Карвонсарой
Терроризм

«Ислом давлати» ўз сафига ўқимишли ёшларни ёллашга интилаётгани хавотирга сабаб бўлмоқда

Зиёур Раҳмон

Қозоғистоннинг Тараз шаҳридаги майдонда селфи олаётган тиббиёт олийгоҳининг биринчи курс талабалари, 9 май (Айдар Ашимов)

Қозоғистоннинг Тараз шаҳридаги майдонда селфи олаётган тиббиёт олийгоҳининг биринчи курс талабалари, 9 май (Айдар Ашимов)

КАРАЧИ – Хавфсизлик хизматлари ходимлари ва фаолларнинг сўзларига қараганда, «Ислом давлати» сингари террорчи гуруҳлар қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун ўқимишли ва бадавлат ёшларга ўз эътиборини қаратган. Шри-Ланкада Пасха байрами куни амалга оширилган худкушлик ҳужумлари шундан далолат бермоқда.

Бутун дунё бўйлаб турли ибодатхоналар ва жамоат жойларига ҳужум қилган «Ислом давлати» гуруҳи 21 апрель куни Шри-Ланкадаги учта черков ва тўрт меҳмонхонада содир этилган туркум портлашларни ўз зиммасига олди. Терактлар оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлган ва жароҳатланган.

24 апрель куни Шри-Ланка давлат мудофаа вазири Руван Вийевардене 9 нафар худкуш-террорчининг аксари ўқимишли ва ўзига тўқ оила фарзандлари бўлганини маълум қилди.

Ўзини портлатганларнинг кўпчилиги «моддий жиҳатдан яхши таъминланган оилалардан бўлган». Айримлари чет элда ўқиб қайтган, деди Виевардене матбуот анжумани чоғида.

Видеолавҳадан олинган кадрда «онлайн жиҳод»да иштирок этаётган «Ислом давлати» тарафдорларидан бири акс этган. (Файл)

Видеолавҳадан олинган кадрда «онлайн жиҳод»да иштирок этаётган «Ислом давлати» тарафдорларидан бири акс этган. (Файл)

ИД маҳаллий жангари гуруҳлардан одам ёллаш билан бир қаторда, қўпорувчилик ҳаракатлари, маблағ йиғиш, тарғибот-ташвиқот ва бошқа тадбирларни амалга ошириш учун университет талабалари ва мутахассисларга ўз эътиборини қаратган ,, дейди тадқиқотчи ва хавфсизлик бўйича мутахассислар.

Жаҳон банкининг 2016 йилги тадқиқотига кўра, ИД кўп эҳтимол билан ўзига тўқ ва ўқимишли одамларни ёллашга уринмоқда. Ҳисобот 2016 йил март ойида ташкилотдан ҳафсаласи пир бўлган собиқ ИД аъзосининг маълумотларига асосланган.

«Уларнинг аксари университетдаги ўқишини давом эттирган. Гуруҳ сафига Африка, Жанубий ва Шарқий Осиё ҳамда Яқин Шарқдан ёлланган янги аъзолар ўз юртларидаги сафдошларидан ўқимишлироқ бўлишган», дейилади Жаҳон банки ҳисоботида.

Ўқимишли ёшларга юзланиш

ИД ва бошқа террорчилик ташкилотлари мусулмон ёшларни ижтимоий тармоқлар ҳамда маҳаллий ўқув даргоҳлари ва университетларнинг кичик муҳокама гуруҳлари орқали ўз сафига жалб қилишга уринмоқда.

«Одатда заиф ёшларни радикаллаштириш ва жангари гуруҳларга ёллаш экстремист диний арбоблар орқали амалга ошириб келинган, улар радикал ташкилотлар ҳамда уларга аъзо бўлишни истаганлар орасида воситачи ролини бажарган», дейди сиёсий зўравонлик ва терроризмни тадқиқ этиш Халқаро маркази билан боғлиқ сингапурлик таҳлилчи Абдул Босит.

Эндиликда бундай воситачи воизлар, экстремистик мафкура тарғиботчилари ва ёлловчилар ўрнини ижтимоий тармоқлар эгаллаган, деди Босит.

ИД сингари халқаро террорчилик тармоқларига алоқадор экстремистик унсурлар бадавлат ёшларни ўз сафларига жалб қилиш учун таълим муассасаларини изламоқда, деди асосан ёшлар учун мўлжалланган зўравонлик экстремизмига қарши кураш дастурларида иштирок этган Карачидаги жамоатчилик фаоли Абубакр Юсуфзай.

«Ёлланувчилар одатда, ўзига тўқ оилалардан бўлган, ижтимоий тармоқлар орқали жангарилик мафкурасидан таъсирланиб, ўз-ўзини радикаллаштирган шахслардир», деди Юсуфзай.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500