Карвонсарой
Атроф-муҳит

Жаҳон банки Тожикистонга тоза ичимлик суви лойиҳаси учун 58 млн. АҚШ доллари ажратади

Жаҳон банки

28 февраль куни Жаҳон банки Тожикистонда яхшиланган сув таъминоти ва санитария хизматларидан фойдаланишни таъминлашга оид лойиҳани молиялаштиришни маъқуллади. Санасиз суратда: Хатлон вилоятида яшовчи маҳаллий аҳоли вакиллари. (Жаҳон банки)

28 февраль куни Жаҳон банки Тожикистонда яхшиланган сув таъминоти ва санитария хизматларидан фойдаланишни таъминлашга оид лойиҳани молиялаштиришни маъқуллади. Санасиз суратда: Хатлон вилоятида яшовчи маҳаллий аҳоли вакиллари. (Жаҳон банки)

ДУШАНБЕ – Жаҳон банкининг қишлоқларни тоза ичимлик суви ва санитария хизматлари билан таъминлаш лойиҳаси доирасида жанубий Тожикистоннинг энг ночор туманларидаги уй хўжаликлари, мактаблар ва тиббиёт муассасалари яхшиланган сув таъминоти ва санитария хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлади.

28 февраль куни Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши лойиҳа учун Халқаро тараққиёт уюшмаси ҳисобидан 58 миллион АҚШ доллари (550 миллион сомоний) ажратишни маъқуллади, деб хабар берди Жаҳон банкининг Тожикистондаги идораси.

«Хавфсиз ичимлик суви ва санитария – мамлакатда энг нотекис тақсимланган хизматлардандир», деб айтган Жаҳон банкининг Тожикистон бўйича менежери Ян Петер-Олтерс ўз баёнотида.

«Юқори сифатли ичимлик суви таъминоти ва санитария хизматлари учун инвестициялар ажратиш, шу билан бир қаторда, тегишли иншоотларга муносиб техник хизмат кўрсатишни таъминлаш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга ва ёш болаларда жисмоний ва ақлий ривожланишнинг секинлашувига олиб келиши мумкин бўлган диарея ҳолатларининг олдини олишга ёрдам беради», деди у.

Қишлоқлардаги оғир аҳвол

Яқинда ўтказилган тақдиқотга кўра, 2016 йилда Тожикистон қишлоқларидаги уй хўжаликларининг 36 фоизигина хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлган, шаҳарларда эса бу кўрсаткич 87 фоизни ташкил этган. Маълумотларга кўра, қишлоқ аҳолисининг 20 фоиздан кўпроғи ерусти сувларидан асосий ичимлик суви сифатида фойдаланади.

Ҳар тўрт хонадоннинг учтасида сув йиғиш учун хотин-қизларнинг якка ўзи жавобгар бўлиб, бу оғир жисмоний меҳнат уларнинг иши ёки ўқиши ҳисобидан амалга оширилиши маълум бўлди.

Қишлоқ мактабларининг кўпчилигида санитария-гигиена тадбирлари учун маблағ мавжуд эмас, шу сабаб сув таъминоти ва санитария объектларига етарлича хизмат кўрсатилмайди. Қишлоқ мактабларининг ярмигагина сув қувурлари тортилган. Қарийб 60 фоиз мактабларда усти ёпиқ ўралардан ҳожатхона сифатида фойдаланилади.

Қишлоқларни тоза ичимлик суви ва санитария хизматлари билан таъминлаш лойиҳаси доирасида 400 мингдан ортиқ аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади, 100 мингга яқини (асосан болалар) эса санитария соҳасига киритилган инвестициялар ва мактабларда гигиена қоидаларини ўргатиш дастуридан фойда кўради. 200 та мактаб ва тиббиёт муассасаларида санитар-техник иншоотлар қурилади, мавжудлари эса таъмирланади.

Гигиена қоидаларига ўргатиш

Дастур доирасида ЮНИCЕФ ҳамда Тожикистон республикаси таълим ва фан вазирлиги билан ҳамкорликда такомиллаштирилган гигиена усулларини жорий этишга қаратилган дарсдан ташқари комплекс тадбирлар ўтказилади. Грантлар энг ночор 1000 та хонадонга ўз уйларидаги санитария шароитларини яхшилаш учун тақдим этилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида Хатлон вилояти қишлоқларидаги уй хўжаликларини сув таъминоти хизматларига улаш ва мавжуд тармоқлардаги сув таъминотини яхшилаш учун инфратузилмани такомиллаштириш чоралари молиялаштирилади.

Лойиҳа мамлакатнинг жанубий минтақаларида амалга оширилади, сабаби у ерда асосан тоза ичимлик суви таъминоти ва санитария-гигиена шароитларидан маҳрум ҳолатдаги ночор аҳоли истиқомат қилади. Лойиҳа 7 туманни: Вахш, Левканд (Сарбанд), Кушониён (Бохтар), Дўстий (Чиликўл), Балхий (Румий), Жайҳун (Қумсангир) ва Восе туманларини қамраб олади.

[Жаҳон банки гуруҳи ўзининг http://www.worldbank.org/terms саҳифасида кўрсатилган шартлар асосида ушбу материалдан фойдаланишга рухсат беради.]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500