| Дипломатия

Ядровий ракетани йўқ қилиш вақти яқинлашар экан, Россия раддия беришда давом этмоқда

Карвонсарой ва AFP


Россия мудофаа вазирлиги расмийлари 2019 йилнинг 23 январь куни Москвада 9М729 қанотли ракетасини намойиш қилмоқдалар, уларнинг даъвосича, бу ракета 1987 йилдаги Қисқа ва ўрта масофага учувчи ракеталар ҳақидаги шартномани бузмайди. (Василий Максимов/AFP)

Россия мудофаа вазирлиги расмийлари 2019 йилнинг 23 январь куни Москвада 9М729 қанотли ракетасини намойиш қилмоқдалар, уларнинг даъвосича, бу ракета 1987 йилдаги Қисқа ва ўрта масофага учувчи ракеталар ҳақидаги шартномани бузмайди. (Василий Максимов/AFP)

НАТОнинг барча 29 аъзосига кўра тарихий шартномани бузаётган ва бутун дунёдаги ядровий хавсизликка таҳдид солаётган қанотли ракетани йўқ қилиш билан Россия Қисқа ва ўрта масофага учувчи ракеталар ҳақидаги (INF) шартнома талабларига жавоб бериши учун саноқли кунлар қолаётган бир вақтда босим тобора кучаймоқда.

Қўшма Штатлар Россияга ССC-8/9М729 қанотли ракетаси тизимини йўқ қилиши учун 2 февралга қадар муддат берган, агар Москва бу шартга жавоб бермаса, олти ой ичида 1987 йил имзоланган битимдан чиқиб кетиш билан таҳдид қилган.

Ўтган ҳафта Женевада АҚШ ва Кремль расмийлари ўртасидаги музокаралар натижа бермади. Учрашув давомида Америка Россияни ғирромлик ва мужмалликда айблаган бўлса, Москва қўшимча музокаралар ўтказишга чақирди.


Россия президенти Владимир Путин ва мудофаа вазири Сергей Шойгу Сибирнинг Цугол полигонида ўтган йилнинг 13 сентябрь куни ўтказиган «Восток-2018» ҳарбий машқларини кузатдилар. Постерда «Олға» деб ёзилган. НАТОнинг барча 29 аъзосига кўра, INF битимини бузаётган ракета масаласида Кремль ва НАТО ўртасида зиддият юзага келган. (Младен Антонов/AFP)

Россия президенти Владимир Путин ва мудофаа вазири Сергей Шойгу Сибирнинг Цугол полигонида ўтган йилнинг 13 сентябрь куни ўтказиган «Восток-2018» ҳарбий машқларини кузатдилар. Постерда «Олға» деб ёзилган. НАТОнинг барча 29 аъзосига кўра, INF битимини бузаётган ракета масаласида Кремль ва НАТО ўртасида зиддият юзага келган. (Младен Антонов/AFP)

Россиянинг раддиялари

Кремль бир неча бор ракетанинг битимга зид эканлигини рад этди ва ўз даъвосини тасдиқлаш мақсадида чоршанба (23 январь) куни Москва яқинида жойлашган Кубинкадаги «Патриот» хиёбонида ракетани намойиш қилди.

Россиянинг артиллерия ва ракета қўшинлари раҳбари Михаил Матвеевскийнинг сўзларига кўра, ракетанинг учиш масофаси узоғи билан 480 километрни ташкил қилади. INF шартномаси эса 500 километрдан 5500 километргача учиш масофасига эга ракеталарни тақиқлайди.

«Россия доим шартларга жавоб бериб келган, ҳамон шартнома талабларига қатъий жавоб беришда давом этмоқда ва ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қўймайди», деди у хорижий ОАВ ходимлари ва ҳарбий расмийларга қуролни намойиш қилиш чоғида.

Россия брифингда 21 нафар хорижлик ҳарбий мансабдор бўлганини, бироқ НАТО мамлакатларидан бирорта ҳам вакил қатнашмаганини баён қилди.

Вашингтоннинг таъкидлашича, ракеталарнинг «статик кўриниши» етарли эмас, сабаби бу билан уларнинг шартномага хилоф эканлигини билиб бўлмайди.

«Россия INF шартномасига қайтиш учун барча SSC-8 ракеталари, учириш мосламалари ва улар билан боғлиқ қурилмаларни ишончли тарзда йўқ қилиши керак», деди душанба (21 январь) куни қуролсизланиш масаласига бағишлаб ўтказилган анжуман чоғида АҚШ вакили Роберт Вуд.

«Афсуски, АҚШ Россиянинг қуролланишни назорат қилиш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришига ишониб бўлмайди ва унинг бутун дунёдаги мажбурловчи ҳамда хатарли хатти-ҳаракатлари тангликни кучайтирмоқда, деб ҳисоблайди ва бунга тобора кўпроқ амин бўлиб бормоқда», деди у.

Россия президенти Владимир Путин INF шартномаси ўз кучини йўқотган тақдирда янги қуролланиш пойгаси бошланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб, Европа унинг асосий қурбони бўлишини айтган эди.

Путин ўзининг ядровий хавфсизлик масаласига нисбатан ҳазиломуз муносабатини яширгани йўқ.

НАТО ва Россия расмийларининг учрашуви

INF шартномаси жума (25 январь) куни Брюсселда ўтажак Россия-НАТО кенгашининг мажлиси кун тартибига киритилган.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Россия ракета тизимини йўқ қилиш билан шартномани сақлаб қолиши кераклиги ҳақида НАТОнинг фикрини баён этиш учун 18 январь куни Москвага ташриф буюрди.

«НАТОнинг бошқа аъзолари сингари биз ҳам, ушбу шартномага хилоф бўлган ракета мавжуд ва шартнома талабларига қайтилиши учун у текшириладиган йўл билан йўқ қилиниши керак, деб ҳисоблаймиз», деди Маас журналистларга.

Расмийларнинг сўзларига кўра, Вашингтон россияликларга тегишли ракета тизимига оид хавотирларини охирги беш йил ичида камида 30 бора изҳор этган.

Қўшма Штатлар декабрь ойида ракеталар шартномага зид эканини исботлаш учун Россияга тақдим этган батафсил маълумотларни ошкор қилиш билан ноодатий ишга қўл урган эди.

Москва бу даъволарни инкор қилишда давом этиб, АҚШга қарата бир нечта қарши айбловларни эълон қилган.

Сизга мақола ёқдими?

22
10
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha