Карвонсарой
Таҳлил

Афғон уруши ҳақидаги салбий фильм Россияда тақиқланиши мумкин

AFP ва Карвонсарой

«Биродарлик» фильмидан олинган кадр: Афғонистондаги совет аскарлари.

«Биродарлик» фильмидан олинган кадр: Афғонистондаги совет аскарлари.

МОСКВА – Кинорежиссёр мудҳиш низони ҳаққоний тасвирлаганини эътироф этган бўлса-да, Россия Афғонистондаги совет аскарлари ҳақидаги бу фильмни катта экранларга чиқариш ёки чиқармаслик ҳақида ўйламоқда.

Уолт Дисней компаниясининг маҳаллий бўлими томонидан намойишга чиқариладиган «Биродарлик» фильми яқинда экран юзини кўрган, ташвиқотга тўла эканлиги сабабли бир қатор собиқ Совет мамлакатлари томонидан рад этилган ватанпарварлик руҳидаги «Қрим кўприги. Меҳр билан қурилган!» блокбастеридан анча фарқ қилади.

Россиялик режисёр Павел Лунгин томонидан суратга олинган «Биродарлик» фильмида 1979-1989 йиллардаги Совет-Афғон урушининг сўнгги ойларида совет аскарлари маст ҳолатда талон-тарож билан шуғуллангани акс эттирилган. Бу урушда 14 минг совет аскари қурбон бўлган.

Кинофильм премьераси даставвал 9 майга мўлжалланган эди. Ҳар йили шу куни Россия Иккинчи жаҳон урушида нацистлар устидан қозонилган ғалабани Қизил майдонда йирик парад билан нишонлайди.

Саричадаги (Панжшер вилояти) Совет давридан қолган вертолёт қолдиқлари. 7 февраль, Афғонистон, Кобул шимоли. [Вакил Коҳсар/AFP]

Саричадаги (Панжшер вилояти) Совет давридан қолган вертолёт қолдиқлари. 7 февраль, Афғонистон, Кобул шимоли. [Вакил Коҳсар/AFP]

15 февраль куни Москвада совет қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишига 30 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган маросимда ҳарбийча қадам ташлаб бораётган фахрийлар ва бошқа иштирокчилар. [Александр Неменов/AFP]

15 февраль куни Москвада совет қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишига 30 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган маросимда ҳарбийча қадам ташлаб бораётган фахрийлар ва бошқа иштирокчилар. [Александр Неменов/AFP]

Аммо афғон уруши фахрийлари ва унда ҳалок бўлганларнинг қариндошлари урушда иштирок этганларни ҳақорат қилмоқда дея, фильм борасидаги режаларнинг ўзгаришига сабаб бўлдилар.

Чоршанба (17 апрель) куни Россиядаги Дисней компаниясининг маркетинг бўйича вакили Елена Бродская Россиялик ахборот агентликларига фильм Маданият вазирлиги билан келишилганидек, режадагидан бир кун кечроқ экранларга чиқиши ҳақида хабар берган.

Диснейнинг Россиядаги сайтида ҳам фильм 10 май куни экранларга чиқиши эълон қилинган.

Афғонистондаги Совет қўшинлари асосий контингентининг собиқ қўмондони Борис Громов фильм намойишига масъул бўлган Маданият вазирлигига юборган хатида уни қаттиқ танқид остига олган.

Бу «классик қора русофобияга мисол», деб ёзган у.

«Биродарлик» совет аскарларини «бир тўда зоти пастлар, ўғрилар, қаллоблар, қотиллар ва разиллар» каби акс эттирган, деб қўшимча қилган у.

Громов 10 мингдан ортиқ фахрийлар уюшмасига раҳбарлик қилади ва вазирликдан фильм намойишининг тўхтатилишини талаб қилмоқда.

Лунгин «ёшларни ҳарбий хизматдан бездирадиган, ватанпарварликдан йироқ бўлган фильмни суратга олган», деб айтган бошқа бир собиқ ҳарбий Игорь Морозов AFP нашрига. У айни дамда парламентнинг фан, таълим ва маданият бўйича қўмитаси раиси ҳисобланади.

Фильмда «аскарларимиз карвонларни талаётгани, ёқалашаётгани ва кўчаларда ичкилик ичаётгани кўрсатилган», деди у. Бу «ҳалок бўлган совет аскарлари хотирасига» ва «давлат имиджига путур етказади».

Уруш Москванинг шармандали тарзда аскарларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиши билан тугади ва ҳатто совет раҳбарияти томонидан қўпол ташқи сиёсий хато дея қораланган эди.

Сўз эркинлиги чекланмоқда

Лунгиннинг шафқатсиз фильмига оид шов-шув йиллар давомида Россия президенти Владимир Путин қўли остида сўз эркинлигининг чекланишидан кейин пайдо бўлди. Унинг ҳукумати анча вақтдан бери мустақил газеталар ва телеканалларнинг эркинлиги чеклаб келган бўлса, эндиликда интернет Россия цензурасининг кейинги нишонига айланиб боряпти.

Март ва апрель ойларида Кремль интернетда сўз эркинлигини чеклашга ўтди.

Апрелда парламентнинг қуйи палатаси қабул қилинган тақдирда «Москванинг интернет сегменти устидан дахлсизлигини кучайтирувчи» қарор лойиҳасини тасдиқлади. Бу ҳақда Рейтер хабар берган.

Март ойида Путин «жамият, давлат, расмий давлат рамзлари ва Россия конституциясига» нисбатан «очиқдан-очиқ ҳурматсизлик» қилувчи онлайн контентни тақиқловчи қарорни имзолади. Бу ҳақда уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси хабарида айтилади.

Цензуранинг янги тури

Россиянинг маданий арбоблари совет тарихини, жумладан, Иккинчи жаҳон урушини ижобий акс эттирувчи кинематографияни молиялаштириш ва тарғиб қилиш ҳаракатларини фаоллаштирганлар.

Яқинда давлат томонидан спорт соҳасидаги ютуқлар, фазовий пойгалар ва Қримнинг ноқонуний тарзда аннексия қилинганига ижобий тус берувчи бошқа фильмлар ҳам молиялаштирилган эди.

Ўтган йили Россия мудофаа вазирлиги Британиялик ёзувчи ва режиссёр Армандо Януччининг «Сталиннинг ўлими» деб номланган қора комедисини тақиқлаган.

Иккинчи жаҳон уруши вақтида Ленинграднинг қамал қилингани ҳақидаги комедияни суратга олган россиялик режиссёр кинематографик релиз учун ариза топшириш ўрнига, ўз фильмини интернет орқали чиқаришга қарор қилган ва депутатларнинг ғазабига дучор бўлганди.

«Биродарлик» фильмининг режиссёри Лунгин AFP билан суҳбатда Маданият вазирлиги мутасаддиларидан эмас, балки нуфузли фахрийлар гуруҳидан келиб чиқаётган «цензуранинг бу каби янги туридан» ҳайратда эканини айтган.

«Мен урушнинг авж палласида қурбон бўлган йигитлар билан ўзларини таққослаб кўришлари учун, ёшларга мўлжалланган ҳаққоний фильм суратга олмоқчи эдим», деди у.

Фильмнинг ғояси низонинг айрим қисмларида иштирок этган Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) собиқ раҳбари Николай Ковалёвдан чиққан, деб қайд этди Лунгин.

«Ўлимидан сал олдинроқ, шу ой 69 ёшни қаршилаган Ковалев мени натижа билан табриклади ва фильмга оқ фотиҳа берди», деди Лунгин.

«Биз тарихимизни улуғлашни бас қилиб, жангчилар томонидан Афғонистон ва Чеченистонда қолдирилган жароҳатлар ҳақида сўзлашни бошлашимиз керак», деб қўшимча қилди у.

Тарихга қайта бўёқ бериш

Фильм ҳақидаги шов-шув февраль ойида, совет қўшинларининг Афғонистонга олиб чиқилганига 30 йил тўлганидан кўп ўтмай кўтарилган.

Айрим собиқ аскарлар ушбу оғриқли тарихий воқеани миллий хавфсизлик манфаатлари нуқтаи назаридан оқлашга уринганлар.

2015 йилда Путин интервенцияни оқлаб, совет ҳукуматининг «реал таҳдидларга» қарши курашишга ҳаракат қилганини баён қилар экан, айни вақтда «кўплаб хатоларга» йўл қўйилганини тан олган.

Январь ойи охирида эса Россия парламентининг мудофаа қўмитаси совет қўшинлари афғон ҳукуматига «террорчилик ва экстремистик гуруҳларга» қарши курашга ёрдам бергани ҳақидаги резолюция лойиҳасини маъқуллади.

Шундай бўлса-да, резолюция лойиҳаси ялпи мажлисда яна овозга қўйилади. Бу ҳукуматниг ушбу оғриқли ҳодисага расмий равишда қайтиш истаги йўқлигини акс эттиради.

Сўнгги йилларда Ғарбнинг қудратли давлатлари билан муносабатлари кескинлашар экан, «Россия Ғарбга нисбатан янги қаршилик амалиётларини оқлаш мақсадида Совет ўтмишини қайта тирилтирмоқда», деган эди февраль ойида Россиядаги «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ташкилотининг таъсисчи аъзоси Ирина Шербакова. AFP билан суҳбатда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 7

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ахир бу америкослар ҳомийлигидаги сайт-ку; шунинг учун дангал ёзишмоқда. Улардан яхши ёки ҳаққоний хабарлар кутманг. Пиндослар шармандаларча қочиб кетган Ветнамдан фарқли ўлароқ, Афғонистонда СССР томонидан қўллаб-қувватланган режим қўшинлар олиб чиқиб кетилганидан кейин яна бир неча йил сақланиб қолди. Кейин ўша Толибон [америкаликлар] етказиб берган қуроллар ёрдамида янкиларнинг додини берди.

Жавоб бериш

Афғонистондаги россиялик босқинчилар ҳақида ҳаққоний фильм.

Жавоб бериш

Нима учун советлар у ерга бориб, Афғонистон фуқароларини ўлдирган?... Нима бўлганда ҳам таъзирини еб, занг босган думини қисиб қочиб кетган.

Жавоб бериш

Совет иттифоқи 1979 йил февраль ойида Эронда муваффақият билан бошланган ва ўзининг геосиёсий таъсирини тарқатиш билан хавф солиб турган ислом революцияси Яқин Шарқ ва Марказий Осиёда ёйилишининг олдини олиш мақсадида Афғонистонга қўшинларни киритган. Шу сабаб 1979-1989 йилларда Эрон ва Ироқ уруши билан Эрон ғарбда блокланган бўлса, шарқдан совет-афғон уруши билан тўсилган. Билишимизча, буларнинг иккиси ҳам бир вақтда "мутлақо натижасиз" тугаган.

Жавоб бериш

АҚШ ва НАТО занглаган думини қисиб, Афғонистондан қочиб қолган. СССР эса шон-шараф билан тарк этган. Буни ҳеч қачон унутма.

Жавоб бериш

Муаллиф ким? Исми? Жавоб бермаслигингизни билганим учун шундай дейман - карвонсаройчилар, бекорларни ебсизлар

Жавоб бериш

Тарихни «ўзгартириб» хотиржам бўляпсизми. Қурбонлар хотирасини мазах қилманг. Сиздақа қўштирноқ ичидаги «инсофлиларни» деб бутун дунёда фашизм кучаймоқда. Афғонда одамлар ҳалок бўлаётган вақтда режиссёр дискотекалардан бўшамаган кўринади.

Жавоб бериш