёзлиги сабаб йўлдан адашган одамлар экани маълум бўлди», деди «Аксилтеррор қўмита» республика жамоат бирлашмаси раиси Аманжўл Ўрозбоевнинг Карвонсаройга.«Маърузалар ва имомлар иштирокидаги тушунтириш ишлари ёрдамида бундайларни анъанавий Исломга қайтариш мумкин.»

«Улар анъанавий дин борасидаги янги билимларни бажонидил қабул қиладилар«, деди у.

«Қолганлар эса – онгли равишда муқобил оқимлар ҳақидаги билимларини кенгайтиришга уриниб, таниқли етакчиларнинг маърузаларини тинглаганлардир», деди у.

Ўрозбоевга кўра, жангариларнинг аёллари орасида радикал ҳаракатлар ақидасига мойил бўлганлар кам эмас.

«Улар билан ҳам тарбиявий ишлар олиб бориляпти, зеро бу мураккаб жараён – бир ёки икки учрашувда уларни анъанавий Исломга қайтариб бўмайди«, деди у.

«Айни вақтда аёллар билан ишлаш осонроқ», деди у аёллар ва эркакларнинг ИД борасидаги тажрибаси турлича бўлганига ишора қилиб. «Улар гўзал эртакларга ишониб Сурияга борганлар ва у ердаги барча негатив ҳолатларга гувоҳ бўлганлар.»

Сизга мақола ёқдими?

9
6
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha