| Хавфсизлик

Путин Россиянинг асосий ракета битимидаги иштирокини тўхтатди

AFP


Россия президенти Владимир Путин ўтган йилнинг 13 сентябрь куни Байкалорти ўлкасида ўтказилган «Восток-2018» ҳарбий машғулотларини кузатмоқда. [Кремль]

Россия президенти Владимир Путин ўтган йилнинг 13 сентябрь куни Байкалорти ўлкасида ўтказилган «Восток-2018» ҳарбий машғулотларини кузатмоқда. [Кремль]

МОСКВА – Душанба (4 март) куни Россия президенти Владимир Путин Россиянинг Совуқ уруш даврига оид муҳим келишув – Ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталар битимидаги (ЎҚМР) иштирокини расман тўхтатди.

Кремлнинг инглиз тилида эълон қилинган баёнотига кўра, Путин Россиянинг битим шартларига амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Бир неча йил давом этган расмий шикоятлар ва муаммони дипломатик йўл билан ҳал этиш уринишларидан сўнг, АҚШ ва унинг НАТО бўйича иттифоқчилари Россия Совуқ уруш даври битимини «очиқдан-очиқ бузмоқда», деган хулосага келишди.

Вашингтон Кремлнинг 2013 йилдан бери ЎҚМР битимини бузиб келаётганини айтиб келади. АҚШ давлат департаменти 2014-2018 йиллар оралиғида қайд этилган қоидабузарликлар бўйича ҳисоботни тақдим этган.

АҚШ президенти Дональд Трамп февраль ойида Вашингтон 6 ой ичида битимдан чиқиш жараёнини бошлаши ҳақида маълум қилган эди.

«Биз битимда қолиб, унга амал қилиб келдик», деган эди Трамп журналистларга. «Россия битимни бузди. Улар бу ҳужжатни кўп йиллар давомида бузиб келишган.»

Бу воқеадан кўп ўтмай, Путин Россиянинг битимдаги иштирокини тўхтатиш ниятида эканлигини ва россиялик ҳарбийлар ўрта масофага учувчи янги ракеталар ишлаб чиқишни бошлаши ҳақида маълум қилганди.

Машҳурлик даражаси пасайиб борар экан, Путин ўтган ойда миллатга мурожаат билан чиққан ва Ғарб мамлакатлари пойтахтларига қарата янги ракета тизимларини жойлаштириш билан таҳдид қилган эди.

Путиннинг нутқида Кремлнинг ташқи хавф баҳонасида ички муаммоларни ҳал қилишдан қочишдек эски найранги ўз аксини топди.

Унинг кескин ва жанговар руҳдаги нутқи президентнинг машҳурлик даражаси тушиб бораётган вақтда ватанпарварлик қўллаб-қувватловига эришишга қаратилгандек бўлиб кўринди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Путиннинг миллатга мурожаатидаги таҳдидларни Вашингтон ва унинг иттифоқдошлари орасига тафриқа солишга қаратилган «пўписа» деб атади.

Бу каби уринишларнинг бари муваффақиятсизликка учраган кўринади. Декабрь ойида НАТОга аъзо барча 29 мамлакат ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнот билан чиқиб, «Россия ЎҚМР битимида кўзда тутилган мажбуриятларини қўпол равишда бузаётгани борасидаги АҚШ хулосасини қатъий қўллаб-қувватлашини» билдирган.

НАТО ўз баёнотида Россиянинг 9М729 қанотли ракеталар тизимлари битимга хилоф эканини таъкидлаб, АҚШ иттифоқчилари унинг битимдан чиқишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтган.

Тарихий келишув

АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Рональд Рейган ва Совет иттифоқи раҳбари Михаил Горбачёв томонидан имзоланган ЎҚМР битими икки қудратли давлат ўртасида ракета соҳасидаги қуролланиш пойгасига чек қўйган эди.

Унга кўра, ердан учириладиган, учиш масофаси 500 дан 5500 километргача бўлган ракеталар тақиқланган.

Битим Ғарб мамлакатларининг пойтахтларига қаратилган, ядровий каллакларга эга совет баллистик ракеталарига тааллуқли бўлса-да, Хитой каби йирик ҳарбий субъектларга нисбатан ҳеч қандай чекловлар жорий этмаган.

Европа етакчилари АҚШ август ойида битимдан чиққунига қадар, Россияни ушбу муаммони ҳал этишга чақирганлар.

Ўтган ҳафта БМТ бош котиби Антонио Гутерриш «Қуролланишни назорат қилувчи халқаро тузилманинг муҳим таркибий қисмларига путур етаётганини» айтган эди.

Бу орада яна бир ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугаб бормоқда.

Вашингтон ва Москва ихтиёридаги ядровий каллаклар сонини чеклашга қаратилган Стратегик қуроллар хавфини камайтиришга оид янги келишувнинг (START) амал қилиш муддати 2021 йилда ўз ниҳоясига етади.

Сизга мақола ёқдими?

25
15
Йўқ
Фикрлар 4
Сиёсат Captcha
| 2019-03-22

Мен ҳам Россияга ишонмайман

Жавоб бериш
| 2019-03-06

Трамп ҳақ. Россия бу битимни анчадан бери бузиб келаётган эди. Россияга ҳеч қачон ишониб бўлмайди.

Жавоб бериш
| 2019-03-12

Путин ҳақ. Россия АҚШнинг Европадаги иттифоқчиларидан ҳимояланиши керак.

Жавоб бериш
| 2019-03-16

Ҳамманинг ўз ҳақиқати бор, дунёда содир бўлаётган барча воқеаларда ҳақиқат кўпроқ Москва тарафда, чунки у ҳеч бўлмаганда Вашингтон ва НАТО каби бошқа мамлакатларни вайрон қилмаган.

Жавоб бериш