http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/01/04/feature-02?language_switcher=true
| Таҳлил

2018: Марказий Осиёда муҳим воқеалар йили

Канат Алтинбаев

Туркийзабон мамлакатлар раҳбарлари 2018 йилнинг сентябрь ойида Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрига йиғилдилар. (Озарбайжон президенти расмий сайти)

Таҳлилчилар туркийзабон давлатлар саммитини ўхшаш маданият ва қарашларга эга мамлакатларнинг қудратли иттифоқи тимсоли деб атамоқдалар. (Озарбайжон президенти расмий сайти)

Ўтган йилнинг 16 май куни Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп (ўнгда) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни (чапда) қарши олмоқда. (Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси)

АҚШ президенти Дональд Трамп (ўнгда) 2018 йилнинг 16 январь куни Оқ уйда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев (чапда) билан қўл сиқишмоқда. Учрашувда қатор соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. (Қозоғистон президенти расмий сайти)

ОЛМАОТА – Кузатувчиларга кўра, 2018 йилда Марказий Осиёда минтақавий интеграция ва халқаро ҳамкорлик томон йўл очувчи жараёнлар бошланган ва улар кўп йиллардан бери мавжуд бўлган сиёсий тўсиқлар ва иҳоталаш сиёсатининг тугатилишига имкон яратган.

Улкан ютуқ

Минтақа етакчиларининг бутун йил давомидаги сермаҳсул учрашувлари Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга, ўз чегаралари ва қўшнилари билан муносабатларда тобора кўпроқ очиқликка интилаётган мамлакат – Ўзбекистон иштирокида ўтди.

Март ойида Остона Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондан иборат Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувига мезбонлик қилди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўтган йилнинг март ойида Остонада учрашув ўтказдилар. (Қозоғистон президенти расмий сайти)

Учрашувда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон раҳбари Сооронбай Жеенбеков, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон парламенти раиси Акжа Нурбердиевалар иштирок этдилар.

Сиёсий таҳлилчиларга кўра, бундай форматдаги учрашувда расмий қарорлар қабул қилиниши кўзда тутилмаган бўлса-да, унинг аҳамияти беқиёс, сабаби минтақа доирасида 10 йилдан ортиқ бу каби учрашувлар ўтказилмаган.

«Биз барча муаммоларни ўзимиз ҳал қилишимиз ва халқларимиз фаровонлигини таъминлашимиз керак», деди Назарбоев. «Учрашувдан мақсадимиз шу».

Бу Марказий Осиё лидерларининг россиялик ҳамкасбларисиз ўтказган илк учрашуви бўлди. Бишкеклик сиёсатшунос Марс Сариевга кўра, улар бу билан минтақанинг ўсиб бораётган мустақиллигини намоён этганлар.

«Авваллари Марказий Осиё мамлакатлари қудратли давлатларнинг объектлари сифатида, ички иттифоқлар, дейлик, Евро-Осиё иқтисодий иттифоқи ёки Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидагина учрашар эдилар», деди у Карвонсаройга. «Эндиликда Марказий Осиё давлатларининг ҳамжиҳатлиги янги, назоратчидан холи бўлган даражага кўтарилди».

Иштирокчилар ва кузатувчилар Мирзиёевнинг ушбу учрашувни ташкиллаштирганини юқори баҳолаб, ўзидан аввалги лидернинг сиёсатидан узоқлашгани ва келажак учун ҳамкорлик эшикларини очганини таъкидламоқдалар.

Унинг ўтмишдоши – марҳум Ислом Каримов даврида Ўзбекистон қўшниларидан узоқлашиб, чегара ва сув билан боғлиқ келишмовчиликлар гирдобига тушиб қолган эди.

Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш

15 март кунги учрашувдан сўнг, Марказий Осиё давлатларининг юқори мартабали вакиллари 20-22июнь кунлари Қирғизистонга йиғилдилар.

Беш мамлакат ташқи ишлар вазирлари Иссиқкўл вилоятининг Чўлпон ота шаҳрида учрашиб, бугунги кун воқеликлари, минтақавий ва халқаро масалалар ҳамда ҳамкорлик келишувларини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Улар шунингдек, 6 июль куни Остонада бўлиб, Қозоғистон пойтахтининг 20 йиллиги муносабати билан ўтказилган байрам тантаналарида иштирок этдилар.

Вазирлар Остонадаги янги архитектура объектларини кўздан кечириб, янги очилган Остона Халқаро молия маркази жойлашган «ЭКСПО» ихтисослаштирилган халқаро кўргазмаси павильонларига ташриф буюрдилар.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатлари ҳар бир расмий учрашув билан минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш томон янги қадам ташламоқдалар.

«Мамлакатлар орасидаги муносабатларда ҳақиқий ютуқлар кўзга ташланмоқда», деган эди Карвонсарой билан суҳбатда олмаоталик сиёсатшунос Талгат Исмагамбетов ташқи ишлар вазирларининг июль ойидаги учрашуви олдидан.

У Ўзбекистонни Қозоғистон ва Қирғизистон билан боғлайдиган транспорт келишувлари, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида виза тартибининг соддалаштирилиши, Ўзбекистон чегараларининг очилиши натижасида Марказий Осиёдаги барча давлатлар ўртасида савдо ҳажмининг ошганини тилга олди.

«Ҳамкорликни чуқурлаштиришга мойиллик яққол сезилмоқда», деди Исмагамбетов.

Туркийзабон давлатлар саммити

Сентябрь ойи бошида Туркий тилли давлатларнинг ҳамкорлик кенгаши Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида ўзининг 6-саммитини ўтказди.

Кенгашга аъзо давлатлар – Қирғизистон раҳбари Сооронбай Жеенбеков, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Туркия давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған саммитда мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни муҳокама қилдилар.

Мирзиёев ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан 3 сентябр кунги тадбирда фахрий меҳмон сифатида иштирок этдилар. Ўзбекистон Каримов даврида ушбу иттифоққа қўшилмаган эди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, саммит натижасида ўхшаш маданият ва қарашларга эга мамлакатларнинг янада кенг интеграциялашуви, ҳамкорлиги ва мустаҳкам иттифоқига умид пайдо бўлган.

Мамлакатлар мустаҳкам пойдевор яратмоқда, улар шунчаки учрашувлар ўтказиш билан чекланмай, бирлашиш йўлида аниқ чораларни амалга оширмоқдалар, дейди олмаоталик сиёсий таҳлилчи Ислом Кураев.

Улар икки томонлама муносабатларни янгилаб, қимматли тажрибалар билан ўртоқлашмоқдалар, деди у.

Туркия ташаббуси билан ўтказилган саммитда Ўзбекистоннинг бўлажак иттифоқ аъзоси сифатидаги иштироки муҳим аҳамиятга эга, деди Кураев Карвонсаройга. У туркийзабон давлатлар салоҳиятидан фойдаланиш турк дунёсини бирлаштиришда ҳақиқий ютуқларга олиб келиши мумкинлиги таъкидлади.

«Ушбу жараён ўн ёки йигирма йилга чўзиладиган бўлса ҳам, янги ғояларга эга янги авлод етишиб чиқади ва у ҳукуматлараро муносабатларга оид муаммоларни бошқа йўллар билан ҳал қиладиган бўлади», дейди Кураев.

Саммит 2-8 сентябрь кунлари Чўлпон отада ўтказилган 3-Бутунжаҳон кўчманчилик ўйинлари билан бир вақтга тўғри келди. Президентлар ушбу тадбирда иштирок этиш учун Қирғизистонга саммитдан бир кун аввал етиб келдилар.

Ўзбекистон ва Тожикистон: дўстлик ва ҳамкорлик

2018 йилда ўзаро яқинлашув билан боғлиқ энг катта воқеа Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида юз берди.

Оммавий ахборот воситалари «совуқ уруш» деб номлаган 20 йиллик даврдан сўнг, икки қўшни давлатнинг муносабатлари анча илиқлашган.

Дастлаб, март ойида, Мирзиёев Душанбега расман ташриф буюрди. Кейинроқ, августда Раҳмон Тошкентга ишчи ташриф билан келди ва икки раҳбар стратегик ҳамкорлик битимини имзолади.

Йиллар давомида Марказий Осиё давлатлари орасида бу икки мамлакатнинг ўзаро муносабатлари энг ёмон ҳолатда эди, бунга Тожикистон энергетика мустақиллигига эришиш мақсадида қуришни режалаган Роғун тўғони сабаб бўлган.

Оқимдан қуйироқда жойлашган Ўзбекистон эҳтимолий фалокатга олиб келиши мумкин бўлган тўғон борасида ўз хавотирларини билдириб келган, шу билан бирга, Тожикистоннинг бутун иқтисодиёт, жумладан, қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган сувни тўхтатиб қўйишидан ҳам хавфсираган.

2018 йилда икки давлат Тожикистонда иккита гидроэлектростанция қурилиши бўйича шартномани имзолаш билан узоқ давом этган можарога якун ясади.

Мирзиёевнинг дўстона ташқи сиёсати илиқликдаги асосий омилдир, дейди Москвадаги Россия халқлар дўстлиги университети аспиранти Комрон Раҳимов.

Тожикистон ва Ўзбекистон Афғон можароси ва ундан келиб чиқадиган хатарларга ечим топишда бирдек муҳим роль ўйнаши сабабли улар ўртасидаги муносабат жуда муҳим», деди тожикистонлик Раҳимов Карвонсарой нашрига.

Қўшма Штатлар билан стратегик ҳамкорлик

Ўтган йил давомида Марказий Осиё мамлакатлари ўз ташқи сиёсатларининг устувор йўналишларини очиқ намойиш этдилар ва бунда Қўшма Штатлар муҳим рол ўйнайди.

Ўтган йил январь ойида Вашингтонда Қозоғистон президенти Назарбоев ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг учрашувидан сўнг, икки мамлакат ўзаро стратегик ҳамкорликни кучайтиришини эълон қилди.

Иқтисодиёт, мудофаа ва хавфсизлик каби муҳим соҳаларда ҳамкорлик кўлами кенгайди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, учрашувдан сўнг Назарбоев ўз юртига жами қиймати 7 миллиард АҚШ долларига тенг 24 шартнома, жумладан Қозоғистон иқтисодиётига киритилажак АҚШ сармоялари билан қайтди.

Март ойида, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Афғонистонга ноҳарбий юкларни етказиб бериш учун Остона Вашингтонга Каспий денгизидаги портларидан фойдаланишга рухсат берди.

Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар Мирзиёевнинг АҚШга май ойидаги «тарихий» ташрифи чоғида иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.

15-17 май кунлари амалга оширилган ташриф асносида Ўзбекистон Америка компаниялари билан узоқ муддатли шартномалар имзолади. Уларнинг жами қиймати 4,8 миллиард АҚШ долларига тенг, дейилади Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси баёнотида.

Американинг йирик корпорациялари, жумладан General Motors, Boeing, ExxonMobil, Coca-Cola ва John Deere кўп йиллардан буён Ўзбекистонда фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбекистон марказий банки яқин орада «янада кўпроқ» Америка инвестициялари киришини кутмоқда, деди тошкентлик иқтисодчи Рустам Файзиев.

Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон айни дамда хавфсизлик соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда, бунда Афғонистон билан чегарани ҳимоялаш ва гиёҳванд моддалар контрабандасига барҳам беришга алоҳида эътибор қаратилган.

Май ойида бўлиб ўтган учрашувда томонлар 2017 йилда имзоланган 5 йиллик ҳамкорлик шартномасининг амалга оширилишини муҳокама қилдилар, деб хабар берилган АҚШ элчихонаси баёнотида.

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари ва Ўзбекистон қуролли кучлари узоқ вақтдан бери ҳамкорлик қилиб келади, дейди тошкентлик сиёсий таҳлилчи Умид Асатуллаев.

«АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари 2001 йилдан 2005 йилгача Ўзбекистондаги Хонобод аэропортидан Афғонистондаги аксилтеррор коалицияни қўллаб-қувватлаш базаси сифатида фойдаланиб келган», деди у Карвонсарой нашрига.

Сизга мақола ёқдими?
11
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha
| 2019-01-05

АҚШни Янги йил билан табриклаймиз! Сизлар бизнинг дўстларимиз!

Жавоб бериш