Карвонсарой
Хавфсизлик

Франция бундан кейин ҳар қандай кимёвий ҳужум учун масъулиятни Сурия ва Россия зиммасига юклайди

Карвонсарой ва AFP

Сурия фуқаролик мудофаасининг Twitter саҳифасига жойланган видеолавҳада – Суриянинг Шарқий Ғута воҳасидаги Дума шаҳрида содир этилган эҳтимолий кимёвий ҳужумдан жабрланган болалар (Сурия фуқаролик мудофаасининг Twitter саҳифаси). Иккинчи видеолавҳа эса Дума шаҳар мувофиқлаштириш қўмитасининг Facebook саҳифасидан олинган – унда айни кимёвий ҳужумдан сўнг шаҳардаги тиббиёт пунктида даволанаётган ёш болалар ва катталар акс этган. [Дума шаҳар мувофиқлаштириш қўмитаси / AFP]

ВАШИНГТОН, КО – Франция Сурия ҳудудида тақиқланган кимёвий қуроллар қўлланиши масаласида ҳушёрликни сақлаб қолмоқда ва ўз иттифоқчилари билан бирга Сурия режимининг бу каби хатти-ҳаракатларига нисбатан жазо чоралари кўришга тайёр, дейди Париж расмийлари.

1 март куни Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) ҳалокатли ҳужум бўйича узоқ кутилган якуний ҳисоботини эълон қилди ва 2018 йилда Суриянинг исёнчилар назоратида бўлган Дума шаҳрига қарата хлор гази қўлланганини тасдиқлади.

Қароргоҳи Ҳаагада жойлашган назоратчи ташкилотга кўра, хлог гази билан тўлдирилгани тахмин қилинган иккита баллон шаҳардаги тураржой даҳасига келиб тушган. Маълумотларга кўра, реактив хлорин гази қурол сифатида қўлланганига ишора қилувчи «етарли асослар» мавжуд.

Халқаро ҳамжамиятнинг катта қисми ушбу ҳодисада Сурия президенти ва унинг россиялик қўлловчиларини айблади, Франция, Бирлашган Қироллик ва АҚШ эса бу хатти-ҳаракатларга жавобан мамлакатдаги бир қатор ҳарбий объектларни ҳаводан ўққа тутди.

Франциянинг Шарль де Голль авиаташувчиси минтақадаги иттифоқчи кучларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 13 март куни Сурияга келган. [АҚШ Марказий қўмондонлиги]

Франциянинг Шарль де Голль авиаташувчиси минтақадаги иттифоқчи кучларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 13 март куни Сурияга келган. [АҚШ Марказий қўмондонлиги]

Ўтган йилнинг 7 апрель куни Дума шаҳрида бутун бошли оилалар ўз бошпаналари ва уйларида газдан заҳарланиб ўлган ҳолатда топилганлар. Бу ҳақда «Оқ дубулғалилар» номи билан таниш бўлган Сурия фуқаролик мудофааси вакиллари маълум қилишган. [«Оқ дубулғалилар»]

Ўтган йилнинг 7 апрель куни Дума шаҳрида бутун бошли оилалар ўз бошпаналари ва уйларида газдан заҳарланиб ўлган ҳолатда топилганлар. Бу ҳақда «Оқ дубулғалилар» номи билан таниш бўлган Сурия фуқаролик мудофааси вакиллари маълум қилишган. [«Оқ дубулғалилар»]

2018 йилнинг 22 январь куни Думада содир этилган газ ҳужумидан сўнг гўдакнинг юзига кислород ниқоби тутиб турган суриялик болакай. БМТ терговчилари Башар Асад ҳукуматини 2011 йилда уруш бошланганидан бери тинч алоҳига қарши бир неча бор хлорсимон газ ёки зарин қўллашда айблаган. [Ҳасан Муҳаммад/AFP]

2018 йилнинг 22 январь куни Думада содир этилган газ ҳужумидан сўнг гўдакнинг юзига кислород ниқоби тутиб турган суриялик болакай. БМТ терговчилари Башар Асад ҳукуматини 2011 йилда уруш бошланганидан бери тинч алоҳига қарши бир неча бор хлорсимон газ ёки зарин қўллашда айблаган. [Ҳасан Муҳаммад/AFP]

«Сурия режими 2012 йилдан бери, нафақат Ғутада, балки Хон Шейхун, Ал-Латамина, Сарақиб ва Думада содир этган ҳарбий жиноятларида кимёвий қуроллардан фойдаланиб келган, минглаб одамларни ҳалок қилган ва жароҳатлаган», деди Франция ташқи ишлар вазири Жан Ив Ле Дриан 1 март кунги баёнотида.

«Мен қаерда ва қандай ҳолатда бўлмасин, кимёвий қурол қўлланишини қатъий қоралашимни, шунингдек, Франциянинг жазосизликка қарши курашиш йўлидаги қатъиятини яна бир карра такрорлайман», деб айтган у.

Франция мудофаа вазири Флоранс Парли 18 март куни Вашингтонда қилган чиқишида мамлакатининг кимёвий қуролларга қарши курашиш мажбуриятини тилга олди.

«Асад кимёвий қуролларни ишга солганида, Франция ва Буюк Британия АҚШ билан бирга кимёвий объектларга қарата аниқ зарбалар йўллаш мақсадида Сурияга кирган эдилар», деди у 2018 йил апрелда кимёвий қуролдан фойдалангани учун Асад режимига қарши жазо чораси сифатида берилган зарбаларни назарда тутиб.

«Керак бўлса, бу ишни такрорлашимиз мумкин», деди Парли.

АҚШ Марказий қўмондонлигига кўра, унинг баёноти Франция авиаташувчиси CTF473 зарбдор гуруҳининг «Мустаҳкам қатъият» операцияси – Қўшма бирлашган оператив гуруҳини қўллаб-қувватлаш мақсадида 13 март куни Сурияга етиб келиши ортидан янграган.

Авиаташувчи зарбдор гуруҳи таркибидан «Шарль де Голль» авиаташувчиси ҳамда унга ҳамроҳ ва кўмакчи кемалар ўрин олган бўлиб, улардан айримлари иттифоқчи мамлакатларга тегишли, дейилади баёнотда. Ҳудудга етиб келиши билан авиаташувчи бортидан коалиция қўшинларини қуруқликда қўллаб-қувватлаш ва разведка маълумотларини тўплаш мақсадида Rafale Marine ва Hawkeye самолётлари ҳавога кўтарилган.

Авиаташувчининг зарбдор гуруҳи бу ерга коалициянинг кимёвий қурол қўлланиши билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатнинг олдини олиши ва унга жавоб қайтариши ҳақида эслатма сифатида келгани айтилмоқда.

Ҳужумлар тарихи

КҚТТ ўзининг сўнгги баёнотида Сурия режимининг газ исёнчиларга тегишли объектдан олиб келингани ҳақидаги даъволарини рад этган.

«Кимёвий қурол ишлаб чиқаргани тахмин қилинган объект ва омборни кўздан кечириш чоғида тўпланган маълумотлар бу даъволарни тасдиқламади. Ҳеч қайси объектдан кимёвий қурол ишлаб чиқарилганининг излари топилмаган», дейилади хабарда.

Асадни қўллаб-қувватловчи Россия эса ҳисоботни рад этиб, ҳужум Сурия фуқаролик мудофааси номи билан танилган суриялик кўнгилли-қутқарувчилар гуруҳи – «Оқ дубулғалилар» тарафидан «саҳналаштирилганини» иддао қилди.

Москва Суриянинг кимёвий қурол қўллаши билан боғлиқ айбини хаспўшлашга қаратилган дезинформация чоралари доирасида мунтазам равишда шундай айбловларни илгари суриб келади.

2014 йилда Сурияда кимёвий қурол ишга солингани борасидаги «қатъий даъволар» янграши ортидан КҚТТ фактларни аниқлаш бўйича ўзининг мустақил комиссиясини тузган эди. Комиссия 2014 йилдан бери Сурияда заҳарли газ қўлланиши билан боғлиқ 70 та ҳолатни тергов қилган.

2015 йилда КҚТТ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда қўшма тергов гуруҳини тузди. Гуруҳга Суриядаги кимёвий ҳужумлар ортида ким турганини аниқлаш вазифаси юклатилган.

2017 йилнинг октябрида тергов гуруҳи Сурия ҳаво кучлари 2017 йил апрель ойида исёнчилар таянчи бўлган Хон Шайхун қишлоғига зарин газли бомбалар ташлаганини аниқлаган, бунинг натижасида кўплаб фуқаролар ҳалок бўлган.

Асадни қўллаб-қувватловчи энг катта куч бўлган Россия ва Сурия ҳукуматининг иккови ҳам зарин ҳужуми юз берганини рад этди ва жабрланганлар, жумладан, болаларнинг тасвирларини сохта дея даъво қилди.

КҚТТнинг бошқа бир ҳисоботида Ал-Латамина қишлоғида 2017 йил март ойида «катта эҳтимол» билан зарин гази қўллангани айтилади. Сурия режими 2014-2015 йилларда яна учта қишлоқда хлор газини ишга солишда ҳам айбланган.

Москва ўз иттифоқдошини ҳимоя қилиш мақсадида кимёвий қуролдан фойдаланиш бўйича олиб борилган тергов ишларини тўхтатишга ҳаракат қилиб келди. Ноябрь ойида Россия ташкилотнинг 2019 йилги бюджети учун овоз беришга чақириш орқали КҚТТнинг ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликни белгилашдек янги ваколатларини тўхтатишга уринди.

Идлибдаги хавотирлар

Сурия ҳукумати мамлакатдаги исёнчиларнинг энг охирги қўрғони жойлашган Идлибга диққатини қаратар экан, кимёвий қуролларнинг қайтадан қўлланиши мумкинлиги билан боғлиқ хавотирлар кучаймоқда.

14 март куни Вашингтон Россия ва Сурия ҳукуматини сентябрь ойида Россия ва Туркия ўртасидаги сулҳдан кейин илк марта юз берган, Россиянинг ҳарбий самолётлари уюштирган ҳужумдан сўнг исёнчилар назорати остидаги Идлиб вилоятида «зўравонликни авж олдиришда» айблади.

Суриядаги инсон ҳуқуқлари обсерваторияси хабарига кўра, ҳужумда камида 13 фуқаро, жумладан олти гўдак ҳаётдан кўз юмган.

«Қўшма Штатлар сўнгги кунларда Идлиб ва қўшни ҳудудларда Россия ва Асад ҳукумати олиб бораётган ҳаво ва артиллерия ҳужумларидан келиб чиқаётган зўравонликлардан жиддий хавотирда», деди АҚШ Давлат департаменти вакили Роберт Палладино.

«Россиянинг ҳужумлар террорчиларга қаратилгани ҳақидаги даъволарига қарамай, бу операциялар ўнлаб фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлди ва жойларда биринчи ёрдамни кўрсатишга ошиққан кўнгиллиларни нишонга олди», деб қўшимча қилди у.

Туркия билан имзоланган оташкесим битимининг иштирокчиси сифатида «Россия бу ҳужумкор операциялар учун тўлиқ жавобгар ҳисобланади», деди Палладино.

Ушбу сулҳ режим ва унинг россиялик қўлловчилари режалаган ҳужумнинг олдини олиши керак эди. Гуманитар ёрдам гуруҳлари бу ҳужумлар Сурияда саккиз йиллик низо давомидаги энг оғир гуманитар инқирозга сабаб бўлишидан хавфсираган эдилар.

Ҳукумат ҳужуми тўхтатилган бўлса-да, ҳеч ким сулҳ шартларини бажармади.

Сўнгги ҳужум Россия ва Суриянинг Идлибда зўравонликни авж олдиришга қаратилган ҳаракатларининг биринчиси эмас. Декабрь ойида Россия суриялик исёнчиларнинг кимёвий қурол қўллаётганини даъво қилиб, Идлибда ҳаво рейдларини ўтказган, бу сулҳни бузишга қилинган ҳаракат бўлганди.

Россия ва Сурия воқеадан «Идлибдаги сулҳ битимининг ишончлилигига путур етказиш учун имконият» сифатида фойдаланди, деган эди ўшанда Палладино.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 10

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Глобал қудратларнинг сиёсати: қуқаролар ўлимидан қолган барчаси ёлғон.

Жавоб бериш

Суриядаги кимёвий қуроллар атрофида шунча шовқин-сурон ва жазава, келишувга кўра улар америкосларга топширилди, бироқ америкослар ҳозирги вақтгача унинг йўқ қилинганини тасдиқловчи далил келтирмадилар. Катта эҳтимол билан буларнинг бари битта занжирнинг халқалари: бу кимёвий қуролларни «эси паст дубулғалилар» ёки бошқа либерастлар орқали низо ҳудудига ташлаш ва бутун дунёга “Асад режимининг ёвузликлари“ ҳақида жар солиш кўзланганга ўхшайди.. Яна МЭЙми? (Бу ерда Британия бош вазири Тереза Мэй ва унинг Россия махсус хизматлари тарафидан Сергей Скрипалнинг заҳарланишидан сўнг берган жавоби назарда тутилаётган бўлиши мумкин)

Жавоб бериш

Кимёвий ҳужум саҳналаштирилган. ИШИДнинг америкаликларнинг ўзи ушлаб турибди, яна улар Сурияга ИШИДни йўқ қилишга ёрдам бераётган бошқа мамлакатларни айблайдилар. Мен бу кимёвий ҳужумга, унинг руслар тарафидан қўлланганига ишонмайман. Бироқ, шуни аниқ биламанки, ИШИДда АҚШ берган кимёвий қурол бор.

Жавоб бериш

Ривожланган ғарб давлатлари кимёвий ҳужумларда Россиянинг айбдор эканлигини тушуниб бўлди. Россия ўзининг фуқароларини аямайдику, бошқалар нима бўпти.

Жавоб бериш

Ахлатсаройнинг навбатдаги сафсатаси

Жавоб бериш

Булар Россиянинг жиноятлари.

Жавоб бериш

Аҳмоқ экансан!

Жавоб бериш

Бу ёлғон

Жавоб бериш

Русия доим диктаторларни қўллаб келган. Русия ва Хитойга қарши бутун дунё бирлашиши керак, худди Гитлер Германиясига қарши 2-Жаҳон урушида бирлашгандай.

Жавоб бериш

2-Жахон урушида бутун Дунё бирлашган эмиш... Барака топгур... Тарихни яна бир маротаба, эътибор билан урганиб чикишингиз керак!!!

Жавоб бериш