Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистондаги ҳибслар: экстремистлар террорчилик фаолияти учун жиноий йўл билан пул ундирмоқда

Ксения Бондал

МХҚ кучлари махсус операция чоғида қўлга олинган гумондорларни олиб чиқмоқда, Чимкент, 2019 йилнинг апрели. [МХҚ]

МХҚ кучлари махсус операция чоғида қўлга олинган гумондорларни олиб чиқмоқда, Чимкент, 2019 йилнинг апрели. [МХҚ]

ОЛМАОТА – Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) Чимкент шаҳар департаменти томонидан қўлга олинган уюшган жиноий гуруҳнинг олти аъзоси ўз террорчилик фаолиятини молиялаштириш учун таъмагирлик йўли билан пул ундиришда айбланган.

Гумондорлар маҳаллий тадбиркорлардан товламачилик йўли билан мунтазам равишда катта миқдорда пул ундириб келганлар, дейилади МХҚ матбуот хизматининг 5 апрель кунги хабарида. Ҳибслар Миллий гвардиянинг махсус бўлинмаси ёрдамида амалга оширилган.

«Жиноий гуруҳ аъзолари зўравонлик билан боғлиқ бир қатор жиноятларни содир этишда, жумладан, ўқотар қуролларни ишга солишда ҳам гумонланмоқдалар», деб хабар берган МХҚ. «Уюшган жиноий халқанинг асоси бир неча бор ўта оғир жиноят содир этганликда айбланган бузғунчи радикал ҳаракат аъзоларидан иборат бўлган.»

МХҚ хабарига кўра, гумондорлар маҳаллий тадбиркорларнинг бирига таҳдид қилиб, ундан зўравонлик билан 10 минг АҚШ доллари (3,8 млн. тенге) ундираётган пайтда қўлга олинганлар.

Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси кучлари томонидан 2019 йил апрель ойида Чимкентда уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинган, унинг аъзоларидан бири ерда ётибди. [МХҚ]

Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси кучлари томонидан 2019 йил апрель ойида Чимкентда уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинган, унинг аъзоларидан бири ерда ётибди. [МХҚ]

Тинтув чоғида МХҚ ходимлари томонидан яширин қурол-яроғ омбори топилган бўлиб, беш дона ўқотар қурол ва ўқ-дорилар мусодара қилинди. Айни вақтда қўлга олинганларнинг жиноятни содир этишдан диний мақсадларни кўзлагани текширилмоқда.

Яширин фаолият

«Ислом давлати»га (ИД) ўхшаш экстремистик гуруҳлар аъзолари террорчилик фаолиятини молиялаштиришнинг турли усулларини қўллайдилар. Суриядаги урушга қадар бу гуруҳ аъзолари тарқоқ ҳолда ҳаракат қилиб, исёнчилик тактикасидан фойдаланганлар.

Яъни, ҳар бир мамлакатда уюшган жиноий гуруҳлар тузилган, уларнинг баъзилар фаол бўлган ва террорчилик ҳаракатлари содир этган бўлса, бошқалари «уйқу режимида» бўлган, дейди МХҚнинг заҳирадаги полковниги олмаоталик Арат Нарманбетов Карвонсарой билан суҳбатда.

«ИД тор-мор этилганидан сўнг, кучларнинг бўлиниши бошланган», деди у. «Уларни енгиш мушкулроқ бўлиши учун яширин фаолият олиб боришга ўтганлар. Шу тариқа уйқудаги ячейкалар фаоллашишни бошлайди. Бу жараён Қозоғистонга ҳам таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар бор».

Нарманбетовга кўра, Қозоғистонда терактлар содир этиш ҳаракатларининг навбатдаги тўлқинига юзма-юз келиш хавфи мавжуд ва экстремистлар уларни молиялаштириш йўлида ҳеч нарсадан тап тормаслиги мумкин.

«Чимкентда қўлга олинган жиноий гуруҳ бунга мисол бўла олади», деди у.

«Тадбиркорлардан таъма йўли билан пул ундириш каби талончиликлар улар яхши тушунадиган усуллардан бири», деди у. «Бизнинг Марказий Осиё минтақасига яқин бўлган Афғонистонда бўлгани каби, экстремистлар фаол тарзда гиёҳвандлик моддалари етиштириш билан шуғулланадилар ёки нефть қувурига уланиб, у ердан нефть ўғирлаб сотишдан ҳам ҳазар қилмайдилар.»

Тадбиркорларни қўрқитиш

Қозоғистонда нефть ўғирлаш билан боғлиқ бу каби ҳолатлар аввал ҳам қайд этилган.

2006 йилда экстремистлар Қумкўл-Қорақайин қувуридан нефть ўғирлаб сотиш мақсадида Қизилўрда яқинидаги Қумкўл нефть кони ишчиларини йўлдан уришган. Ўғирланган хомашё 18 та махфий мини-заводларда турли хил нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун ишлатилган.

Нарманбетовга кўра, бундай йўллар билан топилган маблағ экстремистик мазмундаги адабиётлар чоп этиш ва тарқатиш, қурол сотиб олиш ва сақлаш, кейинчалик эса пайт пойлаб теракт содир этиш учун ишлатилади.

Чимкентдаги ҳибслар Қозоғистон куч ишлатар тузилмаларининг тадбиркорларни қўрқитаётган экстремистларни ҳибсга олиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас, дейди Нур-Султондаги геосиёсий тадқиқотлар институти директори Асилбек Избаиров.

«2014 йилда ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилган – Суриядан келган икки эркак тадбиркорлик билан шуғулланувчи амакисини ўғирлаб, унинг учун 10 минг АҚШ доллари (3,8 млн. тенге) товон пули талаб қилишни режалаштирган эди», деди у Карвонсаройга.

«Улар бу пулнинг 5000 долларини террорчилик фаолиятини молиялаштириш учун сарфлаш ниятида бўлганлар. Ўзларининг бузуқ ақидаларига кўра, улар бу ишни Аллоҳ учун, динни тарғиб қилиш йўлида амалга оширмоқчи бўлишган, бу эса исломни бузиб талқин қилишдир», деди у Карвонсаройга.

2004 йилда «Исломий жиҳод иттифоқи» аъзоларидан иборат жангари гуруҳ Чимкентда бир оиланинг мол-мулкини ўғирлаш учун унга ҳужум қилган ва оиланинг деярли барча аъзоларини ўлдирган эди.

Исломни бузиб талқин қилиш

Қозоғистон қамоқхоналарида экстремистлар ва оддий жиноятчиларнинг аралашуви билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган, деди Избаиров.

У қамоқхонада экстремистларнинг оддий жиноятчиларни ўзига оғдиришга уриниши билан боғлиқ ҳолатларни сўзлаб берди.

Экстремист оддий жиноятчининг олдига келиб, «исломни қабул қилса, барча гуноҳлари кечирилишини ва ҳаётини янгидан бошлаши мумкинлигини» айтади, дейди Избаиров.

Экстремистлар агар одам ғайридин бўлса, унинг мол-мулкини тортиб олиш, ҳатто уни ўлдиришни ҳам жоиз деб ҳисоблайдилар.

«Аслида эса Исломда ҳар қандай дин вакилининг мулки дахлсиз ҳисобланади», деди Избаиров.

«Экстремистларнинг бундай қонун-қоидаларни бузиши уларнинг тизимда ташқари экани ва дин билан ниқобланиб юришларини англатади», деб ўз сўзини давом эттиради у. «Уюшган жиноий гуруҳлар ислом асосларини бузиб талқин қилар ва уларни ўзига сингдирар экан, буни радикал мафкура эмас, балки террорчилик мафкураси деб аташ мумкин».

Унинг айтишича, экстремистлар тадбиркорлардан тортиб оладиган маблағнинг катта қисмини террорни авж олдиришга сарфлайдилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қўлга олинганларнинг исм-фамилиялари қани?

Жавоб бериш

Бунақаларни отиш керак. Бошқаларга ибрат бўлиши учун. Уларни панжара ортига ўтқизишдан нима фойда? Солиқ тўловчилар ҳисобидан боқиш учунми? Улар қамоқда эркинликдагидан кўра кўпроқ ишларни қилишади.

Жавоб бериш