Карвонсарой
Дипломатия

Марказий Осиё давлатлари минтақавий муаммоларни ҳал қилиш йўлида шиддат билан илдамламоқда

Карвонсарой

19 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган анжуман чоғида минтақа давлатларининг байроқлари ҳилпирамоқда. (Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги)

19 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган анжуман чоғида минтақа давлатларининг байроқлари ҳилпирамоқда. (Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги)

ТОШКЕНТ – Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихий алоқалар ва яхшиланган ҳамкорлик қатор минтақавий муаммоларни ҳал этишга ёрдам бермоқда.

«Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшиб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва барчамиз учун долзарб муаммоларни ҳал қилиш ташаббуси билан чиқмоқдалар», деди ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 19 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган тадбирнинг очилиш нутқида. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.

«Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар» деб номланган анжуман минтақадаги хавфсизлик, савдо, транспорт, коммуникация, сувдан фойдаланиш, энергетика, туризм, таълим, фан ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ва БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ташкил этган тадбирда 36 давлатдан 100 дан ортиқ таҳлилчилар иштирок этди.

Анжуманда Европа Иттифоқи ва АҚШда жойлашган ташкилотлар, жумладан Жаҳон банки, Европа инвестициявий банки, Бутунжаҳон савдо ташкилоти ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.

Минтақа миқёсидаги ютуқлар

Минтақавий ҳамкорлик барча соҳаларда кенгаймоқда. Минтақа доирасидаги энг долзарб муаммолар - хавфсизлик, давлат чегаралари ва сувдан фойдаланиш масалалари «изчиллик билан» ҳал этилмоқда, деди Комилов.

Ўзбекистон қўшни давлатлар билан муносабатларини стратегик ҳамкорлик даражасига олиб чиқди, деди у.

Бу орада, 2017 йил билан солиштирганда ўтган йили Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан ўзаро савдо айланмасининг ўсиши ҳисобига Ўзбекистоннинг даромади 50 фоизга ошган, деди у алоқаларнинг яхшиланиши бошқа давлатларга ҳам фойда келтираётганини таъкидлар экан.

«Минтақавий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши - объектив, барқарор ва ортга қайтмайдиган тенденция», деди Комилов. «У минтақадаги барча мамлакатларнинг қатъий сиёсий иродасига асосланган ва чуқур тарихий асосга эга.»

«Марказий Осиёдаги яқинлашув жараёни ҳеч кимнинг манфаатларига қарши қаратилмаган», деб қўшимча қилди у.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тугатилган иҳоталаниш сиёсати ва сиёсий тўсиқлар минтақавий ҳамкорликни кучайтирди ва таҳлилчилар томонидан Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларда муҳим ютуқ сифатида баҳоланмоқда.

«Марказий Осиё давлатларининг бир-бирига интилишга мойиллиги табиий жараёндир», дейди бишкеклик иқтисодчи, «Global Technology Solutions Co.» компанияси раҳбари Искендер Шаршеев Карвонсарой нашрига.

«Бизни тарихий, маданий ва қардошлик ришталари боғлаб туради. Некбинлик билан баҳо берилса, давлатларимиз кучли минтақавий ўйинчи сифатида қудратли давлатлар билан тенг музокара олиб бора оладиган, интеграциялашган кучли бирлик сифатида шаклланмоқда», деди у.

Умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш

Икки кун давом этган анжуманда маҳаллий ва халқаро мутахассислар савдо ва иқтисодий ҳамкорликка, минтақавий хавфсизлик, экология ва энергетика, сувдан оқилона фойдаланиш, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликка оид таҳлилий ҳисоботларни тақдим этдилар.

Иштирокчилар минтақада эркин савдо-сотиқни амалга ошириш, шунингдек, божхона ва чегара тартиб-қоидаларини соддалаштириш учун Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш муҳим эканини таъкидладилар.

«Минтақавий алоқаларни ривожлантириш бизга умумий муаммоларни ҳал қилиш, бир-биримизга ёрдам бериш, дўстлик алоқалари, шу билан бирга, фуқароларимиз ва минтақавий корхоналар учун иш жойлари яратиш йўлида бирлашишга имкон беради», деди Қирғизистон парламенти аъзоси Достон Бекешев Карвонсарой нашрига.

(Ушбу мақолани тайёрлашга Канат Алтинбаев ўз ҳиссасини қўшган.)

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Буларнинг ҳаммаси Марказий Осиё давлатлари битта иттифоққа бирлашишига бормоқда.

Жавоб бериш