Карвонсарой
Жамият

Қозоғистон кўп болали эҳтиёжманд оилалар учун мўлжалланган ижтимоий ёрдамни оширади

Ксения Бондал

Болалар майдончада ўйнамоқда, Олмаота, 17 март. (Ксения Бондал)

Болалар майдончада ўйнамоқда, Олмаота, 17 март. (Ксения Бондал)

ОЛМАОТА – Қозоғистон ҳукумати томонидан кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ташаббуси ижтимоий заиф оилаларни турли ижтимоий муаммолар, жумладан экстремизмга ёлловчилар таъсиридан ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Қозоғистон кўп болали эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш учун 224,3 миллиард тенге (595 миллион АҚШ доллари) ажратишни режалаштирмоқда, деди молия вазири ўринбосари Наталя Савелева.

Бу ҳақда у 15 март куни Остонада (Нур-Султонда) 2019-2021 йиллар учун бюджетни белгилашга қаратилган ҳукумат қарорлари тақдимотида сўзлаган.

Мақсадли ижтимоий ёрдам ҳажми «кун кечириш учун зарур бўлган минимал миқдорнинг 50 фоиздан 70 фоизга ёки 14849 тенгедан (40 АҚШ доллари) 20789 тенгегача (55 АҚШ доллари) оширишни кўзда тутади», деди Савелева ҳукумат дастур қамровини 800 мингдан ортиқ одамгача кенгайтиришини қўшимча қилар экан.

Бу ёрдам кун кечириш учун зарур бўлган меъёрнинг ярмидан, яъни 14850 тенгедан (40 АҚШ доллари) кам даромадга эга фуқароларга тақдим этилади, деб хабар берган Қозоғистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги.

Бундан ташқари, қўшимча кўмак кўрсатиш ҳам кўзда тутилган. Давлат ишламайдиган аёлларга бир ёшдан кичик бўлган бола учун ойига 14545 тенге (38 АҚШ доллари), ҳар бир қўшимча фарзанд учун эса яна ортиб борувчи молиявий ёрдам кўрсатади.

Фуқароларни қўллаб-қувватлаш

Молиявий кўмак ташаббуси ўша вақтда президент бўлган Нурсултон Назарбоев томонидан 6 март куни Остонада (Нур-Султонда) бош вазир Аскар Мамин билан бўлиб ўтган учрашув давомида эълон қилинган.

«Ёрдамга ўта муҳтож кам таъминланган ва кўп болали оилалар жорий йилнинг 1 апрелидан ижтимоий ёрдам олишни бошлаши лозим», деган эди Назарбоев.

Ҳукумат томонидан бундай кўмак кам таъминланган оилалар шарт-шароитларини яхшилашга ёрдам беради, деди Чимкентда жойлашган «Сана сезим» Хотин-қизлар ҳуқуқий маркази раҳбари Ҳадича Абишева Карвонсарой нашрига.

«Ҳар бир боланинг кундалик эҳтиёжлари бор, ҳукумат эса унга ёрдам бера олади», деди у. «Ахир давлатимиз келажаги ҳақида гап бормоқда, биз бу пулларни унга сармоя қилмоқдамиз.»

Бундай ижтимоий ташаббус давлатнинг ижтимоий заиф қатламни ҳимоя қилишига имкон беради, шу билан бирга улар орасида радикаллашувнинг олдини олади, дейди Нур-Султондаги геосиёсий тадқиқотлар институти раҳбари Асилбек Избаиров Карвонсарой нашрига.

«Экстремизмга ёлловчилар фаолиятида маълум иқтисодий восита мавжуд», деди у. «Кўп ҳолларда эксремистик гуруҳларга қўшилган шахслар энг аввало руҳан беқарор, қолаверса ижтимоий ҳимояланмаган бўлишади.»

Марказий Осиёдаги ёрдам дастурлари

Расмий маълумотларга қараганда, кўп болали оилаларга ёрдам беришга ёндашув борасида Қозоғистон Марказий Осиёдаги давлатлар орасида етакчилик қилмоқда.

Қирғизистон Қозоғистондан кейин ўринда.

Киши бошига ойлик даромади 900 сўмдан (13 АҚШ доллари) кўп бўлмаган оилалар учун ҳар ойда 810 сўм (12 АҚШ доллари) ёрдам кўрсатилади, дейилади 2018 йил январ ойидан кучга кирган Қирғизистон давлат нафақалари тўғрисидаги қонунда. Бунга қўшимча равишда ҳукумат Қирғизистонда туғилган ҳар бир бола учун 4000 сўмлик (57 АҚШ доллари) бир марталик суюнчи пули тўлайди.

Шу билан бирга, Қирғизистонда уч ёшдан кичик бўлган ҳар бир бола учун ҳар ойда 700 сўм (10 АҚШ доллари) тўланади. Бу нафақага қўшимча равишда 3-16 ёшдаги уч ёки ундан ортиқ фарзанди бор оилалар ҳар бир бола учун 500 сўм (7 АҚШ доллари) миқдорида ёрдам пули олади.

Ўзбекистонда суюнчи пули ва болалар учун нафақа ёрдами Қирғизистонга нисбатан каттароқ бўлса-да, Қозоғистондагидан камроқ.

Тошкентлик иқтисодчи Воҳид Умроевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда уч ёки ундан ортиқ фарзанди бор оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади.

Бундай оилаларнинг ҳар бири Ўзбекистон ҳукуматидан ҳар ой 284 минг сўм (33 АҚШ доллари) ёрдам пули олади, деди у Карвонсарой нашрига. Шу билан бирга, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик 577172 сўм (68 АҚШ доллари) суюнчи пули ҳам берилади, бу энг кам ойлик маошнинг икки бараварига тенг, деб қўшимча қилди у.

Шунингдек, оналар бола икки ёшга тўлгунга қадар ҳар ой 406 минг сўм (50 АҚШ доллари) нафақа пули олишади, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500