| Дин

«Ал-Қоида» ИД ва унинг «йўлдан озган» халифаси Ал-Бағдодийни яксон қилишга чақирмоқда

Карвонсарой


Суратда: «Ал-Қоида»нинг «Ислом давлати»ни танқид қилиб чиққан баёноти муқоваси. [File]

Суратда: «Ал-Қоида»нинг «Ислом давлати»ни танқид қилиб чиққан баёноти муқоваси. [File]

«Ал-Қоида» «Ислом давлати» (ИД) гуруҳи ва унинг раҳнамоси Абу Бакр Ал-Бағдодийга қарши ҳайратомуз танқидий баёнот билан чиқиб, бутун дунё мусулмонларини кўтарилишга ва гуруҳни яксон қилишга чақирди.

«Ал-Қоида»нинг медиа-маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича «Баён» жамғармаси томонидан 29 декабр куни эълон қилинган баёнотда ИДнинг қулагани ва уни узил-кесил яксон қилиш вақти келгани айтилади.

«Эндиликда, уларнинг таъсири камайган ва Шомда улар туғдираётган хавф йўқолган бир вақтда, улар турли ҳудудларда янги шаҳобчалар яратишга уринмоқдалар. Улар бу ҳудудларда мужоҳидларга бало ва офатлар олиб келганлар, ўша ерлар ва уларнинг аҳолисига нисбатан коррупция ҳамда жиноятчиликнинг кучайишига сабабчи бўлганлар», дейилади баёнотда.


Видеолавҳадан олинган кадрда Ироқ ва Суриядаги «халифалик»нинг қулаши ортидан Шарқий Африка бўйлаб тарқалишга ҳаракат қилаётган ИД аъзолари акс этган. [File]

Видеолавҳадан олинган кадрда Ироқ ва Суриядаги «халифалик»нинг қулаши ортидан Шарқий Африка бўйлаб тарқалишга ҳаракат қилаётган ИД аъзолари акс этган. [File]


«Ал-Қоида»нинг шўбаси бўлган «Таҳрир Аш-шом» гуруҳи аъзолари Идлиб яқинида қуролли машғулотлар олиб бормоқда, 2018 йил, 14 ноябр. [File]

«Ал-Қоида»нинг шўбаси бўлган «Таҳрир Аш-шом» гуруҳи аъзолари Идлиб яқинида қуролли машғулотлар олиб бормоқда, 2018 йил, 14 ноябр. [File]


Шарқий Суриядаги ИД аъзолари Америка қўллаб-қувватловидаги жангчиларга қарши курашмоқда, 2018 йил. ИД бир вақтлар Ироқ ва Суриянинг катта қисмини эгаллаган «халифалик»нинг 99 фоизини қўлдан бой берган. [File]

Шарқий Суриядаги ИД аъзолари Америка қўллаб-қувватловидаги жангчиларга қарши курашмоқда, 2018 йил. ИД бир вақтлар Ироқ ва Суриянинг катта қисмини эгаллаган «халифалик»нинг 99 фоизини қўлдан бой берган. [File]

«Бугунги кунда бу гуруҳ (дунёнинг бошқа жойларида) қайтадан пайдо бўлиб, хиёнат, сотқинлик ва хорижликларнинг шубҳали режаларига хизмат қилиш каби ишларни амалга оширишга чоғланмоқда. Бу уларнинг жосус эканликларини ва халқаро разведка хизматлари тарафидан ёлланганликларидан дарак беради.»

«Улар исён чиқариш, турли айбловларни ёйиш ва сафларни бузишни мақсад қилганлар», дейилади баёнотда.

«Жанг ўз поёнига етиб бормоқда.»

«Ал-Қоида»нинг иккиюзламачилиги

«Ал-Қоида»нинг гўёки олийроқ маънавий позицияни эгаллаб, ўзини ИДдан фарқли деб кўрсатишга уринишлари аслида иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас.

Асос солинганидан бери «Ал-Қоида» ҳам ИД сингари бутун дунё бўйлаб бегуноҳ инсонлар ўлдирилишини оқлаш учун Исломни нотўғри талқин қилиб келмоқда.

1999 йилда Кения ва Танзаниядаги элчихоналарда «Ал-Қоида» томонидан содир этилган портлашлар туфайли минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлганидан то АҚШдаги 2001 йил 11 сентябрь воқеаларига қадар «Ал-Қоида»нинг асосий мақсади – қон тўкиш бўлган.

«Ал-Қоида» Яқин Шарқда худкуш террорчилар томонидан содир этилган сон-саноқсиз портлашлар ва қотилликлар учун масъулдир. Гуруҳ айниқса, Ироқ ва Яманда динлараро адоват ва беқарорлик, мактаблар, масжид ва давлат муассасаларида портлашларнинг асосий айбдори ҳисобланади. Баъзида аёллар ва ёш болалар унинг нишонига олинган.

