| Саломатлик

АҚШ силга қарши курашда Ўзбекистонга ёрдам беради

Максим Енисеев


USAID томонидан сил касаллигининг олдини олиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ маслаҳатчиси Навоий вилояти Гумбаз туманида яшовчи аёл билан суҳбатлашмоқда, март ойида олинган сурат. [USAID]

USAID томонидан сил касаллигининг олдини олиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ маслаҳатчиси Навоий вилояти Гумбаз туманида яшовчи аёл билан суҳбатлашмоқда, март ойида олинган сурат. [USAID]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон асрий офатга қарши курашар экан, АҚШ унга бу борада ўзининг қимматли ёрдамини тақдим этмоқда.

Мамлакатлар Ўзбекистон учун ҳали-ҳамон долзарб бўлиб турган силни енгиш йўлида бирлашмоқдалар. Қайд этиш керакки, Америка Қўшма Штатлари 20 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини яхшилашга кўмаклашиб келган. Ўзбекистон сил билан касалланиш ҳолатлари сони хавотирли даражада қолаётган Афғонистон билан 140 километрлик умумий чегарага эга.

Силга қарши кураш кунинг эртасига – 25 март куни АҚШ элчихонаси ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари англашув меморандумини имзоладилар.


АҚШнинг Ўзбекистондаги муваққат ишончли вакили Алан Мелцер ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиев силга қарши кураш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзоладилар, 25 март, Тошкент. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

АҚШнинг Ўзбекистондаги муваққат ишончли вакили Алан Мелцер ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиев силга қарши кураш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзоладилар, 25 март, Тошкент. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

АҚШ элчихонаси хабарига кўра, меморандум Ўзбекистонда сил касаллиги, айниқса, унинг дорига бардошли турларининг тарқалишига барҳам бериш бўйича икки мамлакат ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

АҚШ сил касаллигига қарши курашда Ўзбекистонга 1993 йилдан бери ёрдам бериб келади. Бу давр мобайнида Ўзбекистон ушбу касаллик билан билан боғлиқ ўлим ҳолатлари беш баробар камайди. Силга чалиниш ҳоллари эса қарийб икки баравар камайган. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги муваққат ишончли вакили Алан Мелцер меморандумни имзолаш маросимида маълум қилди, деб хабар беради Gazeta.uz нашри.

Халқаро хавотирлар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ўтган йил март ойидаги ҳисоботида айтилишича, сил касаллиги ҳамон дунёдаги энг кўп ажал келтирувчи касаллик бўлиб қолмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти баёнотига кўра, бутун дунёдаги шифокорлар 2000-йилдан бери силга чалинганларнинг азоб-уқубатларини камайтиришга уриниб, 54 миллион киши ўлимдан сақлаб қолишга муваффақ бўлганлар.

Ўтган йил март ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) илк маротаба сил касаллиги бўйича юқори даражадаги учрашувини ўтказган эди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ўзбекистон сил билан касалланиш даражаси ҳар 100 минг кишига 42,9 тани, ўлим кўрсаткичи эса ҳар 100 минг кишига 1,6 тани ташкил қилади.

«Авваллари силга қарши кураш ҳақида гапирган бўлсак, эндиликда яқин йиллар ичида инфекцияни бутунлай йўқ қилиш ҳақида сўзламоқдамиз, деди Ўзбекистон фтизиатрия ва пулмонология маркази раҳбари Наргиза Парпиева меморандумни имзолаш маросимида.

АҚШнинг Ўзбекистондаги муваққат ишончли вакили Алан Мелцерга кўра, ўтган йилдан бери USAID қарийб 2 минг нафар тиббиёт ходимининг малакасини ошириш, 40 та силни аниқлаш лабораторияларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ва Ўзбекистонда янги турдаги антибиотикларни жорий этишга кўмаклашган.

Элчихона хабарига кўра, АҚШ 1993 йилдан бери USAID агентлиги орқали соғлиқни сақлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистонга 120 млн. АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратган.

Дорига бардошли сил ва ижтимоий тамға

Бугунги кунда Ўзбекистон икки муаммо билан тўқнаш келмоқда: биринчиси – бу силнинг дорига бардошли янги турининг тарқалиши», дейди тошкентлик шифокор Муҳаммад Шоиров Карвонсарой билан суҳбатда. «Иккинчи муаммо – силга чалинганларнинг тамғаланиши».

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ўзбекистонда силнинг дорига бардошли турларига қарши курашувчи янги турдаги антибиотиклар жорий этилган.

Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида шу турдаги антибиотиклар билан 9 ойлик қисқа даволаш курслари йўлга қўйилмоқда. Шу билан бирга, 28 март куни Ўзбекистон ҳукумати антибиотиклар савдосини қатъий назорат остига олишини маълум қилди. Мутахассисларга кўра, Ўзбекистондаги дорихоналарда антибиотикларнинг эркин савдоси одамларда дорига бардошли бактерия штаммларининг пайдо бўлишига олиб келади.

Шунингдек, янги ўқув йилидан мамлакатдаги тиббиёт ОТМларида пулмонология ва фтизиатрия кафедраларида ординатура ва магистратура йўналишлари бўйича таълим олиш бепул бўлади, деб айтган Парпиева Gazeta.uz хабарига кўра.

Бу чора талабаларни силга қарши курашга жалб этиши кутилмоқда. Gazeta.uz хабарига кўра, 2021 йилга қадар силга қарши кураш тадбирлари учун давлат томонидан 118 млрд. сўм (14 млн. АҚШ доллари) йўналтирилади.

Тамғаланиш ҳақида сўзлар экан, Шоиров сил билан касалланган беморлар ўз дардини ошкор этишдан қўрқиб, даволанмаслигини айтган.

«Бу касалликка келиб чиқиши ва даромадидан қатъи назар, исталган киши чалиниши мумкин», деди у.

У ишхонада сил касалини юқтирган ўзбек ҳамшираси ҳақидаги воқеани тилга олди. Ҳамшира оиласига касал бўлганини айтишга жасорат топа олмаган, вақтида даволанмагани сабабли ҳаётдан кўз юмган.

Ушбу муаммони бартараф этиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва АҚШнинг «Project HOPE» нодавлат ташкилоти ўтмишда сил касали билан оғриб шифо топган беморлар ва фаол хотин-қизлардан иборат жамоаларни ташкил қилди.

Улар тушунтириш ишларини олиб борадилар, инфексия ва даволаниш кераклиги ҳақида сўзлайдилар, бепул сил текширувларидан ўтишни таклиф қиладилар.

«Одамлар менга тез ишонишади ва сил клиникасида текширувдан ўтишга розилик беришади», дейди ўтмишда сил касали билан оғриган собиқ бемор Шавкат Турсунбаев USAID билан суҳбатда. «Мен одамлар билан гаплашишини ва улар ўзларини хавфсиз ҳис қилишлари учун нима қилиш кераклигини биламан. Мен ўз ишимни яхши кўраман! Одамлар билан ишлаш менга мос иш. Агар яхшилик қила олсам ва одамларга ёрдам бера олсам, ҳаётим зое кетмаётганини тушунаман.»

Сил касалидан соғайган Турсунбаев ҳар куни Қаршини айланади ва силга чалиниш хавфи бўлган одамларни қидиради.

2015 йилдан бери Турсунбаев каби маслаҳатчилар сил касаллиги олдида заиф бўлган деярли 28 минг кишига ёрдам бериб, 148 та беморни даволаш масканларига жойлаганлар.

Сил касалига қарши курашиш зарурлигини кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида USAID 25 март куни Тошкентда расмлар, фотосуратлар ва брошюралардан иборат кўргазмани ташкил этди.

Сизга мақола ёқдими?

14
1
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha