http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/04/09/feature-01
| Дипломатия

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси: терроризмга таълим воситасида барҳам бериш мумкин

Зоҳир Шоҳ Шерозий


Тошкентдаги Ўзбекистон Миллий университетининг талабалари дарсларга ошиқмоқдалар. [Максим Енисеев]

Тошкентдаги Ўзбекистон Миллий университетининг талабалари дарсларга ошиқмоқдалар. [Максим Енисеев]

ПЕШОВАР – Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари минтақада зўравонлик экстремизми ва терроризмга узил-кесил барҳам бериш йўлида таълимдан восита ўлароқ фойдаланишлари лозим, дейди Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Фурқат Сиддиқов.

Ўзбекистон ҳам қонунчиликка қатъий амал қилиш, ҳам «зўравонликка барҳам бериш йўлидаги таълимни» ўз ичига олувчи кўп қиррали стратегияни ишлаб чиққан, деб қайд этди Сиддиқов.

«Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган муҳим қадам – «кулранг рўйхатда бўлган имомларни ўқитиш ва қайта таълим бериш» бўлди, деди у, ҳукуматнинг 45 мингга яқин ўзбекни авф этиб, уларни рўйхатдан ўчириб ташлаганини қўшимча қилар экан.


Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Фурқат Сиддиқов (кўк костюм ва галстукда) 3 апрель куни Пешовар университетининг минтақавий тадқиқот маркази тадбирида иштирок этди. [Зоҳир Шоҳ Шерозий]

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Фурқат Сиддиқов (кўк костюм ва галстукда) 3 апрель куни Пешовар университетининг минтақавий тадқиқот маркази тадбирида иштирок этди. [Зоҳир Шоҳ Шерозий]

Ушбу рўйхат экстремизмда айбланган ёки гумонланганлардан иборат бўлган.

«Ўзбекистонда зўравонлик экстремизмига қарши курашишнинг бошқа йўллари ҳам бор – иқтисодий тараққиёт ва таълим орқали», деб қайд этди Сиддиқов.

Покистоннинг ўзи терроризмдан азият чекиб келган бўлса-да, Сидиқов мамлакатнинг экстремизмга қарши курашдаги ролини юқори баҳолади.

«Покистон жиноятчиларни енгиб, тинчлик – тараққиётнинг ягона йўли эканини исботлади», деди у. Элчи минтақадаги тинчлик Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ҳам иқтисодий, ҳам таълим йўналишидаги саъй-ҳаракатларига боғлиқ эканини таъкидлади.

«Зўравонлик кўринишларига барҳам бериш учун, биз янги иқтисодий имкониятларни яратишимиз ва таълим дастурларини кенгайтиришимиз лозим», дейди Сиддиқов.

Сиддиқовга кўра, Ўзбекистон минтақавий ривожланишни қўллаб-қувватлаш йўлида Покистон билан яқин муносабатлар тарафдори ва бир неча йил ичида Покистон билан йиллик савдо-сотиқни 90 миллион доллардан 300 миллион долларгача оширишга интилмоқда.

Шунингдек, у икки мамлакатнинг яқинлиги туфайли иқтисодий жиҳатдан самарали бўладиган таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга қизиқиш билдирган.

Сиддиқовнинг айтишича, ҳозирда мамлакатлар ўртасида қўшма корхоналар ташкил этиш борасида кескин ўсиш кузатилмоқда, сўнгги 20 йил ичида бу борада имзоланган битимлар сони 47 тани ташкил этган, 2018 йилнинг ўзида эса 21 келишув имзоланган.

Афғонистондаги зиддият

Қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш бутун минтақадаги барқарорликнинг калитидир, деб қўшимча қилди Сиддиқов.

«Афғонистондаги тинчлик Ўзбекистон учун биринчи даражали аҳамиятга эга. Тошкентда Афғонистон ҳукумати вакиллари иштирокида ўтказилган саммит унинг Марказий ва Жанубий Осиёда тинчлик йўлидаги қатъиятининг яққол тасдиғи бўлди», деди у 2018 йил 26-27 март кунлари Тошкентда ўтган Афғонистон келажаги бўйича халқаро анжуманни назарда тутиб.

Афғонистонда барча манфаатдор томонлар, шу жумладан, толиблар иштирокидаги музокаралар ёрдамида тинчликка эришиш мумкин, деб қайд этди Сиддиқов.

«Қўшнилар билан таълим ва иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик Афғонистонда тинчлик ва тараққиётни қайта тиклашга ёрдам беради», деди у.

Ўзбекистон терроризм баҳонасида ҳеч қачон Афғонистон билан чегараларини ёпиб қўймайди, деди у, бундай таҳдидлар Ўзбекистоннинг террорчиликка қарши курашиш, террорчиларни йўқ қилиш ва минтақада тинчликни тиклашга нисбатан қатъиятига тўсқинлик қилмаслигини таъкидлар экан.

«Бизга биродар мамлакат – Афғонистонда тинчлик қарор топсагина, минтақада барқарорлик бўлади», деди у.

Минтақавий тинчликка эътибор

Покистон ва Ўзбекистондаги мутахассислар минтақадаги тинчлик Афғонистонга боғлиқ, деган фикрда якдил.

«Минтақадаги давлатлар ҳудуднинг кенг қамровли ривожи учун тинчликни сақлаш ва қўллаб-қувватлашлари лозим», дейди Пешовар университетининг Минтақавий тадқиқотлар маркази собиқ директори доктор Азмат Ҳаятхон.

«Покистон ва Ўзбекистон минтақани барқарорлаштиришда муҳим роль ўйнаши мумкин, чунки Афғонистондаги тинчлик минтақавий барқарорлик учун муҳим аҳамият касб этади», деди у «Pakistan Forward» нашрига берган интервьюсида.

Афғонистондаги тинчлик, шубҳасиз, Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-сотиқ, туризм ва ижтимоий алоқаларни яхшилашга кўмаклашади, бунга Афғонистонда темирйўл ва автомобиль йўллари каби алоқа инфратузилмасини ривожлантириш орқали эришилади, дейди минтақавий тадқиқотлар маркази директори, доктор Шабир Аҳмад Хон «Pakistan Forward» нашрига.

Пешовардан Тошкентгача ва Карачигача бўлган масофалар деярли бир хил, бунда Тошкент билан Пешовар ўртасидаги йўл «Жалолобод, Кобул, Мозори Шариф, Термиз ва Бухоро»дан ўтади, деб қайд этди Хон.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар Афғонистон орқали автомобиль ва темирйўл алоқаларига эга бўлса, Покистон-Ўзбекистон алоқаларининг стратегик аҳамияти янада ортади.

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha