http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/04/18/feature-01
| Хавфсизлик

Қозоғистон ва Ўзбекистон минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик битимини имзолади

Канат Алтинбаев

15 апрель куни Тошкентда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Қозоғистон йилини очиб бердилар. (Қозоғистон президенти матбуот хизмати)

15 апрель куни Тошкентда Қозоғистон мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев ўзбекистонлик ҳамкасби Баҳодир Қурбонов билан имзоланган келишувларни алмашиш чоғида. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

Қозоқ ҳарбийлари 12 апрель куни Олмаота вилоятида Қозоғистон мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевга сувли тўсиқларни енгиб ўтиш ва кўприк ўтказиш бўйича қўшма операцияларни намойиш этмоқдалар. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Қозоқ ҳарбийлари 12 апрель куни Олмаота вилоятида Қозоғистон мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевга сувли тўсиқларни енгиб ўтиш ва кўприк ўтказиш бўйича қўшма операцияларни намойиш этмоқдалар. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Қозоқ ҳарбийлари 12 апрель куни Олмаота вилоятида Қозоғистон мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевга сувли тўсиқларни енгиб ўтиш ва кўприк ўтказиш бўйича қўшма операцияларни намойиш этмоқдалар. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Қозоқ ҳарбийлари 12 апрель куни Олмаота вилоятида Қозоғистон мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевга сувли тўсиқларни енгиб ўтиш ва кўприк ўтказиш бўйича қўшма операцияларни намойиш этмоқдалар. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

НУР-СУЛТОН/ТОШКЕНТ -- Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳарбий ҳамкорликка эътибор қаратган ҳолда Марказий Осиёдаги хавфсизликни таъминлашга оид ҳамкорликни кучайтиришга интилмоқда.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 14-15 апрель кунлари Тошкентга расмий ташрифи давомида ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан иқтисодий ва ҳарбий шартномаларни имзолади.

Тўқаевнинг ташрифи Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг бошланиши билан бир вақтга тўғри келди. 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинганига дўстона жавоб тариқасида Ўзбекистон жорий йилни Қозоғистон йили дея номлади.


15 апрель куни Тошкентда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт ва мудофаа соҳаларидаги келишувларни имзоладилар. (Қозоғистон президенти матбуот хизмати)

15 апрель куни Тошкентда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт ва мудофаа соҳаларидаги келишувларни имзоладилар. (Қозоғистон президенти матбуот хизмати)

Расмий ташриф бир қатор стратегик масалалар, жумладан умумий чегарада савдо ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича халқаро марказ яратиш масалаларини қамраб олди, дейилади президент Тўқаевнинг расмий сайтида.

"Бу лойиҳани амалга ошириш билан биз чегаралараро савдони назорат қилиш, текширув ва чегара пунктлари инфратузилмасини яхшилаш, Марказий Осиёда йирик савдо ва логистика марказини яратиш имкониятига эга бўламиз", деб айтган Тўқаев.

Шу билан бирга, икки давлат углеводороддан олинадиган электр ва гидроэнергетика, импорт-экспорт, транспорт соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш, маданий, гуманитар ва ёшлар алмашуви соҳаларини кенгайтириши мумкин бўлади.

Мақсад – 2020 йилга бориб йиллик савдо ҳажмини 5 млрд. АҚШ долларига етказиш, деб айтган Тўқаев 5 апрель куни Тошкентда бўлган брифинг чоғида. 2018 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 3 млрд. АҚШ долларидан ошган. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати хабар берган.

Хавфсизлик ва барқарорлик

Тўқаевнинг расмий ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари ҳарбий ҳамкорликка алоҳида аҳамият қаратдилар.

Қўшма баёнотда Тўқаев ва Мирзиёев Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалаларини, жумладан, халқаро терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар контрабандаси, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва ноқонуний миграция муаммоларини ҳал қилиш йўлида биргалик иш олиб боришларини таъкидладилар.

