| Фан ва технология

Кремль Россиянинг янги «енгилмас» қуролини ишлаб чиққан ядровий олимларни ҳибсга олди

Карвонсарой


Россия президенти Владимир Путин ўтган йил октябрь ойида Ханти-Мансийск округига ташриф буюрди. Путин Россиянинг янги «енгилмас» қуролининг имкониятлари ҳақида бир қатор шубҳали даъволарни билдирган. (Кремль)

Россия президенти Владимир Путин ўтган йил октябрь ойида Ханти-Мансийск округига ташриф буюрди. Путин Россиянинг янги «енгилмас» қуролининг имкониятлари ҳақида бир қатор шубҳали даъволарни билдирган. (Кремль)

Россия томонидан кўкларга кўтариб мақталган ядро қуролининг яратилишига катта ҳисса қўшган икки тажрибали олимнинг ҳибсга олиниши бу қуроллар ҳақида билдирилган даъволар атрофидаги шубҳаларни кучайтирмоқда ва Сталин даврини эслатиб юборяпти.

Россия матбуоти ва ҳукумати синовдан ўтказилаётган ва ҳеч қайси душман қаршилик қила олмайдиган иккита қурол ҳақида талайгина даъволарни келтирдилар, аммо уларнинг бирортаси ҳам тасдиқланганича йўқ.

Тизимлар билан яхши таниш бўлган бу олимларнинг ҳибсга олиниши ядровий қуролларнинг эҳтимолий имкониятлари ҳақидаги даъволарга путур етказмоқда.


Ашулук полигонида ўтказилган машқлар давомида ҳавога учирилаётган Россия ракеталари, Астрахань вилояти, 10 сентябрь, 2015 йил. (Россия мудофаа вазирлиги)

Ашулук полигонида ўтказилган машқлар давомида ҳавога учирилаётган Россия ракеталари, Астрахань вилояти, 10 сентябрь, 2015 йил. (Россия мудофаа вазирлиги)

Бундан ташқари, Кремлнинг ҳаракатлари Совуқ уруш ҳақидаги хотираларни қўзғади, ўша даврларда даҳо олим, давлатга хиёнат ҳақидаги параноик айбловлар ва расмий қатағонлар ёнма-ён юрар эди.

Ҳибсларга нисбатан кўтаринки эътибор Кремлнинг зўравонлик ҳатти-ҳаракатлари кучайган вақтга тўғри келмоқда.

Россия мудофаа вазирлиги шу йил бошида ўзининг «Искандер-М» ракета тизимини Польша ва Литва ўртасидаги Россияга қарашли Калининград ҳудудий форпостига кўчираётганини эълон қилди . Тизим халқаро қуроллар ҳақидаги битимга хилоф бўлган ядровий ракетани учириш қобилиятига эга.

Режим «қурбонлари»

Кремль Россия давлат космик агентлиги «Роскосмоснинг» камида 10 та ходимини НАТО ёки Хитойга товушдан тез учувчи қурол сирларини ошкор этганликда айблаган.

Айбланаётганлар 75 яшар Виктор Кудрявцев ва 76 яшар Владимир Лапыгинлардир.

Икковлон Россия президенти Владимир Путин ва бошқа расмийлар далилларсиз уни бир неча бор енгилмас, тўхтатиб бўлмайдиган ва ўқ ўтмайдиган дея номлаган қуролни яратишга ҳисса қўшганлар.

КремльКудрявцевни Х-47М2 «Кинжал/Ханжар» баллистик ракетаси ва шов-шувга сабаб бўлган товушдан тез учувчи «Авангард» ракетасига оид маълумотларни 2013 йилда «НАТОга аъзо давлатга» топширганликда айбламоқда.

У 2018 йил июль ойида ҳибсга олинган, деб хабар берган Kommersant.ru нашри.

Кудрявцев 20 йиллик қамоққа ҳукм қилиниши мумкин бўлган бир пайтда, Путин «Авангард» тизими билан икки марта мақтанишга улгурди.

Март ойидаги мурожаатда, Путин Россиянинг янги авлоддаги «енгилмас» қуролни яратганини даъво қилган, 26 декабрь куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида эса ракеталарнинг «мисли кўрилмаган» муваффақиятли синови ҳақида сўзлаган эди.

Кудрявцев Европадаги ҳамкасбларига қўшма тадқиқот лойиҳаси ҳақида иккита безарар электрон хат юборган, деди унинг адвокати Иван Павлов, Кудрявцев билан боғлиқ ҳолат унинг фаолияти давомида рўй берган сотқинликка оид «энг хунук» иш эканлигини қўшимча қилар экан.

Август ойида Санкт-Петербург олимлар уюшмаси Путинга «инсонпарлик нуқтаи назаридан» Кудрявцевнинг «тақдирини зудлик билан ҳал қилишни» сўраб мактуб юборган, деб хабар берди Kommersant.ru нашри.

У ишлаган халқаро лойиҳа «тўла очиқ бўлган ва барча зарурий даражаларда тасдиқланган», деб ёзади муаллиф.

Кудрявцевда қандли диабет, юрак хасталиклари ва ёшга оид бир қатор бошқа касалликлар ҳам мавжуд, деб хабар берган оммавий ахборот воситалари.

«Сиёсий маҳбус»

Ҳибсга олинишидан бир йил аввал Кудрявцев Лапыгиннинг озодликка чиқарилиши учун курашган эди, деб хабар берган The Daily Beast нашри.

Лапыгин «давлат сирларини ўз ичига олган товушдан тез учувчи самолётларнинг оптималлаштирилган аэродинамик хусусиятларини ҳисоблаш имконига эга дастурий таъминот тизимини» хитойликларга беришда айбланган эди.

2016 йилги суд жараёнида Лапыгин дастурнинг фақат танишув версияси билан бўлишганини ва бу орқали иш берувчиси – Роскосмос шўъбаси бўлган Марказий машинасозлик илмий-тадқиқот институтининг (ММИТИ) хитойлик ҳамкорлар билан шартнома тузишига ёрдам бериш ниятида бўлганини айтган.

У қатъий тартибли қамоқхонада етти йиллик жазо муддатини ўтамоқда.

2017 йил август ойида, Россиянинг «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ташкилоти Лапыгинни сиёсий маҳбус деб эътироф этган эди.

«Владимир Лапыгиннинг айбланиши бошқа «жосуслик» ва «сотқинлик» ишларига ўхшаш», дейилади «Мемориал» баёнотида. Бундай жиноий ишлар ҳукумат қудратини кучайтиришга қаратилган, деб қўшимча қилинади унда.

«Унинг зудлик билан озод этилишини ва уни қўлга олишга масъул бўлган расмийларнинг жавобгарликка тортилишини талаб қиламиз.»

Олимлар ҳамжамиятида қўрқув пайдо қилиш

Кремлнинг янги қуролланиш тизимлари билан мақтаниши ва ушбу қуролни ихтиро қилган «сотқин»ларни шафқатсиз равишда таъқиб қилиши орасидаги кескин контраст совет диктатори Иосиф Сталин даврини эслатиб юборади.

Ўша вақтларда қурол яратувчилар ва бошқа энг кучли олимлар махфий ташкилотларда хизмат қилиб, ўз ҳаётларидан хавотирда яшар эдилар.

Совет Иттифоқи инқирозидан кейин, ядровий қуроллар ҳақида маълумотга эга 15 мингдан 30 минггача физик олимлар соҳада ишлашда давом этдилар.

Сўнгги ҳибслар олимлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларини ўша мудҳиш даврларга қайтишдан хавотирга туширмоқда.

Коинот ва мудофаа саноати бўйича Пермь давлат университети мутахассиси Павел Лузин Кудрявцевни «балогардон» деб атади ва сўнгги ҳибслар олимлар ҳамжамиятида хавотир пайдо қилишга қаратилган бўлиши мумкинлигини айтди.

«Кремль «Кинжал» ҳақидаги ҳақиқат, аслида улар айтганидек эмаслигини тасдиқловчи маълумот чиқиб кетмаслигини истайди», деган у Британиянинг The Independent газетасига кўра.

«Россия давлат ташкилотлари, жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлигида махфий маълумотлар рўйхати бўлиб, бу рўйхатнинг ўзи ҳам махфий эканлиги сабабли олимлар нима ҳақида гапириш керак ёки керак эмаслигини яхши билишмайди», деди Кудрявцевнинг адвокати Павлов The Daily Beast нашрига.

1982-1993 йилларда КГБнинг айғоқчиликка қарши кураш бўлимида ишлаган мухолифат сиёсатчиси Геннадий Гудков бу ишни «жуда шубҳали» деб атади.

«Бунда одатий шпионаж аломатлари йўқ», деган у The Independent нашрига кўра. «Сабаб, чет эл томонга боғлиқлик, сирли алоқа, нақд пул ёки бошпана олиш каби фойда аломатлари, мунтазам учрашувлар йўқ.»

Россия Фанлар академиясининг ядровий тадқиқотлар институти физиги Борис Штерн Кудрявцевнинг айбсиз эканлигини таъкидлади.

«Уни шунчаки қурбон сифатида танлашган ва у охиргиси эмас», деди у The Daily Beast нашрига.

«Совет даврида КГБ сизни назорат қилиш учун мураккаб бир бюрократик тизимни яратди, аммо мен унинг тасодифий одамларни қамоққа ташлаганини эслай олмайман», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

60
73
Йўқ
Фикрлар 9
Сиёсат Captcha
Comment bubble | 2019-03-02

Мода...

Жавоб бериш
Comment bubble | 2019-01-23

Махфий ҳужжатларни ҳамма жойда эълон қилавериш яхшимас.

Жавоб бериш
Comment bubble | 2019-01-18

Мультипликаторларни қамоққа олишибдими?

Жавоб бериш
Comment bubble | 2019-01-17

Ҳа, дурналистларга кўпроқ ишонинглар...

Жавоб бериш
Comment bubble | 2019-01-17

Қонуний натижа

Жавоб бериш
Comment bubble | 2019-01-17

Бу Россия. Дунёдаги энг бемаъни мамлакат

Жавоб бериш
Comment bubble | 2019-01-16

Сафсата

Жавоб бериш
Comment bubble | 2019-01-13

У ракеталарнинг учмаслигини айтди. Бу Россияда давлат сири ҳисобланади

Жавоб бериш
Comment bubble | 2019-01-11

Бу ракеталар ишламаслигини айта олмасликлари учун уларни қамаб қўйишган. Буларнинг ҳаммаси Кремлнинг амалга ошмайдиган истаклари. Россия шу даражада таназзулга учрамоқдаки, ҳеч қандай замонавий қурол ишлаб чиқара олмайдиган бўлиб қолган.

Жавоб бериш