| Терроризм

Тор-мор этилган ва қувғинликда юрган ИД етакчиси беш йил деганда видеода кўриниш бергани айтилмоқда

Salaam Times


Душанба (29 апрель) куни «Ислом давлати» Абу Бакр Бағдодий номидан видеомурожаат йўллаган. Суратда: YouTube тармоғидан олинган видеолавҳа кадри. Таҳлилчилар ва видеога фикр-мулоҳаза билдирганлар ИД етакчисини қоралаганлар.

Душанба (29 апрель) куни «Ислом давлати» Абу Бакр Бағдодий номидан видеомурожаат йўллаган. Суратда: YouTube тармоғидан олинган видеолавҳа кадри. Таҳлилчилар ва видеога фикр-мулоҳаза билдирганлар ИД етакчисини қоралаганлар.

Видеода кўриниш берган қочувдаги «Ислом давлати» (ИД) етакчисининг «халифалик» қолдиқларини тўплашга уринаётгани кузатувчиларнинг танқидига учраган.

BBC хабарига кўра, ИД душанба (29 апрель) куни интернетга чиқарган видеолавҳа апрель ойида тасвирга олингани айтилади.

18 дақиқалик видеолавҳада Абу Бакр Ал-Бағдодий эканлиги иддао қилинган эркакнинг бошқа ИД аъзолари билан суҳбатлашаётгани акс этган, деб хабар беради Америка овози (VOA).

Видеода ал Бағдодий экани айтилган эркак гуруҳ назоратидаги сўнгги ҳудуд бўлган Суриядаги Боғуз қишлоғи бой берилганини тан олади. Ушбу ҳудуд март ойида коалиция қўлловидаги кучлар томонидан қўлга киритилган эди.

«Боғуз учун кураш тугади», деб айтган у.

У бутун дунё бўйлаб тарқаган издошларини бирлаштириш мақсадида 21 апрель куни Шри-Ланкада насронийларнинг байрами чоғида содир этилган қонли ҳужумлар Боғузнинг тор-мор этилганига жавоб ўлароқ амалга оширилганини даъво қилган.

«Бугун тарқаган видеолавҳадан хабардормиз», деб айтган АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Майкл Лавалли Америка овозига кўра. «Таҳлилчилар видеолавҳани текширадилар, унинг ҳақиқийлигини разведка хизмати тасдиқлайди.»

Видеонинг ҳақиқийлиги исботланадиган бўлса, бу Ал-Бағдодийнинг 2014 йилдан бери илк марта кўриниш бериши бўлади. Ўшанда у Ироқнинг Мосул шаҳрида нутқ сўзлаган эди.

ИДнинг мағлубияти коалиция кучларининг ҳам ердан, ҳам ҳаводан берган зарбалари натижасида тезлашган.

BBC хабарига кўра, 2014 йил охири ва 2015 йил бошида гуруҳ ўзининг чўққисига кўтарилган ва Сурияда 88 минг квадрат километрлик ҳудудни назорат қилган. У 2017 йилда Мосул ва ал Раққани бой берди, ва охир-оқибат, Боғуз қишлоғидаги бир парча ҳудуднигина сақлаб қола олди.

«Номуносиб»

АҚШ кучларига қарши курашда минглаб жангарилар ҳалок бўлаётган бир вақтда, бир неча йиллар давомида яшириниб келган ИД етакчиси кузатувчиларнинг танқиди остида қолиб кетган.

«Қандай қилиб ўзиники бўлмаган ерни йўқотгани учун бошқалардан ўч олиш мумкин?» дея савол беради пешоварлик сиёсий таҳлилчи Хадим Ҳусайн. «Одамларга кўриниш бермайдиган кимса уюшган қонуний армияга қарши қандай курашади?»

Ал-Бағдодийнинг тақдири бир неча йиллардан бери фаолияти сустлашиб бораётган покистонлик террорчиларникига ўхшаб кетади, деб айтган у Salaam Times нашрига.

Халқаро ҳамжамият ўз ташвиқотида тинч аҳолига нисбатан ваҳшийликларни тарғиб қилувчи ИДнинг қайта тикланиши йўлидаги ҳар қандай ҳаракатга қаршилик қилади, деди Пешовар университетининг халқаро муносабатлар бўйича мутахассиси доктор Атоуллоҳ Хон Salaam Times нашрига.

У «ИД қуролсиз аҳолига қарши шафқатсизлик билан муносабатда бўлганини» таъкидлаган.

Пешоварлик диний арбоб мавлоно Жомил Қурайший Salaam Times нашрига берган интервьюсида Ал-Бағдодий акс этган видеони ножўя деб атади. «ИД фаолияти Қурон таълимотига зид.»

Афғонистонда ИД учун бошпана йўқ

Видеони томоша қилган афғонистонлик таҳлилчининг сўзларига кўра, унинг бу уриниши Афғонистонда гуруҳ мавқеининг тикланишига сабаб бўлади деб ўйлаш хомхаёлдан бошқа нарса эмас.

«Бундай видеолавҳалар ИШИД ўз жангариларини тўплаш қобилиятини йўқотгани сабабли ташвиқот ўлароқ қабул қилиниши мумкин, холос», дейди Salaam Times нашри билан суҳбатда кобуллик сиёсатшунос Азиз Станекзай ИДнинг муқобил номини тилга олиб.

Гуруҳ «Ироқ ва Сурияда йирик мағлубиятга» учради ҳамда Афғонистонда афғон ва коалиция кучлари тарафидан тор-мор этилди, деб қайд этди у. «Ўтган икки-уч йил давомида афғонистонликлар ИД жангариларини ҳеч қаерга киритмаганлар.»

«Биринчидан, Ал-Бағдодий тор-мор этилган жангариларининг жанговар руҳиятини кўтаришга ҳаракат қилмоқда», деди Афғонистон ижроия ҳокимияти раҳбари Абдулла Абдулланинг ўринбосари Насрулло Мусодиқ. «Иккинчидан, у гуруҳнинг қайта жонланаётганини кўрсатмоқчи.»

«Афғонистон ҳукумати ва халқаро ҳамжамият ушбу гуруҳни янчиб ташлашга тайёргарлик кўриши керак», деб маслаҳат берди Мусодиқ коалиция ва маҳаллий кучларнинг Ироқ, Сурия ва Афғонистонда ИДни тор-мор этиб бўлгани ҳақидаги Станекзайнинг сўзларига қўшилар экан.

[Ушбу мақолани тайёрлашга Пешовардан Ашфақ Юсуфзай ва Кобулдан Сулаймон кўмаклашди.]

Сизга мақола ёқдими?

81
46
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha