| Сиёсат

Марказий Осиё давлатлари мустақил бўлиб борар экан, Қозоғистон янги банкноталардан рус тилини олиб ташламоқда

Канат Алтинбаев

1993 йилда ишлаб чиқилган қирғиз банкнотаси дизайни, ўтган йил 11 майда Қирғизистон миллий валютасининг 25 йиллигини нишонлаш маросимида олинган сурат. (Қирғизистон президентининг расмий сайти)

Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков (ўнгда) ва Қозоғистон миллий банки раиси Данияр Акишев ўтган йилнинг 11 май куни қирғиз сўмининг 25 йиллигига бағишланган халқаро анжуманда суҳбатлашмоқда. (Қирғизистон президентининг расмий сайти)

«17Вагон» Россия миллатчилик ҳаракати фаоллари феврал ойида Москвадаги Қозоғистон элчхонаси ташқарисида қозоқ тенгесидан рус тилининг олиб ташланишига қарши намойиш уюштирган. (17Вагон/Facebook)

ОЛМАОТА – Қозоғистон ўз миллий валютаси дизайнини ўзгартириб, ундан рус тилини олиб ташлаш арафасида. Бу Марказий Осиё давлатларининг Россиядан янада мустақилроқ бўлиш ҳаракатини акс эттирмоқда.

Қозоқ тенгесининг янги дизайнига миллий нақш, давлат тарихи ва ривожига ҳисса қўшган таниқли шахсларнинг суратлари, ўзига хос тарихий, географик жойлар ва архитектура ёдгорликлари, Қозоғистонга хос флора ва фауна намуналарининг расмлари, шу билан бирга давлат билан боғлиқ муҳим рамзлар киритилади.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўтган йил 12 декабрда миллий валюта дизайнини янгилашни тасдиқлади. Янги банкноталар қачон чиқарилиши ҳақида хабар берилмаган.


Қозоғистон банкноталари, 1 март куни олинган сурат. Янги банкноталар жорийларидан фарқли ўлароқ фақат бир тилда – қозоқ тилида ифодаланади, рус тили олиб ташланади. (Канат Алтинбаев)

Қозоғистон банкноталари, 1 март куни олинган сурат. Янги банкноталар жорийларидан фарқли ўлароқ фақат бир тилда – қозоқ тилида ифодаланади, рус тили олиб ташланади. (Канат Алтинбаев)

Айни дамда муомалада бўлган тенгеда ҳам қозоқ, ҳам рус тилидан фойдаланилган.

Россия Қозоғистондаги барча пул бирликларидан (эсдалик ва нумизматик тангалар бундан мустасно) ўз тилининг олиб ташланишини эътибордан четда қолдирмади.

Россиянинг «муносабати»

«Нафақат Қозоғистон, балки рус тилини она тили деб ҳисобловчи аҳоли яшайдиган барча ҳудудларда Россия ташқи ишлар вазирлигининг фаолияти ва вазифасига алоқадор эканлигини ҳисобга олсак, бу масала бизнинг доимий эътиборимизда бўлади», деди Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова 22 феврал куни «Москва говорит» радиосига берган интервюсида.

Шу куннинг ўзида бўлиб ўтган матбуот анжуманида у кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтаётган Қозоғистоннинг ўз валютасини янгилаши унинг «ички иши» эканлигини айтди.

Бироқ, Россиянинг миллатчи мутаассиблари бунга кескинроқ муносабат билдирдилар.

25 феврал куни Facebook саҳифасида қолдирилган хабарда «17Вагон» миллатчилик ҳаракатининг Москвадаги Қозоғистон элчихонаси олдида уюштирилган намойиши сурати чоп этилган.

Гуруҳ аъзоларидан бири Назарбоевга 2014 йил Украина асосан русийзабонлар яшайдиган Қрим ва Донбассдан уларни камситгани сабабли маҳрум бўлганини эслатувчи ёзувни кўтариб олган.

Плакатда Қозоғистон ўзининг шимолий ҳудудларини йўқотиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантириш акс этган. Бу ерда асосан рус тилини она тили деб ҳисоблайдиган аҳоли истиқомат қилади.

«Назарбоев, русофобия хавфли эканлигини ёдингда тут! Кирилл ёзувини қайтар», деб ёзилган постерда. «Тенгега рус тилини қайтар. Руслар камситиладиган бўлса, улар юртни тарк этиши ва ўз ерларини ўзи билан олиб кетиши мумкин.»

Бу намойиш айрим қозоғистонликларни ғазабга солди, улар бу воқеани ҳуқуқ-тартибот идоралари эътибор қаратиши керак бўлган фитна деб атадилар.

Остоналик тадбиркор Руслан Бекеевнинг сўзларига кўра, Россия Марказий Осиёда юз бераётган, ўз манфаатига зид келувчи воқеаларни эътиборсиз қолдирмайди.

