http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/03/12/feature-01
| Терроризм

Кузатувчилар Қозоғистондаги экстремистик ташвиқот юзасидан доимий хавотир билдириб келмоқдалар

Айдар Ашимов


Ўтган йилнинг 18 июль куни Қарағанда вилоятида радикал диний ташкилотга аъзоликда гумон қилинганлар қўлга олинган. [Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси]

Ўтган йилнинг 18 июль куни Қарағанда вилоятида радикал диний ташкилотга аъзоликда гумон қилинганлар қўлга олинган. [Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси]

ОСТОНА – Қозоғистонда террорчиликда айбланганларнинг ҳибсга олиниши ва суд қилиниши айрим фуқароларнинг ҳали-ҳамон экстремистик қарашлар таъсири остида экани ва ҳужумлар уюштиришга интилаётганини кўрсатмоқда, дейди таҳлилчилар.

Ғарбий Қозоғистон вилоятининг жиноий ишлар бўйича туманлараро ихтисослаштирилган суди 1 май куни террорчилик гуруҳи тузиш ва уни бошқаришда айбланган саккиз нафар қозоғистонликни қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда «Казинформ» ахборот агентлиги суд матбуот хизматига таяниб хабар берган.

Судланувчилар Уралскдаги ҳарбий қисмлар ва ҳуқуқ-тартибот идораларига қарши ҳужум уюштириш мақсадида «қуролли жиҳод»ни режалаштирганлар, дейилади хабарда. Аниқлик киритилишича, гумондорлар ушбу режани амалга ошириш учун қурол-яроғ ва ўқ-дорилар сотиб олишган.


Туркистон вилоятида терроризм ташвиқоти билан шуғулланишда айбланиб қўлга олинган гумондорлар, 14 февраль куни олинган сурат. [Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси]

Туркистон вилоятида терроризм ташвиқоти билан шуғулланишда айбланиб қўлга олинган гумондорлар, 14 февраль куни олинган сурат. [Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси]

Ҳужумга тайёргарлик ўтган йил аввалида бошланган, бироқ 25 июнь куни ҳуқуқ-тартибот органлари гуруҳнинг барча аъзоларини қўлга олганлар.

Гуруҳ аъзолари 5 йилдан 13 йилгача турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Суд хабарида айтилишича, гуруҳнинг вояга етмаган ягона аъзоси икки йиллик қамоққа ҳукм қилинган.

Терроризм ташвиқоти

Мамлакатда энг машҳур воқеаларгагина эътибор қаратилади, аслида ҳибслар ва суд жараёнларининг кўплиги қозоғистонликларни ҳайратга солган бўлар эди, дейди остоналик сиёсатшунос Ернар Бейсалиев.

«ОАВ ва жамоатчилик фақат энг кўп овоза бўлган ҳибслар ва суд жараёнларидангина хабардор бўлади», деди у Карвонсаройга. «Одатда, бу каби жиноий ишлар Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ), Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ёки судлар тарафидан эълон қилинади.»

Террорчиликка ёллашда ташвиқотнинг роли Қозоғистон хавфсизлик органлари расмийларини анчадан бери хавотирга солиб келмоқда.

МХҚ ходимлари 14 февраль куни «террорчилик ғояларини тарғиб қилиш ва диний нафрат қўзғашда» гумон қилиб, Туркистон вилоятида истиқомат қилувчи тўрт шахсни қўлга олган. Бу ҳақда қўмита расмий сайтида хабар берилган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари айбланувчиларнинг уйларидан «қўпорувчилик мазмунидаги» диний адабиётларни мусодара қилганлар, дейилади хабарда. Айни пайтда тергов жараёни давом этмоқда.

28 февраль куни Оқтўбадаги қурилиш майдонларидан бирининг икки нафар қўриқчиси террорчилик материалларини тарқатганликда айбланиб, етти ва саккиз йилга озодликдан маҳрум қилингани тўғрисида 1 март куни Caravan.kz нашри хабар берган.

Айбланувчилар ишдан бўш вақтларида интернет орқали экстремистик руҳдаги видеолавҳаларни томоша қилиб, дўстларига улашган, дейилади ҳужжатда.

Интернет ва ижтимоий тармоқларнинг роли

Экстремистик ташвиқот билан шуғулланишда айбланиб қўлга олинган кўпчилик гумондорлар «қонунни бузаётганларини ва бу қандай оқибатларга олиб келишини тушунмайдилар», деди сиёсатшунос Бейсалиев.

«Интернетда «Ислом давлати» (ИД) жангарилари ҳақида видео кўрасиз, унга «лайк» босиб, дўстларингизга улашасиз ва оғзаки равишда терроризмни қўллаб-қувватлайсиз – шунинг ўзи сизни узоқ муддатли қамоққа ҳукм қилиш учун етарли», дейди у.

Террорчи гуруҳларда аниқ етакчилар ва бу етакчиларнинг қўли остида хизмат қиладиган хайрихоҳ одамлар бор, деди у.

«Интернетда ташвиқот ва дин ҳақида янглиш тушунчаларни тарқатаётган, атрофларида гуруҳлар тўплаётган ашаддий террорчилар ҳам мавжуд», деди у. «Баъзида бу етакчилар ўзига хос истарага ва ишонтириш қобилиятига эга бўладилар.»

Интернет, айниқса, ижтимоий тармоқлар ҳанузгача асосий ташвиқот қуроли бўлиб қолмоқда, деб қўшимча қилди Бейсалиев.

Суриядан қайтганлар

Хавфсизлик идоралари расмийлари Сурияга жўнаб кетган ва кейинчалик ватанга қайтарилган айрим қозоқлар уйларида ташвиқот ишларини давом эттириши мумкинлигидан ташвишда.

5-6 январь кунлари Қозоғистон хавфсизлик идоралари Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операциясини ўтказдилар. Унда, асосан, жанговар ҳаракатларда иштирок этиш мақсадида Сурияга жўнаб кетган фуқароларнинг аёллари ва фарзандларидан иборат 47 нафар Қозоғистон фуқароси қутқарилган.

«Суриядан ватандошларимизни қайтариш бўйича олиб борилган махсус операциядан кейин қозоғистонликлар иккига бўлиндилар», деди Остонада жойлашган «Жамият хавфсизлиги» нодавлат ташкилоти координатори Рашид Алкенов Карвонсарой нашрига. «Айримлар уларни вазият қурбони деса, кўпчилик улар пул учун урушда қатнашиши ва одам ўлдиришга тайёрлигига ишонади.»

«Жиноятчилар албатта жазоланиши керак», деб қўшимча қилди у. «Аммо баъзи ҳолларда уларнинг аёллари у ерга мажбуран олиб кетилган. Бегуноҳ одамлар, айниқса, ёш болалар реабилитациядан ўтиши лозим.»

Сизга мақола ёқдими?
20
Йўқ
Фикрлар 2
Сиёсат
Captcha
| 2019-03-24

Уларни Суриядан қайтариш керак эмас!
Улар ташвиқот билан шуғулланадилар!
Ўша ерда оилалари билан қолаверишсин!
Бу уларнинг танлови!

Жавоб бериш
| 2019-03-22

Хўжайинларингиз ҳалиям ИД террорчиларини чегараларимиз тарафга жўнатишяптими?

Жавоб бериш