http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/03/04/feature-01
| Хавфсизлик

АҚШ ва Қозоғистон ядровий материаллар контрабандасига қарши қўшма тренинглар ўтказади

Айдар Ашимов

Ўтган йил ноябрь ойида Олмаотада ўтказилган ядровий материалларнинг ҳимоя тизимига хизмат кўрсатиш бўйича ўқув курси қатнашчилари. (Қозоғистон ядро физикаси институти)

ОСТОНА – АҚШ Мудофаа вазирлиги Қозоғистон ҳукумати билан биргаликда террорчилик ҳужумида қўлланилиши мумкин бўлган ядровий ва радиоактив материаллар контрабандасига қарши курашувчи хавфсизлик кучларини тайёрлаш бўйича иш олиб бормоқда.

21-25 январ кунлари АҚШ мудофаа вазирлигининг таҳдидларни камайтириш агентлиги (DTRA) глобал ядровий хавфсизлик дастури доирасида Қозоғистон миллий гвардияси аъзолари учун тренинг ташкил этди. Бу ҳақда тадбирга мезбонлик қилган Қозоғистон ядро физикаси институти ўз веб-сайтида хабар берди.

Машқлар «Ядровий хавфсизлик билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларга жавоб қайтариш курслари» деб номланди.

АҚШ марказий қўмондонлиги (CENTCOM) қўмондони, генерал Жозеф Вотел бошчилигидаги АҚШ делегацияси, 2018 йил 14 май куни Остонада хавфсизлик ва оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик ва уларнинг хавфсизлиги масаласига бағишланган ишчи ташриф чоғида олинган сурат. (Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси)

Қозоғистон ядро физикаси институти мутахассислари ва АҚШнинг ядро хавфсизлиги бўйича миллий бошқармаси вакиллари ўтган йил 12 ноябрда Олмаотада ўтказилган ишчи учрашувда. (Қозоғистон ядро физикаси институти)

Курслардан кўзланган мақсад, хавфсизлик кучларининг нохуш ҳодисалар ва авариялар чоғида қандай ҳаракат қилиши, бундай ҳодисалар рўй берган вақтда ядровий иншоотларда қўлланиладиган кўникма ва тактикаларни ишлаб чиқиш, деб хабар беради институт.

Ўқув курслари доирасида «америкалик йўриқчилар томонидан Қозоғистон миллий гвардияси ҳарбий бўлинмалари учун назарий ва амалий машғулотлар олиб борилди», дейилади хабарда.

Узоқ муддатли ҳамкорлик

Ўтган йил ноябрь ойида Ядро физикаси институти мутахассислари ва АҚШ Энергетика вазирлигининг миллий ядровий хавфсизлик бошқармаси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Иштирокчилар ядровий моддалар контрабандасига қарши кураш бўйича қўшма машғулотлар ўтказиш, шу билан бирга, Қозоғистонда ядровий суд экспертизасини ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилдилар, дейилади баёнотда.

«Мамлакатларимиз ўртасида ядровий хавфсизлик бўйича ҳамкорлик анчадан бери давом этмоқда», деди уралсклик сиёсатшунос Евгений Крючков Карвонсарой нашрига.

2006 йилда АҚШ ва Қозоғистон ўртасида мамлакатимизнинг ядро контрабандасига қарши кураш салоҳиятини кучайитиришга оид мақсадли келишув имзоланган эди. Ўтган йиллар давомида қозоғистонлик экспертларни тайёрлаш, тажриба алмашиш ва техник таъминот борасида салмоқли ишлар қилинди», деди у.

Ядро контрабандасига қарши кураш чоралари «бундай моддаларнинг чегарадан олиб ўтилишини аниқлаш ва олдини олиш, шунингдек, бу каби ҳолатларга ўз вақтида ва муносиб чора кўришга қаратилган», деди у.

«Мамлакатларимиз учун бу ҳамкорлик жуда муҳим», деди у. «Биз жумладан, терактлар содир этишда қўлланилиши мумкин бўлган ядровий ва радиоактив материалларнинг жиноятчилар қўлига тушмаслигидан бирдек манфаатдормиз.»

Совет даврининг ядровий синовлари

Ядровий ва радиоактив хавфлар, шунингдек, ядро синовларининг оқибатлари Қозоғистонга яхши таниш – 1949 йилда мамлакат шимоли-шарқида совет ҳукумати Семипалатинск ядро синовлари полигонини барпо этган эди.

Шу йилнинг январ ойи охирида парламент қуйи палатаси депутатлари ва Семей (ҳозирги номи Семипалатинск) шаҳри жамоат арбоблари Остонада учрашиб, Семипалатинск ядро полигонидаги синовларнинг маҳаллий аҳолига таъсирини муҳокама қилганлар. Бу ҳақда «Курсив» газетаси хабар берган.

Шаҳарда яшовчи аҳоли 1989 йилда ёпилган синов маркази ёнида қўрқув остида кечган ҳаётларини ёдга олдилар. 40 йил ичида у ерда 460 маротаба ядровий портлашлар амалга оширилган .

«Портлашлар вақтида ер силкиниши сезилар, болалар қўрқувга тушар эдилар», дейди ушбу ҳудудда яшаган Бекзат Кусаинов Карвонсарой билан суҳбатда.

Мустақилликка эришганидан сўнг, Қозоғистон ихтиёрий равишда ядровий қуролдан воз кечди ва бугунги кунда ядровий хавфсизлик тарафдори ҳисобланади. Шундай бўлса-да, совет ҳукуматининг полигонда амалга оширган хатти-ҳаракатлари ўчмас из қолдирган, деди Кусаинов.

«Мен совет ҳукумати Семипалатинск вилоятидаги маҳаллий аҳолига масъулиятсизларча муносабатда бўлган, деб ҳисоблайман. Одамлар касалланар ва нурланиш таъсирида эканликларини билмас эдилар», деди Бекзат Кусаинов.

Сизга мақола ёқдими?
1
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha