Карвонсарой
Бизнес

Россия Марказий Осиёдаги аксилрақобатчилик сиёсатини яшириш учун ЕОИИдан фойдаланмоқда

Канат Алтинбаев

Олмаота супермаркетида «Рахат» конфетлари олдида турган болакайлар, 28 март куни олинган сурат. [Канат Алтинбаев]

Олмаота супермаркетида «Рахат» конфетлари олдида турган болакайлар, 28 март куни олинган сурат. [Канат Алтинбаев]

ОЛМАОТА – Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига (ЁИИ) аъзо мамлакатлар тадбиркорларининг айтишларича, Россия ўзининг ички бозоридаги корхоналарга рақобатчи бўлган Марказий Осиё компанияларига маҳсулот сотишни тақиқловчи агрессив сиёсат юритмоқда.

Қозоғистоннинг ширинликлар ишлаб чиқарувчи етакчи компанияси – «Рахат» бош директори Константин Федорецнинг февраль ойида Олмаотада ўтказилган матбуот ажнуманида маълум қилишича, Россия корхоналари «Рахат»ни доимий равишда судлашув жараёнларига жалб қиладилар, назоратчи органлар эса қозоқ компаниясининг маҳсулотларини тез-тез хатловга оладилар.

«Рахат»нинг Россия бозоридаги улуши 1 фоиздан ошмайди, шунга қарамай, Россия компаниялари ўз маҳсулотлари сифатини ошириш ўрнига хорижлик рақобатчи билан курашишнинг кескин усулларини танлаганлар, деди у.

Федорецнинг сўзларига кўра, Россия қандолатчилик компаниялари ҳукумат идораларига нисбатан таъсир кучига ва маҳаллий ҳокимият органлари: вазирликлар, божхона, солиқ идоралари раҳбарлари билан яхши алоқаларга эга. «Россия ҳамма ерда куч ишлатишни маъқул кўради, шу жумладан чакана савдода ҳам».

Март ойида Москвада ЕОИИга аъзо-мамлакатлар назоратчи органлари раҳбарлари ички бозорни нохавфсиз маҳсулотлардан самарали ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилдилар. [ЕОИИ]

Март ойида Москвада ЕОИИга аъзо-мамлакатлар назоратчи органлари раҳбарлари ички бозорни нохавфсиз маҳсулотлардан самарали ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилдилар. [ЕОИИ]

Бунинг натижасида 2018 йилда «Рахат»нинг Россияга экспорти 2 фоизга камайди. Россия ҳукумат идоралари «Рахат» маҳсулотларини доимий равишда мусодара қилавергани сабабли, Қозоғистон ширинликларини сотувчи Россия дўконларининг компания билан келгуси ҳамкорлиги шубҳа остида қолган.

Шу билан бир вақтда, Қозоғистон бозоридаги айрим хорижий қандолатчилик компаниялари маҳсулот таркибига қўйиладиган талабларни бажармайдилар, деди у Россия компанияларини назарда тутиб.

Маҳаллий давлат идоралари бозорни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоялаш учун «протекционизм ва омбудсманлик функцияларини» бажариши лозим, деб қўшимча қилди Федорец.

Тенгсизлик муҳити

Евроосиё иқтисодий иттифоқи 2015 йилда тузилган минтақавий иқтисодий ташкилотдир. У бир нечта собиқ Совет Иттифоқи мамлакати – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларус ва Арманистондан таркиб топган. Айни дамда унга Россия раислик қилади.

ЕОИИ Россия тадбиркорлари, сармояси ва маҳсулотлари учун қулай шароитлар яратган, айни вақтда иттифоққа аъзо бошқа мамлакатларнинг рақобатчи компаниялари тенгсиз ва оғир шароитларда ишлашга мажбур, дейди олмаоталик сиёсий таҳлилчи, «Янги Қозоғистон» сиёсий форуми иштирокчиси Расул Жумали.

Жумалининг айтишича, Россия «нобозор механизмлари ва ўз назоратчи органлари, жумладан Роспотребнадзорни ишга солади, у соғлиқни сақлаш стандартларининг бузилишини аниқлагандек бўлиб кўрингани билан, аслида рақобатчиларни йўқотади.

ЕОИИнинг иттифоққа аъзо мамлакатлар ўртасида савдо тўсиқларини бартараф этишга қаратилган қоидалари Қозоғистонга йирик, кучли молиявий қўлловга эга россиялик экспортчилардан ҳимояланиш имконини бермаяпти.

Россия компаниялари Россия дўконларидан «Рахат» ва бошқа қозоқ компанияларини сиқиб чиқариш орқали Қозоғистон бозорларига чиққанлар.

Москва шаҳар ҳокимияти маълумотларига кўра, 2018 йилда Қозоғистон Россия шоколадларини энг кўп импорт қилган мамлакат бўлди – харид қилинган қандолатчилик маҳсулотлари улуши 17,4 фоизни ташкил этди. Иккинчи ўринни 14,1 фоизлик кўрсаткич билан Беларусь, учинчи ўринни эса 11,1 фоиз билан Хитой эгаллади.

«Буларнинг бари ЕОИИнинг ҳеч қандай иқтисодий миссияга эга эмаслигини, балки у Россиянинг постсовет ҳудудда ўз таъсири ва аввалги мавқеини тиклаш йўлидаги сиёсий лойиҳаси эканлигини кўрсатади», деди Жумали.

Россия ЕОИИни ўз манфаатларини илгари суриш ва бошқа аъзо давлатларни ноқулай вазиятга қўйиш мақсадида яратди, дейди мустақил таҳлилчилар.

«Шартлар тадбиркорларимизнинг манфаатларини чеклайди», деди Жумали. «Шунинг учун ҳам улар Россиядан норози.»

Жумалига кўра, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ЕОИИ муқобили бўла олади.

«Республикамиз фуқаролари мана шу соҳада янги ташаббуслар яратаётган» Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан умид қилмоқдалар, деб қўшимча қилди у. Бу ташаббуслар иқтисодий, сув ва қишлоқ хўжалигидаги муҳим минтақавий муаммоларга ечим топа оладиган «Марказий Осиё давлатлари минтақа етакчилари ва бизнес ҳамжамияти уюшмасини ташкил этишни» ҳам ўз ичига олади.

«Умидлар пучга чиқди»

Бошқа давлатлар тадбиркорлари ЕОИИ уларнинг бизнесларига ҳам салбий таъсир кўрсатганини таъкидламоқдалар.

Масалан, маҳаллий тадбиркорларнинг сўзларига кўра, Қирғизистон иқтисодиёти Россиянинг арзон маҳсулотлари оқимидан азият чеккан.

«Қирғизистон ЕОИИ таркибига кирганидан кейин, мамлакат кийим-кечак саноатида оғир дамлар бошланди», деди Бишкекда кичик кийим-кечак корхонасига эгалик қилувчи Назира Урманаева Карвонсарой нашрига.

Урманаеванинг сўзларига кўра, Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлганидан сўнг, у ўз корхонасини ёпишга мажбур бўлган. Сабаби, ЕОИИга аъзо барча давлатлар Россиянинг юқори тарифларини қабул қилишлари керак бўлган, натижада ЕОИИга аъзо бўлмаган давлатлардан кириб келган матоларга янада юқори божхона тўловлари жорий этилган. Унинг бизнеси ўз рентабеллигини йўқотди.

Дастлаб ЕОИИ жозибадор эди, чунки у гўёки заиф иқтисодиётга эга кичик мамлакатларга ўз маҳсулотларини Россиянинг катта бозорига экспорт қилиш имкони берарди, деди Бишкекда жойлашган «Global Technology Solutions Co.» раҳбари ва иқтисодчи Искендер Шаршеев Карвонсарой нашрига.

«Аммо бу умидлар пучга чиқди», деди у.

Москва сифат стандартларининг бузилганини баҳона қилиб, Беларусь маҳсулотларига тўсиқ қўйишга урингани сабабли декабрь ойда Беларусь Россия бозорини тарк этиш билан таҳдид қилган.

«Ноҳалол рақобат мавжуд», деган эди ўшанда президент Александр Лукашенко. «Гап Беларусь маҳсулотларининг сифати ҳақида эмас. Улар доим табиийлиги билан ажралиб турган, Россия маҳсулотлари эса юқори даражадаги сунъий қўшимчаларга эга.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 8

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мақола менга ёқди! Муаммолар ҳақида дарҳол гапириш ва қарор қабул қилиш керак.

Жавоб бериш

Бу иттифоқча биздаги тадбиркорликни йўқотиш ва ифлос руслар томонидан тайёрланган ахлат пишлоқдан тортиб, Приоралар, нишонга етиб бормасдан портлаб кетадиган ракеталар ва ёнувчи самолётларгача бўлган Россиянинг бир тийинга қиммат сифатсиз маҳсулотларига қарамлик ҳосил қилиш учун тузилган.

Жавоб бериш

Россияданинг дастасида 9 та туз бор. Ва у ЕОИИда ҳам, МДҲда ҳам ҳамма билан тенг савдо қилмайди. Шунинг учун ҳам кўпчилик бу иттифоққа қўшилмайди, қўшилганлар эса чуқур афсусда.

Жавоб бериш

Аксил-Россия жазаваси шунақанги жонга тегдики

Жавоб бериш

Иттифоқдан тезроқ чиқиш керак, акс ҳолда Қозоғистондаги қолган корхоналар ҳам вайрон бўлади!!!

Жавоб бериш

Уларнинг дастидан ёқилғи нархи ҳам қимматлашиб кетяпти

Жавоб бериш

Божхона иттифоқи фақат Россия манфаати учунгина керак.

Жавоб бериш

Қозоғистонга бу иттифоқ керак эмас

Жавоб бериш