Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Facebook Россиянинг зарарли таъсир чоралари сабабли унга тегишли яна бир қанча аккаунтларни ўчириб ташлади

AFP

Американинг Facebook онлайн ижтимоий тармоқ компанияси логотиплари сурати. [Loic Venance / AFP]

Американинг Facebook онлайн ижтимоий тармоқ компанияси логотиплари сурати. [Loic Venance / AFP]

Ижтимоий тармоқлар орқали Россиядан туриб олиб борилаётган зарарли таъсир чоралари давом этар экан, Facebook Россия тарафидан очилган саҳифалар, гуруҳлар ва аккаунтлардан яна бир қанчасини ўчириб ташлаган.

Душанба куни Facebook маъмурияти Россия билан боғлиқ яна бир қанча саҳифалар, гуруҳлар ва аккаунтларни ўчириб ташлади, уларнинг ортида ким тургани ва нималар билан машғул экани ҳақидаги маълумотлар чалкаш бўлган.

Facebook ва унинг суратлар учун мўлжалланган Instagram ижтимоий тармоғи бу аккаунтларнинг мақсади ва уларнинг ортида ким тургани шубҳали бўлгани учун шундай чораларга қўл урган. Facebook бу чораларни «мувофиқлаштирилган шубҳали ҳаракатлар»га қарши кураш чораси ўлароқ таърифлаган. Бу чора-тадбирлар доирасида аввал ҳам кўплаб сохта аккаунтлар ўчириб ташланган эди.

«Биз иккита алоҳида, бир-бирига боғлиқ бўлмаган операцияларни аниқладик. Уларнинг иккови ҳам Россиядан туриб, бир-бирига ўхшаш тактикага билан амалга оширилган. Улар ўзларининг ким эканликлари ва нима билан шуғулланишлари борасида одамларни чалкаштириш учун бир қанча аккаунтлардан иборат тармоқ яратганлар», деб ёзган Facebook компаниясининг кибер-хавфсизлик сиёсати бўйича раҳбари Натаниэль Глейхер 6 май куни ўз блогида.

Facebook томонидан ўчириб ташланган пост.

Facebook томонидан ўчириб ташланган пост.

Ижтимоий тармоқ маъмурияти улар жойлаштирган контентга эмас, балки ушбу аккаунтлар ортида турганларнинг чалғитувчи хатти-ҳаракатларига асосланиб шундай чора кўрган, деб қўшимча қилди у.

Компания бундан аввал – март ойида ҳам Россия билан боғлиқ 2600 саҳифа, гуруҳ ва аккаунтларни ўчириб ташлаган эди. Улар Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларида мувофиқлаштирилган зарарли таъсир чоралари билан шуғулланган.

Мазкур операциялар Россия, Эрон, Шимолий Македония ва Косово билан боғлиқ бўлган, деб ёзади Facebook компаниясининг киберхавфсизлик сиёсати бўйича раҳбари Натаниэль Глейхер ўз блогида.

Facebook маъмурияти бундан икки ой аввал Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга қаратилган зарарли таъсир амалиётларини олиб бориш учун очилган 500дан ортиқ саҳифалар, гуруҳлар ва аккаунтларни ўчириб ташлаган.

2018 йилнинг апрель ойида эса компания бутун дунё бўйлаб жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишга уринган Россиянинг «троллар фабрикаси»га алоқадор Facebook ва Instagram аккаунтлари ўчирилганини эълон қилган эди.

Глейхернинг сўзларига кўра, бу ҳафтада Facebook томонидан ўчирилган 97 та аккаунт, саҳифа ва гуруҳ диққат марказида бўлган.

Унинг айтишича, саҳифа ва гуруҳларни бошқариш, контент тарқатиш ва уларга қизиқишни орттириш, шунингдек, одамларни ташқи сайтга жалб қилиш учун сохта аккаунтлардан фойдаланилган.

Аккаунтлар асосан, Шарқий Украинадаги ҳарбий низолар, Суриядаги фуқаролар уруши, Россиянинг сиёсати каби маҳаллий ва сиёсий янгиликларни чоп этиб борган, дейилади блогпостда.

Facebook аккаунтлар ортида кимлар турганини очиқламади.

Алоқадор саҳифаларнинг ҳар бирида деярли 34 минг кузатувчи бўлган ва битта гуруҳнинг камида 86 минг аъзоси бўлган, деди Глейхер. Бир йил аввал намойиш этилган Facebook рекламасига атиги бир доллар сарфланган.

«Биз бу аккаунтлар ва саҳифаларнинг баъзиларини Украинадаги сайловлардан олдин ўчирилган аккаунт ва саҳифаларни тергов қилиш орқали аниқладик», деди у. «Таҳлилларимизга оид маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, қонун чиқарувчилар ва соҳадаги ҳамкорлар билан бўлишдик.»

Бунга қўшимча равишда, ўз эътиборини Австрия, Болтиқбўйи давлатлари, Германия, Испания, Украина ҳамда Британияга қаратган 21 та Facebook ва Instagram аккаунтлари ҳам ўчирилган, дейилади компания баёнотида.

Facebook хабарига кўра, бу аккаунтлар иммиграция, дин ва НАТО каби сиёсий мавзуларда контент жойлаган.

Глейхернинг сўзига кўра, ушбу кампания шахсияти яширин бўлган сохта аккаунтлардан фойдаланган ҳолда «махсус хизматлар номидан фаолият олиб борувчи жамоат арбоби ҳақидаги иддаоларга» алоҳида урғу берган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россиянинг ифлос пропагандасига ҳамма ерда барҳам берилиши керак

Жавоб бериш

Бу нима бемаънилик? Маъноси йўқ бир талай гап... Беҳуда сўзлар йиғиндиси... Охиригача базўр ўқидим... Мақола эмас, турган-битган сафсата..

Жавоб бериш

Энди Фейсбук нажосатлардан пок.

Жавоб бериш

Омийн

Жавоб бериш