Бугунги кунда «Ал-Қоида«нинг Суриядаги бўлинмаси – «Таҳрир аш-Шом» ушбу қонли меросни давом эттирмоқда, зеро унинг тарихи қийноққа солиш, ҳудкуш террорчилар ҳужумлари ва оммавий қатллар билан боғлиқ воқеаларга тўла.

ИД «халифалиги» таназзулга юз тутмоқда

ИД 2014 йилда Ироқ ва Сурияда Ал-Бағдодий тарафидан эълон қилинган «халифалик»нинг 99 фоиз ҳудидини қўлдан чиқариб бўлган.

ИД 2017 йилда Ироқнинг Мосул шаҳридан, кейинроқ, ўтган йилнинг октябрь ойида ўз пойтахти дея эълон қилган Суриянинг Ал-Раққа шаҳридан қувилгач, террорчилик гуруҳининг давлат тузиш ҳақидаги орзулари чиппакка чиқди.

Мазкур йирик мағлубиятлардан сўнг, ИД жангарилари Суриядаги чўл ҳудудларига юборилган ва ҳозирда бирор ҳудудга эгалик қилиш даъвосидан йироқда турибди.

Африкада, жумладан Сомали ва Нигерияда ИДнинг бир нечта шахобчалари пайдо бўлган пайтда, Ал-Бағдодийнинг ўзи 22 август куни ИДнинг оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилган 55 дақиқалик видеомурожаатида ИД Яқин Шарқдаги мағлубиятлари сабаб кучсизланиб бораётганини маълум қилган эди.

Ал-Бағдодий «мужоҳидлар учун ғалаба ёки мағлубият қўлга олинган шаҳар ёки қишлоқ, ёхуд эгалик қилинаётган ер билан ўлчанмаслигини» таъкидлаган – бу, афтидан, гуруҳнинг қуруқликдаги мағлубиятидан дарак беради.

У шунингдек, гуруҳнинг қолган аъзолари орасида тартиб-интизомнинг йўқлигини тилга олиб, ўринбосарларини ўз одамлари орасида исён кўтариш аломатларини текшириб туриш кераклиги ҳақида огоҳлантирган. У турли миллатлар, минтақалар ва этник гуруҳлар вакилларини ўзаро низо ҳамда хусуматлашишдан тийилишга чақирган.

У издошларини «ўз динидан, сабр ва жиҳоддан» воз кечмасликка даъват этган.

«Матнларни тушунишга қодир эмас»

ИД ва унинг қаллоб янглиш халифаси бўлмиш ал-Бағдодий Исломни «очиқдан-очиқ ва қасддан бузиб талқин қилмоқда», дейилади «Ал-Қоида» баёнотида.

«Ал-Бағдодий гуруҳининг қаллоб аъзолари юракларига қулф солинган, улар матнларни тўғри тушунмайдилар, чунки уларнинг онглари кибр билан пардаланган, қалблари эса манманлик ва қайсарлик билан ўраб олинган», деди у.

«Бу қаллобларга қарши фақат бир нарса, Худонинг буюрганини қилиш керак, уларнинг зулмини тўхтатиш ва таг-туги билан йўқ қилиш керак. Бу ишга ҳақлисизлар.»

«Бу қаллоб гуруҳга қарши туринг, раҳм-шафқат қилманг, аяманг», дея хитоб қилинади баёнотда. «Уларда ҳеч қандай дин ёки ҳикмат йўқлигини ва бор бўлгани ҳам ахлоққа зид эканлигини тушуниб етдик.»

ИДнинг сўнгги кунлари яқинлашар экан, «улар гуруҳ сафларида фитна пайдо қилишга уриндилар ва буни уддаладилар».

Фитна назарияларнинг бирида ИД ва унга ўхшаш экстремистик гуруҳларини ғарб мамлакатлари яратгани ва бу, хусусан, Қўшма Штатлар экани айтилади.

Бу назария мусулмон оламида сезиларли даражада қўллаб-қувватланса-да, бир қатор олимлар, бошқа таҳлилчилар ва диний уламоларнинг сўзларига кўра, бундай назариялар жойлардаги фактларни бузиб талқин қилиш мақсадида тарқатилган ёлғонлардир.

ИДнинг мусулмонларга қарши зўравонликлари

ИД доимий равишда намоз вақтида одамларни портлатган, масжидларга бомба ташлаган, аёллар ва болаларни ўлдирган, тинч аҳолининг уйларига ўт қўйган ва мактабларга ҳужум қилган.

«Ал-Қоида»нинг ИДга содиқ қолаётганларга қарши кескин сўзлари ИДнинг Ислом номи билан қилган ваҳшийликлари, айниқса Афғонистонда гуруҳ ичидаги ўзаро низолар ва сафларнинг сийраклашувига олиб келган даврга тўғри келди.

Нангарҳор вилоятида яқинда таслим бўлган собиқ ИД аъзоси Афғонистонда гуруҳнинг ичида содир бўлган баъзи ҳаракатларни сарҳисоб қилди.

«Биз уни Ислом халифалиги деб ўйлаган эдик, аммо кейинчалик уларнинг бари чет эллик эканлигини ва бу умуман бошқа нарса эканлигини тушуниб етдик», деди икки йил ИД сафида жанг қилган 55 яшар Хирот Хон.

«Улар қарияларимизни ўлдиришар, болаларимизни қиришар эди», деди у Salaam Times нашрига. «Ҳаммасини ўз кўзимиз билан кўрганмиз, аммо уларга ҳеч нима дея олмас эдик, гапирсак бизни ҳам ўлдиришар эди. Шу сабаб сукут сақлар эдик.»

«Болаларни ўлдиришдан ташқари, ИД жангарилари фуқароларнинг нарсаларини ўғирлаш, жинсий тажовуз, фуқароларга тазйиқ ўтказиш ва мактабларга ўт қўйиш билан банд бўлганлар», деди Жузжон вилоятининг Дарзаб шаҳридан бўлган қабила оқсоқоли Баз Муҳаммад Давар.

«Тўртта ИД жангариси унаштирилган 19 яшар қизни уйидан олиб кетиб, ИД базасига олиб кеишган, бу ерда тўрт ҳафта давомида у бутун ИД гуруҳи томонидан зўрланган», деди у.

ИДни йўқ қилишда мусулмонлар учун сўнгги чақириқ

ИД доимий равишда исломий таълимотлар, ахлоқий меъёрлар ва халқларнинг маҳаллий маданиятини оёқости қилиб келди.

«Ал-Бағдодий гуруҳи заҳарланган ханжарга ўхшайди, у сизни мақсадларингизга етишишдан тўхтатади, истакларингизни амалга ошириш йўлида тўғаноқ бўлади», дейилади «Ал-Қоида» баёнотида.

«Жавоблар ва расмиятчиликларни кутиб тўхтаб қолишдан огоҳ бўлинг ва бир бўлиб уларга қарши чиқинг, бўлинмаларини ҳайдаб чиқаринг, қолдиқларини қиринг, қаторларини бузинг ва уларни таъқиб этинг.»

«Қувғинга учраган ал-Бағдодий гуруҳи аъзолариниг қалбида жиҳод ва мужоҳидларга қарши қора нафрат бор, улар фақат ўзларини ҳақда деб ўйлашади», дейилади баёнотда. «Аммо, уларнинг барча шиорлари фақат ёлғон ва бўҳтондан иборат, улар ўз динлари (Исломни) тарқатмадилар, на халифалик туздилар, на (мусулмонларнинг) қонларини сақладилар ва на ор-номусларини асраб қола олдилар.»

«Уларнинг ёвузлигидан ҳеч бир мусулмон қочиб қутила олмади», деди у. «Улар кофирлардан кўра мужоҳидларга қарши қиличларини тезроқ яланғочлайдилар. Улар на Исломни тарқатдилар ва на душманни енгдилар.»

«Динда ва жиҳодда иштирок этишга ҳаракат қилинг биродарлар!»

Сизга мақола ёқдими?

54
14
Йўқ
Фикрлар 2
Сиёсат Captcha
| 2019-06-20

Бу мақола "заказ"га, хуфия душман томонидан тайёрланган деб ўйлайман.

Жавоб бериш
| 2019-01-21

Балки АҚШнинг ИДни қўллаб-қувватлаши ҳақида ҳам ёзарсизлар, чунки ИД Мосулни эгаллаганидан кейин ёқилғи нархлари тушиб кетди, нега? Сабаби, АҚШ уни ўз эҳтиёжлари учун ИДдан ноқонуний сотиб олишни бошлади ва бу Россия иқтисодиётига таъсир қилди. Мен буларни мусулмон бўлганим учун айтаётганим йўқ, буни шу мавзуда изланишлар олиб борганим учун биламан, афсуски АҚШнинг кўпчилик фуқаролари ҳукуматнинг асл мақсадини ва Яқин Шарқ мамлакатларига қандай таъсир қилишини билмайди. Ҳеч кимга уруш керак эмас, аммо уруш бўлмаса дунёнинг суперқудратли давлатлари ўз кучларини қандай намойиш қиладилар? 70 ва 80-йилларда Россия ва АҚШдан Афғонистонга ҳужум қилишни ким сўраган эди? Кейинчалик яна Афғонистонга киришини-чи? 11 сентябрь воқеалари Бин Ладен каби ўйинчоқлар ёрдамида Афғонистон ва Яқин Шарққа кириб бориши учун оддий сабаб эди, холос.

Жавоб бериш