Карвонсарой
Дин

Қозоғистон нодавлат ташкилотлари терроризмга қарши кураш бўйича янги лойиҳаларни амалга оширади

Айдар Ашимов

«Аксилтеррор қўмита» жамоат бирлашмаси мутахассиси 14 март куни Таразда имомлар олдида нутқ сўзламоқда. (Терроризмга қарши кураш қўмитаси)

«Аксилтеррор қўмита» жамоат бирлашмаси мутахассиси 14 март куни Таразда имомлар олдида нутқ сўзламоқда. (Терроризмга қарши кураш қўмитаси)

НУР-СУЛТОН – Таҳлилчиларга кўра, Қозоғистондаги нодавлат ташкилотлар халқаро муассасалар ва ҳукуматнинг молиявий кўмагида зўравонлик экстремизмига қарши курашга оид муҳим лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Жумладан, март ойида Қозоғистоннинг «Аксилтеррор қўмита» республика жамоат бирлашмаси Қизилўрда, Туркистон ва Тараз шаҳарларида имом-хатиблар учун «Бағрикенгликни тарғиб этиш ва зўравонлик экстремизми ташвиқотига қарши курашнинг замонавий воситалари» мавзуида ўқув семинарларини ўтказди.

Семинарлар маърузалари Лондондаги «Уруш ва тинчликни ёритиш институти» (IWPR) ва радикализм таъсирига тушганларни реабилитация қилиш билан шуғулланувчи Нур-Султондаги «Акниет» нодавлат ташкилоти томонидан тайёрланган.

Маълумки, имом-хатиблар жума намозлари олдидан масжидга тўпланганларга мавъиза қиладилар. Семинарда олинган билим ва кўникмалар уларга ўз фаолиятларини самарали олиб боришга ёрдам беради.

Собиқ президент Нурсултон Назарбоев 18 март куни Остонада Қозоғистон мусулмонлари диний идораси вакиллари билан учрашуви чоғида. (Қозоғистон президенти матбуот хизмати)

Собиқ президент Нурсултон Назарбоев 18 март куни Остонада Қозоғистон мусулмонлари диний идораси вакиллари билан учрашуви чоғида. (Қозоғистон президенти матбуот хизмати)

Қўмита хабарига кўра, «маърузалар тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди, улар бу каби семинарларни давом эттиришга истак билдирдилар».

«Тадбирда тилга олинган масалалар замонавий вазиятда долзарб ҳисобланади – профилактик ишлар тактикаси ва мавзусидан тортиб, радикал оқимлар аъзолари билан индивидуал реабилитация ишлари олиб бориш методикасигача», дейилади хабарда.

Қўмита ходимлари Тараз, Туркистон ва Қизилўрда шаҳарларида бўлиб, маҳаллий ҳокимликлар ва хавфсизлик хизматлари вакиллари билан учрашувлар ўтказдилар. Натижада профилактика ва реабилитация ишларини ўтказишда «Аксилтеррор қўмита» жамоат бирлашмасининг потенциалидан фойдаланиш бўйича келишувга эришилди.

Террорга қарши курашга қўшилиш

«Бугунги кунда улкан салоҳият, кучли жамоа, бой тажриба ва ўз мутахассисларига эга нодавлат нотижорат ташкилотлари олдинга чиқмоқда», дейди Таразлик сиёсатшунос, «Бейбит Аспан» («Тинч осмон») нодавлат ташкилоти раҳбари Руслан Сексенбаев.

«Бу каби ташкилотлар зўравонлик экстремизмига қарши курашда давлатга катта ёрдам бериши мумкин», деди у.

Сексенбаевга кўра, 2016 йилда Олмаотада ташкил этилган «Аксилтеррор қўмита» жамоат бирлашмаси мамлакатда бу каби ишларни олиб боришда муваффақиятга эришган.

«Ташкилот таҳлилчилари ўз ҳамкасблари орасида обрў-эътибор қозонган бўлиб, «улкан ҳажмдаги билим ва амалий кўникмага эга», деди у.

Таъсисчилар таъбирича, аксилтеррор қўмитанинг асосий мақсади – «терроризм, экстремизм, наркожиноятчилик, ноқонуний миграция ва бошқа глобал таҳдидларга қарши курашда фуқаролар, жамият ва давлат органларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдан иборат», дейилади бирлашма сайтида.

Қозоғистонда 2018-2022 йилларга мўлжалланган диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш давлат дастурида «зўравонлик экстремизми тарқалишининг олдини олиш ва уни профилактика қилишга асосий эътибор қаратилган», деди қўмита раиси Аманжўл Уразбаев Карвонсарой билан суҳбатда.

Ҳукумат 5 йилга мўлжалланган ушбу дастур учун 1 млрд. АҚШ доллари (380 миллиард тенге) ажратишни режалаштирмоқда, деб қўшимча қилди у.

Унинг қайд этишича, ушбу маблағнинг асосий қисми, аввалгидек махсус бўлинмаларни техник жиҳозлаш учун эмас, балки зўравонлик экстремизми профилактикаси, реабилитация ва унинг тарқалишига қарши кураш билан шуғулланадиган ноҳукумат ташкилотлар ва бошқа тузилмаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Қўшимча чоралар

Аксилтеррор қўмита ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ўртасидаги ҳамкорлик радикализмга қарши узоқ вақтдан бери олиб борилаётган ишлар доирасида амалга оширилаётган бўлиб, 2017 йил март ойида бу икки ташкилот ўртасида имзоланган экстремизмнинг олдини олишга оид Ҳамкорлик меморандуми билан боғлиқдир.

Радикализмга қарши кураш, тажриба алмашинуви, таҳлил ишларини олиб бориш ва бу мавзуда маъруза ва ўқув курслари ташкил этиш меморандумнинг асосий мақсади ҳисобланади, дейилади Қозоғистон мусулмонлари диний идораси сайтида.

Бу орада, аксилтеррор қўмитанинг 18 март куни Остона шаҳрида ўтган мажлисида давлат органлари раҳбарлари зўравонлик экстремизмининг олдини олиш чоралари, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2396-сонли резолюцияси ижроси юзасидан олиб борилажак ишларни муҳокама қилдилар, дейилади Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси баёнотида.

Хавфсизлик кенгаши мазкур резолюцияни 2017 йил, 21 декабрь куни қабул қилган. Ҳужжат мамлакатларнинг терроризм ва зўравонлик экстремизмига қарши курашда ўзаро саъй-ҳаракатларни рағбатлантиришга қаратилган. Қозоғистон аксилтеррор қўмитаси 2013 йилда ташкил этилган.

Терроризмга қарши курашиш бўйича президентга таклифлар тайёрлаш, давлат органлари учун амалий тавсиялар ишлаб чиқиш ва террорчилик хавфини баҳолаш – қўмитанинг асосий вазифаларидир, дейилади КНБ сайтида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500