Ташриф доирасида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳаво мудофааси, ҳарбий аэродромларни таъмирлаш ва мазкур аэродромлардаги ҳарбий самолётларни қўриқлашда ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Шунингдек, Қозоғистон Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон диний қўмитаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Бу шартномалар хавфсизлик соҳасида стратегик битим тузиш ва алоқаларни янгилаш йўлида амалга оширилган сўнгги чоралардир.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, 2017 йилнинг сентябрь ойида Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида имзоланган ҳарбий техникавий ҳамкорлик шартномаси 2018 йил февралда кучга кирган.

Шу билан бирга, ўтган йилнинг июль ойида Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида қўшма ҳарбий машқлар ўтказилди. Машқлар давомида қозоқ ва ўзбек махсус кучлари дронлар, ҳарбий самолётлар ва бошқа ҳарбий жиҳозларни тунги жангларда қўллашга оид машқларни бажаришди.

Биргаликда ишлаш

Қозоғистон ва Ўзбекистон миллий ва минтақавий хавфсизлик таҳдидларига қарши курашда биргаликда ишлай олади. Бу ҳақда Нур-Султонлик ҳарбий таҳлилчи ва Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институтининг бош тадқиқотчиси Георгий Дубовцев Карвонсаройга сўзлаб берди.

Унинг айтишича, Афғонистон масаласида бу террорчилик, диний экстремизм, наркотрафик, трансмиллий жиноят ва ноқонуний миграцияга қарши курашишдаги жамоавий ҳаракатдир.

Шу муносабат билан, икки раҳбар Афғонистонни қайта тиклаш учун бирлаштирувчи кучларга устувор аҳамият бериши, Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва Афғонистон билан узоқ муддатли, дўстона ҳамкорликни давом эттиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаб, транспорт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида кенг кўламли лойиҳалар орқали бошқа чораларни амалга оширади.

Улар, шунингдек, 2018 йил мартда Тошкент мезбонлигида ўтган Афғонистондаги тинчлик жараёнига бағишланган халқаро анжуман каби ташаббусларнинг муҳимлигини қайд этганлар.

Дубовцевга кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ҳаво мудофааси бўлинмалари қўшма ҳарбий машғулотларда иштирок этадилар, ҳаво кемаларини қўриқлаш тўғрисидаги битим эса ҳарбий хизматчилар бир мамлакатдан бошқасига тўсиқсиз олиб ўтилишини кафолатлайди.

«Ҳарбий-техникавий соҳада мудофаа саноати корхоналари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилади ва унинг доирасида қурол-яроғ ва ҳарбий маҳсулотларнинг биргаликда ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин», деди Дубовцев.

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш

Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда энг кўп аҳолига эга икки мамлакат сифатидаги ҳамкорлиги минтақага оид ишларга ҳар доим ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган, дейди Тошкентдаги «Билимлар карвони» таҳлилий маркази раҳбари Фарҳод Толипов.

«Тошкент ва Нур-Султон Марказий Осиёда беш мамлакат (Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон) форматида жамоавий хавфсизлик бўйича минтақавий тизимни яратишга оид ташаббусларни биргалик ишлаб чиқишлари мумкин», деди у.

Тошкентлик сиёсатшунос Валерий Хан 2017 йилда Карвонсаройга берган интервьюсида Мирзиёев даврида Ўзбекистоннинг қўшнилар билан ҳамкорликка оид ташқи сиёсатида бошланган бурилиш Марказий Осиёдаги кучлар мувозанатини тубдан ўзгартириб юборганини айтган эди.

«Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақадаги энг қудратли қуролли кучларга эга. Бу икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ва дўстлик минтақадаги барқарорликни таъминлаш томон қўйилган катта қадамдир», деган эди у ўшанда Карвонсарой билан суҳбатда.

«Икки мамлакат ўртасида Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев даврида бошланган яқинлашув жараёни унинг издошлари томонидан давом эттирилишига шубҳа йўқ», деди у.

«Мамлакатдаги бўлажак сайловлар натижаси қандай бўлишидан қатъи назар, Қозоғистоннинг ўз қўшнисига нисбатан ташқи сиёсати ўзгармайди», деди Хон, июнь ойида бўлиб ўтадиган президент сайловларини назарда тутиб.

(Ушбу мақолани тайёрлашга Тошкентдан Максим Енисеев ўз ҳиссасини қўшган.)

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha