Карвонсарой
Хавфсизлик

АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Тошкентда Марказий Осиёлик ҳарбий лидерлар билан учрашди

Карвонсарой

АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Жозеф Вотел (ўнгда) Қозоғистон Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари, генерал-лейтенант Мурат Майкеев билан қўл сиқишмоқда, сурат санаси номаълум. Вотел 20-21 февраль кунлари Тошкентга ташриф буюриб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ҳарбий мутасаддилари билан учрашди. (АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси)

АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Жозеф Вотел (ўнгда) Қозоғистон Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари, генерал-лейтенант Мурат Майкеев билан қўл сиқишмоқда, сурат санаси номаълум. Вотел 20-21 февраль кунлари Тошкентга ташриф буюриб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ҳарбий мутасаддилари билан учрашди. (АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси)

ТОШКЕНТ – АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) қўмондони, генерал Жозеф Вотел Ўзбекистонда бўлиб, мамлакат президенти ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ҳарбий лидерлари билан музокара ўтказди.

Вотел пайшанба (21 февраль) куни Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бош штаб бошлиқларининг анжуманида иштирок этган.

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон, Покистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон қуролли кучлари бош штаблари бошлиқлари, шунингдек, Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов иштирок этди, деб хабар беради Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

Учрашувда кўп қиррали ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, турли минтақаларда кучайиб бораётган хавф ва таҳдидларга қарши кураш, шунингдек, Афғонистондаги нотинч вазиятга ечим топиш йўллари муҳокама этилди.

Анжумандан сўнг, Вотел Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Мудофаа вазирлигига ўз миннатдорчилигини изҳор этди.

«АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги билан анжуман доирасида ҳамкорлик қилаётган Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва барқарорликка эришишда муҳим роль ўйнайди», дейилади унинг жума куни АҚШ элчихонаси томонидан эълон қилинган баёнотида.

«Шунингдек, мен минтақада барқарорликни сақлаш учун таҳдидларга қарши кураш ҳамда минтақавий хавфсизлик масалаларида ҳамкорлик қилишга тайёр бўлган барча Марказий ва Жанубий Осиёнинг иштирокчи давлатларига миннатдорчилик билдираман», деди у.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, ҳарбий анжумандан бир кун аввал Мирзиёев-Вотел учрашуви бўлиб ўтган ва унда икки томонлама ҳамкорликка оид масалалар муҳокама қилинган.

Мирзиёев ўтган йилнинг май ойида АҚШга сафари давомида президент Дональд Трамп билан ўтказилган «олий даражадаги сермаҳсул музокаралар икки мамлакат ўртасида кенг кўламли стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берганини» қайд этди.

«Бугунги кунда кўп қиррали Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бормоқда, инновациялар, саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда», дейилади баёнотда. «2018 йилда ўзаро савдо ҳажми икки баробар ошди.»

Вазирлик хабарига кўра, Мирзиёев ва Вотел Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига «алоҳида эътибор» қаратганлар.

Вотел томонларнинг минтақада тинчлик ва фаровонликни таъминлаш йўлида конструктив шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган стратегияни ишлаб чиқишига умид билдирди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 14

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳеч нимани тушунмайсизлар. Америкаликлар зўр!

Жавоб бериш

Бу генерал нимага умид қиляпти, АҚШнинг бутун дунёдаги таъсири сўниб боряпти, Марказий Осиё ҳам бундан мустасно эмас. Буларнинг ҳаммаси дипломатик жазава, ўзини ишлаётган қилиб кўрсатишга уриниш, ҳаммаси фақат пиар учун.

Жавоб бериш

Вашингтоннинг Ўзбекистонни қайта қуроллантириш ҳақидаги истагини баён қилган Вотелми-ди??? Бундай хаёлпарастларни жиддий қабул қилиш мушкул)))))

Жавоб бериш

АҚШ худди шундай баҳоналар билан Афғонистонга ўз қўшинини киритган. Натижа – 18 йиллик уруш, наркотрафикнинг гуллаб-яшнаши ва ҳар куни содир этилаётган терактлар. Шимолда, Марказий Осиё билан чегарада туманларида жойлашган Пентагон қўлловидаги ИШИДни эса гапирмаса ҳам бўлади...

Жавоб бериш

«Ҳудудда тинчлик ва фаровонликка эришиш йўлидаги шериклик» Ливия учун давлатнинг вайрон бўлиши, ривожланаётган минтақанинг жангарилар ва жиноий тўдалар назоратидаги ҳудудга айланиши билан якун топди.

Жавоб бериш

Бундай ташрифлар ягона бир мақсадга хизмат қилади - маҳаллий генералларни пора билан сотиб олишга уриниш ва республикаларнинг қуролли кучларига зарар келтирувчи, Американинг техника ва қуролларини етказиб беришга оид шартномаларни зўрлаб ўтказиш.

Жавоб бериш

Афтидан, Вотел жаноблари бир сиқим эскирган ҳарбий техника эвазига минтақа давлатлари етакчиларининг Давлат департаменти сиёсатига содиқлигига эришишга умид қилган шекилли ))))))

Жавоб бериш

Нима учун Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларининг сиёсатига аралашиш ҳуқуқи бор деб ўйлайди? Уларнинг давлат қарзи давлат бюджетидан бир неча йил олдинга ўтиб кетган. Аввал бошқа давлатларга қарзларини тўласин, ана ўшанда кўрамиз АҚШ қанчалик супер қудратли давлат эканлигини...

Жавоб бериш

Бу Вотел деганларининг тумшуғи жуда узун чиқди! Бундай тумшуқ билан найзали ҳужумга ўтиш мумкин

Жавоб бериш

Ўзбекистон – Америка ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлигининг кенгайиши Тошкент учун пухта ишланган режа билан тугалланади. Аввал уларни молиявий ёрдамга игнасига ўтқазишади, кейин эса ўз шартларини қабул қилдиришади. Натижада – давлат хонавайрон бўлади, минтақа хароб бўлади.

Жавоб бериш

(Улар) Афғонистондан даф бўлишга ваъда беришган эди, аммо улар ҳамон афғон қуролли низосини ҳал этиш учун сабаб қидириш билан оворалар.

Жавоб бериш

Низони ҳал қилиш чораларини излашдан кўра кўпроқ ўз ниятларига етишди – наркотрафик назорати, бошқа давлатлар сиёсатига аралашиш нияти билан жангариларни тайёрлаш майдони ва ҳоказо. Қаерга бурун суқишса, ўзларидан кейин вайроналар ва харобаларни қолдиришади. Уларнинг ноғорасига ўйнамаган давлатларни ёқтиришмайди.

Жавоб бериш

Афғонистон – жангарилар инкубатори. Ўзбекистон эса террорчиликни шакллантириш майдони бўлишга мос эмас, аммо мамлакатдан навбатдаги базани жойлаштириш учун фойдаланиш яхши фикр.

Жавоб бериш

Тинчланинг! Тинчлик ва АҚШ маъносига кўра антоним сўзлардир

Жавоб бериш