«Аммо, суверен давлатлар танловини ҳурмат қилиши керак, чунки уларнинг ҳар бири ўз қадриятларига ва ривожланиш йўлига эга», деди у Карвонсарой нашрига.

Бошқа Марказий Осиё валюталарини таққослаш

Қозоғистоннинг амалдаги пул бирлигининг дизайни баъзи қозоқ фаолларининг танқидига учраган. Улар бошқа Марказий Осиё валюталарида рус тилидан холи эканига эътибор қаратганлар.

Умуман олганда, барча 15 та собиқ Совет республикалари ичида фақат Қозоғистон ва Россия валюталаридагина рус тили мавжуд. Ҳатто, рус тилига яқинроқ бўлган славян тилида сўзлашувчи Украина ва Беларус пул бирликларида ҳам русча ёзувлар йўқ.

Бошқа Марказий Осиё валюталарида миллий ва маданий қадриятлар акс эттирилган бўлиб, улар миллий қаҳрамонлар ва таниқли шахслар хотираси абадийлаштиришни кўзда тутади.

Ўтган йили Қирғизистон ўз миллий валютаси – сўмнинг 25 йиллигини нишонлади. 1993 йилда давлат собиқ Совет республикалари ичида биринчилардан бўлиб рублдан воз кечди ва ўз валютасини жорий этди. Улар аввал-бошдан қирғиз ёзувида бўлган.

1994-1997 йиллар оралиғида муомалада бўлган 10 сўмликда (14 АҚШ центи) Касим Тинистанов аск эттирилган эди. У 1938 йилда Сталин даври қатағонларининг қурбони бўлган, деди тарих ўқитувчиси, бишкеклик Марлен Карибаев. Тинистанов 1920 йилда қирғиз тили учун лотин алифбосини яратишга ёрдам берган.

«Бу билан Қирғизистон тарихий адолатни тиклашга интилишини намойиш қилмоқда, аммо Россия ҳукумати Иосиф Сталин бошчилигида олиб борилган қатағон муҳокамасидан қочишга уриниб келмоқда», деди у Карвонсарой нашрига.

Ўтган йил май ойида Бишкекда қирғиз миллий валютасининг 25 йиллигига бағишланган халқаро анжуманда президент Сооронбай Жеенбеков сўм «пул ва кредит сиёсатининг муҳим воситаси бўлибгина қолмай, балки мустақил суверен давлат рамзи ҳамдир» деб айтган эди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳам 2013 йилдан бери ўз миллий пул бирлиги – сўмда лотин ёзувидан фойдаланиб келмоқда.

Ўзбек валютаси олд тарафида миллий герб, Тошкентдаги «Мустақиллик ва эзгулик» монументи ва Темурийлар сулоласи ҳукмдори ва Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек ҳайкали акс эттирилган.

Банкноталарнинг орқа тарафида парламент ва сенат биноси, Анжуманлар саройи ва Улуғбек расадхонаси тасвирланган.

Тожикистон валютасининг олд тарафида тожик тили ва орқа тарафида инглиз тили қўлланилган.

Тожикистон учун ўз давлатчилигини акс эттирувчи белгиларга эътибор қаратиш муҳим эди, деди Душанбеда жойлашган Тожикистон журналистик тадқиқотлар маркази вакили Жасур Абдуллоев Карвонсарой нашрига.

Шу сабаб ҳам сомонийнинг сўнгги нашри дизайнида Тожикистоннинг буюк олимлари ва давлат арбоблари, тарихий ва маданий осори-атиқалари акс этган, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

76
28
Йўқ
Фикрлар 18
Сиёсат Captcha
| 2019-03-18

Нега Россия шунақа оддий нарсани деб ҳам кўкрак керяпти? Қозоқча пулда қозоқча ёзув бўлади-да.

Жавоб бериш
| 2019-03-17

Бу ўзгаришлар мамлакат иқтисодиётига таъсир қиладими? Балки бу валютани ХВЖга конвертацияга киритишар? Миллий мустақилликнинг бунга нима дахли бор? 25 йилдан ортиқроқ мустақил бўлиб келдик, бу воқеликка аллақачон кўниккан бўлишимиз керак. Балки бундан шунчаки рамзий "мустақиллик" кўзлангандир, ғоя муаллифларни шуни таъкидламоқчи бўлишгандир?

Жавоб бериш
| 2019-03-15

Бу Қозоғистоннинг иши. Россияга тааллуқли эмас

Жавоб бериш
| 2019-03-13

Яхши. Баракалла қозоқлар, ўзбеклар сиз билан!!

Жавоб бериш
| 2019-03-13

Баракалла, қозоқлар. Бу Россиянинг душманона хатти-ҳаракатларига жавоб

Жавоб бериш
| 2019-03-12

Ўтган йил май ойида Бишкекда Қирғизистон миллий валютасининг 25 йиллигига бағишланган халқаро анжуманда президент Сооронбай Жеэнбеков сўмнинг «нафақат мустақил пул-кредит сиёсатининг асосий воситаси, балки суверен давлат мустақиллигининг рамзига айланганини таъкидлади».
https://knews.kg/2019/03/01/deputat-akylbek-zhaparov-predlozhil-otdat-pod-upravlenie-razvitym-stranam-po-odnoj-oblasti-kyrgyzstana/
Қирғизистон парламенти депутати Акилбек Жапаров Қирғизистон вилоятларини ривожланган давлатлар бошқарувига бўлиб беришни таклиф қилди, деб хабар беради «Азаттық». Мана сенга «мустақиллик» ....

Жавоб бериш
| 2019-03-12

Бу мамлакатлар 27-йилдан бери мустақил! Уларни ким Россия билан “дўст бўлишга“ мажбурлаяпти? Тўғриси... ярим асрдан бери мустақилмиз, нима кўрдик? Миллионлаб мардикорлар Россияга ишлагани кетяпти, рус тилини ўрганиб, РФ фуқароси бўлиш учун ҳужжат топширишяпти. Шу билан бир вақтда, уларнинг мамлакати ҳар йили «Россиядан халос бўлишни хоҳлаётганини» эшитяпмиз. “ХАЛОС БЎЛИНГЛАР, НИМА ХАЛАҚИТ ҚИЛЯПТИ? ЁКИ ҚУЛМИСИЗЛАР? Сизларни ҳалиям Сталин самолёт ва поездларга тиқяптими? Сизлар учун ер усти аллақачон жаннатга айланган бўлиши керак эди, шунча русларни сиқиб чиқардинглар, тилдан, ҳатто пуллардаги русча ёзувдан ҳам халос бўлдингиз. Уйингизга қайтиб, ўз мамлакатларингизни ривожлантиришингизга нима халақит беряпти?

Жавоб бериш
| 2019-03-12

Ҳаммаси яхшику-я, аммо миллионлаб қирғиз ва ўзбек мигрантлари Россияга пул учун кетишяпти, у ерда эса ҳаммаси рус тилида. Унда кетиш керак эмасдир ва ҳақиқатда ҳам Россиядан ажралиш керакдир? Балки руслар уларни боришга кўндираётгандир, балки зўрлаётгандир, дўқ-пўписа қилаётгандир?!

Жавоб бериш
| 2019-03-11

Бемаъни нарсалар билан овора бўлиб юришибди!!! Ахлат тўла бочкага қулоқларигача тушириб, бошлари устида шамшир ўйнатиб, бочкага шўнғитиб туриш керак!!!

Жавоб бериш
| 2019-03-11

Россиянинг пули қозоқ тилида бўлсин. Дарвоқе, «деньги» сўзининг ўзи «тенге» сўзидан келиб чиққан

Жавоб бериш
| 2019-03-12

Одамни кулдирманг, бу сўзлар ўхшаш бўлса, русча «деньги» сўзи «тенге» сўзидан келиб чиқмаган, чунки русларда пул кўчманчи қозоқларнинг пул айланмасидан анча аввал пайдо бўлган.

Жавоб бериш
| 2019-03-13

Саводсизлигингиз билан одамни кулдираётган сизсиз. Московиядаги молиявий атамалар – денги (тенге), ғазна (казна), олтин, бозор ва ҳоказоларни Олтин Ўрда турклари киритган.

Жавоб бериш
| 2019-03-21

Балли биродар. Бизнинг ота-боболаримиз юлдузлар санаб юрганда, булар оёғига латта ўраб, ҳайвонлар терисидан пўстин кийиб юришган. Аммо тан олгиси келмайди.

Жавоб бериш
| 2019-03-11

Қозоғистон Ғарбнинг тагига борган сари кўпроқ ётиб бормоқда. Шунинг учун ҳам бундай нарсалар ҳайратланарли эмас. Бунақанги сиёсат яхшиликка олиб бормайди.

Жавоб бериш
| 2019-03-10

Кенг омма билсин – Назарбоев бу саъй-ҳаракатни бекорга бошламади. Кремль Қозоғистонда арманилар билан этник низоларни келтириб чиқаргани учун қасос бу. Кейин эса бу кичик мавзуда Россия махсус хизматлари шу даражада ахборотни кўпиртирдиларки, ҳатто Арманистон ҳукумати муносабат билдиришга мажбур бўлди.

Жавоб бериш
| 2019-03-10

Кулгимни қистатма. Миллий низолар тўлалигича Оқўрда томонидан уюштирилди, халқнинг эътиборини митинглардан чалғитиш учун.

Жавоб бериш
| 2019-03-11

Бўлмағур гапларни бас қил. Шуни деб янаям каттароқ митинг бўлди. Буларнинг ҳаммаси Россиянинг иғволари. Шу боис ҳам НАН (Назарбоев) пуллардан рус ҳарфларини олиб ташлади.

Жавоб бериш
| 2019-03-09

Қачон веб-сайтингизни очсам ҳар балолар ёзган бўлади. Бу ахлатни қаердан оласизлар?

Жавоб бериш