| Энергия

Қозоғистон Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонга ёқилғи экспорт қилишни режалаштирмоқда

Айдар Ашимов


Чимкентдаги нефтни қайта ишлаш заводида ўрнатилаётган изомерлаш қурилмаси, 2016 йил. (Чимкент нефтни қайта ишлаш заводи матбуот хизмати)

Чимкентдаги нефтни қайта ишлаш заводида ўрнатилаётган изомерлаш қурилмаси, 2016 йил. (Чимкент нефтни қайта ишлаш заводи матбуот хизмати)

ОСТОНА – Минтақавий алоқаларни кучайтириш саъй-ҳаракатлари доирасида Қозоғистон март ойидан Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга ёқилғи экспорт қилишни бошламоқчи, деди энергетика вазири Канат Бозумбаев 14 февраль куни парламентдаги чиқишида.

«Мамлакатимиз 2019 йилнинг биринчи чораги охиридан ёқилғи экспортини бошлашни режаламоқда», деган у сенатнинг ялпи мажлисида. Бу ҳақда Vlast.kz нашри хабар берган.

«Авваллари 30-50 фоиз нефть маҳсулотларини қўшни давлатлардан импорт қилган бўлсак, жорий йилдан давлатимиз эҳтиёжларини тўлиқ қоплай оламиз», деб қўшимча қилди у.


11 сентябрь куни Остонада бўлиб ўтган матбуот анжуманида энергетика вазири Канат Бозумбаев нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш ва Россиянинг тақиқлари ҳақида сўзламоқда. (Айдар Ашимов)

11 сентябрь куни Остонада бўлиб ўтган матбуот анжуманида энергетика вазири Канат Бозумбаев нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш ва Россиянинг тақиқлари ҳақида сўзламоқда. (Айдар Ашимов)


2 октябрь куни Остонада Жаҳон нефть кенгаши учрашуви бўлиб ўтди. Қозоғистон энди нафақат нефть хомашёсини, балки нефть маҳсулотларини ҳам экспорт қилишга ўтмоқда. (Айдар Ашимов)

2 октябрь куни Остонада Жаҳон нефть кенгаши учрашуви бўлиб ўтди. Қозоғистон энди нафақат нефть хомашёсини, балки нефть маҳсулотларини ҳам экспорт қилишга ўтмоқда. (Айдар Ашимов)

Экспорт қилиниши кутилаётган ёқилғининг эҳтиёждан ортиқ йиллик миқдори 500-650 минг тоннани ташкил этади.

Қозоғистон Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга дизель ёқилғиси билан бир қаторда авиация ёнилғисини ҳам экспорт қилади, деди Бозумбаев 8 февраль куни бўлиб ўтган энергетика вазирлиги кенгаши мажлисида.

Бозумбаев Қирғизистонга ёқилғи экспорт қилиш режасини илк бор ўтган йилнинг 23 октябрь куни Остонада бўлиб ўтган мажлисда тилга олган эди.

«Биз Қирғизистонга бозор нархида 10 минг тонналаб ёқилғи экспорт қиламиз», деган эди у ўшанда.

Қозоғистон узоқ йиллардан бери нефть хомашёсини экспорт қилиб келган, аммо яқиндан бошлаб ўз нефть конларини тўлиқ ўзлаштириш имконига эга бўлди.

Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш

Қозоғистонда бешта нефтни қайта ишлаш заводи, жумладан 2016-2018 йилларда модернизация қилинган учта катта корхона ҳам бор. Мамлакатда ишлаб чиқариладиган нефть маҳсулотлари умумий ҳажмининг 94 фоизи мазкур корхоналар улушига тўғри келади.

Заводлар модернизацияси ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва экспорт имкониятларини оширишга имкон берди.

2018 йилда Қозоғистон 16,4 миллион тонна нефтни қайта ишлаган, бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан 8,6 фоизга кўп. 2019 йилда эса 17,2 миллион тонна нефтни қайта ишлаш режалаштирилмоқда, деб хабар берди энергетика вазирлиги.

«Қозоғистон нефть ишлаб чиқарувчи мамлакат бўлса-да, биз нефть маҳсулотларини импорт қилар эдик», дейди остоналик тадбиркор ва иқтисодчи Тўлеген Аҳметов Карвонсарой нашрига нефть хомашёси ва нефть маҳсулотлари фарқини тилга олиб.

«Нефтни қайта ишловчи заводларнинг имкониятлари етарлича эмас эди. Мавжуд заводлар модернизацияси ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга имкон берди. Шу билан бирга, маҳсулот сифатини оширишга ҳам эришдик, энди биз Евро-4 ва Евро-5 стандартидаги маҳсулотларни ҳам ишлаб чиқармоқдамиз», деди у Европа ёқилғи эмиссияси стандартларини назарда тутиб.

Ўтган йили Қозоғистон талаб қилинган бензин ва дизель ёқилғисининг 90 фоизини ишлаб чиқариш билан нефть маҳсулотларига бўлган ички талабни деярли қоплади, деди у.

Россия жорий этган чекловлар

«Авваллари биз бензинни Россиядан сотиб олишга мажбур эдик», деди Ахметов.

«Бундан ташқари, Қозоғистон Россия билан тузилган шартномалар туфайли чегараланиб қолган эди, унга кўра биз бошқа мамлакатларга нефть маҳсулотлари экспорт қила олмас эдик», деди у 2010 йилда Қозоғистон ва Россия ўртасида имзоланган шартномани назарда тутиб.

Савдо битимига биноан, Россия Қозоғистонга бензин етказиб берар, Қозоғистонга эса бошқа мамлакатларга нефть маҳсулотлари экспорт қилиш тақиқланган эди.

Ўтган йилнинг октябрида Қозоғистон Россия билан битимга ўзгартиришлар киритиб, нефть маҳсулотлари экспорт қилиш ҳуқуқини тиклашга эришди.

«Энди биз ўзимиздаги эҳтиёжни тўлиқ қоплаймиз ва хорижга ҳам экспорт қиламиз», деди Аҳметов. «Ўйлайманки, бу билан Қозоғистон олдинга катта қадам ташлади».

«Бензин ва дизель ёқилғиси қўшни мамлакатларда биздагидан қимматроқ», дейди узоқ масофага қатнайдиган юк машинаси ҳайдовчиси, таразлик Алексей Шестеперов.

«Қозоғистонда 95 октанли бензиннинг бир литри тахминан 175 тенге (0,5 доллар) туради, Қирғизистон ва Ўзбекистонда эса қимматроқ», деди у Карвонсарой билан суҳбатда. «Тошкент ва Бишкекдан келган ҳайдовчилар Қозоғистонда ўз ёқилғи бакларини тўлдириб олишга ҳаракат қиладилар, чунки бу иқтисодий жиҳатдан манфаатли.»

Маълумотларга кўра, Қирғизистонда худди шу турдаги бензин тахминан 46,5 сўм (0,7 доллар) туради, Ўзбекистонда эса унинг нархи 7200 сўмга (0,9 доллар) тенг.

Сизга мақола ёқдими?

16
3
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha