| Сиёсат

Россиянинг айирмачилар учун тезлаштирилган фуқаролиги: Марказий Осиё учун хавотирли сигнал

Канат Алтинбаев


Қирғизистон ва Россия паспортлари. (Россия ички ишлар вазирлиги)

Қирғизистон ва Россия паспортлари. (Россия ички ишлар вазирлиги)

ОЛМАОТА – Украиналик айирмачилар учун Россия фуқаролигини олишнинг Кремль томонидан осонлаштирилиши Москва таъсиридан чиқишга интилаётган Марказий Осиё давлатлари учун огоҳлантиришдир, дейди кузатувчилар.

24 апрель куни Россия президенти Владимир Путин шарқий Украинадаги тан олинмаган, россияпараст Донецк халқ республикаси (ДХР) ва Луганск халқ республикаси (ЛХР) аҳолисига фуқаролик бериш бўйича уч ойлик осонлаштирилган жараённи тасдиқловчи қарорни имзолади.

Расмий статистик маълумотларига кўра, ДХРда 2,2 миллион ва ЛХРда 1,4 миллион фуқаро яшайди. Иккала ҳудуд ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар томонидан дипломатик равишда тан олинмаган.


Сўнгги йилларда қозоғистонликлар учун Россия фуқаролиги олиш енгиллаштирилган бўлса-да, кўпчилик буни Кремлнинг Украинадаги каби авантюризмининг бошланиши бўлиши мумкинлигидан хавотирланмоқда. (Россия ташқи ишлар вазирлиги)

Сўнгги йилларда қозоғистонликлар учун Россия фуқаролиги олиш енгиллаштирилган бўлса-да, кўпчилик буни Кремлнинг Украинадаги каби авантюризмининг бошланиши бўлиши мумкинлигидан хавотирланмоқда. (Россия ташқи ишлар вазирлиги)

Қабул қилинган қарорга кўра, эндиликда рус тилидан имтиҳон топшириш, шахсий маълумотлар текшируви ва Россияда 5 йиллик истиқомат талаб этилмайди. Бу ҳудудларда яшовчи Россия фуқаролигини олишни истаганлар ариза ва шахсни аниқловчи ҳужжат каби бир нечта ҳужжатларни топшириши кифоя.

Бу эълондан бир неча кун ўтиши билан, Путин «барча украиналикларга фуқароликни тақдим этиш ҳақида ўйлаётганини» айтиб ўтган, ва 1 май куни Кремль бир неча тоифадаги украиналик фуқароларни ҳам аризадан топширганидан сўнг уч ой давомида фуаролик олишлари мумкинлиги ҳақида қарорни эълон қилди.

Украинага босим ўтказиш

Президент ёрдамчиси Владислав Сурков бу қарорни Украинадаги русийзабонларни ҳимоя қилишга қаратилган «муқаррар» чора деб атади.

Шунга қарамай, Украинада Путиннинг қарори янги Украина ҳукумати, айниқса янги президент Владимир Зеленскийни Донецк ва Луганскка махсус мақом беришга мажбурлаш сифатида талқин қилинмоқда.

Украиналик таҳлилчилар Украина фуқароларига нисбатан белгиланган фуқаролик сиёсати ва Россия тарафидан босиб олинган Грузия ҳудудлари – Абхазия ва жанубий Осетияда юз берган воқеаларни солиштирмоқдалар.

1990 йилда Москва Абхазия ва Жанубий Осетиядагиларнинг кўпчилигига Россия фуқаролигини тақдим этган эдилар. 2008 йилда эса Грузияга бостириб кириш баҳоналари орасида у ердаги россиялик фуқароларни ҳимоя қилиш баҳонаси ҳам бор эди.

«Путиннинг ЛДХР (Луганск ва Донецк) фуқароларига паспорт бериш ҳақидаги қарори Зеленский учун Кремль Осетия ва Абхазиядаги сценарийни такрорлаш ниятида эканлиги ҳақидаги бевосита ишорадир», деди Киевдаги Украина таҳлил ва сиёсий бошқарув институти раҳбари ўринбосари Кирилл Молчанов ўз Facebook саҳифасида.

Марказий Осиё учун хавотирли сигнал

Кремлнинг шарқий Украинадаги босқинчилик ҳаракатлари Марказий Осиёликлар учун огоҳлантириш бўлиши лозим, дейди Марказий Осиёлик таҳлилчилар.

Россиянинг бу тактик усулдан фойдаланиш хавфи, айниқса Қозоғистон ва Қирғизистонни ташвишга солмоқда. Бу давлатларда русийзабонлар кўпчиликни ташкил этади.

2019 йилнинг январь ойи маълумотларига кўра, Қозоғистонда 3,6 миллион этник руслар истиқомат қилади, бу умумий аҳолининг 20 фоизи демакдир. Қирғизистонда бу кўрсаткич 5,5 фоизни ташкил этиб, 350 минг қирғизистонлик фуқаро этник руслардан иборат экани эътироф этилган.

«Рус бўлмаган бутун дунёга шуни эслатамизки, биз ўзимизникиларни ташлаб қўймаймиз», деган эди 28 апрель куни давлат Думаси раисининг ўринбосари ва кремлпараст Биринчи канал журналисти Пётр Толстой Россиянинг янги сиёсатига изоҳ берар экан.

Кремль чет элдаги ҳудудларда куч ишлатишини шундай сўзлар билан оқлашга ҳаракат қилиб улгурди.

2014 йилда Россия ўз ҳарбий доктринасига чет элдаги фуқароларини химоя қилишда куч ишлатиши мумкинлиги ҳақидаги бобни қўшиб қўйган, дейди Нур-Султонлик тарихшунос Марат Есекеев Карвонсарой нашрига.

«Москва қўшни давлатлар фуқароларига Россия паспортини бериш билан низо ҳолатларидаги босқинчилик учун олдиндан баҳона тайёрламоқда», деди у.

Қозоғистондаги хавф

Қозоғистонда Украинада Россиянинг Қримни ноқонуний аннексия қилиб олиши олдидан юз берган шароитлар яратилмоқда, дейди баъзи кузатувчилар.

Эстонияда жойлашган Мудофаа ва хавфсизлик бўйича халқаро марказга кўра, ҳукумат тепасига ғарбпараст раҳбар келадиган бўлса, Грузия ва Украинада юз берган сценарийлар назарий жиҳатдан Қозоғистонда ҳам такрорланиши мумкин.

Россия билан чегарадош шимолий Қозоғистон вилоятларида этник руслар аҳолининг ярмидан кўпини ташкил этади. Айнан шу омил 1998 йилда пойтахтни жанубий Остонадан шимолий Оқмўлага (кейинчалик Остона, ундан кейин эса Нур-Султонга ўзгартирилган) кўчирилишига сабаб бўлган.

Шунингдек, бу ҳолат ҳукуматнинг қозоқ тилида сўзлашувчи аҳолини жанубдан шимолга кўчириш дастурига ҳам асос бўлди.

Сўнгги йилларда Россия қозоқларга фуқаролик беришга оид талабларни енгиллаштирган.

Кўпгина қозоқлар аллақачон иккита: Қозоғистон ва Россия паспортига эга, дейди олмаоталик фаоллардан бири, «Антигептил» экологик ҳаракати раҳбари Улан Шамшет Карвонсарой билан суҳбатда.

«Шимолликларнинг (Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлари фуқаролари) кўпчилиги рус дунёсида яшайдилар ... Ҳар қандай вазиятга тайёр туриш керак», деди у икки паспортга эга бўлиш ҳақида мулоҳаза билдириб.

Қозоғистон ҳукумати «Кремлнинг таъсири остида», шу сабабли бу муаммони ҳал қила олмади, деди Шамшет.

Россия «инқироз»га тайёрланмоқда

Қирғизистонлик экспертларнинг фикрича, Россиянинг «паспорт сиёсати» Қирғизистон миллий хавфсизлигига таҳдид туғдирмоқда.

Қирғизистонда қўш фуқароликка рухсат берилган ва Россияда ишлаётган кўплаб қирғизлар ишга осонроқ жойлашиш учун Россия фуқаролигига ҳам эга. «Российская газета» 2018 йил май ойида Қирғизистон фуқароларининг ўндан бири Россия фуқаролигини олганини маълум қилган эди.

«Россиянинг паспорт сиёсати бу замонавий аншлюс (қўшилиш, иттифоқ) бўлиб, бунда бир давлат бошқа давлат фуқароларининг бир қисмини ўзиники қилиб олади», деди бишкеклик сиёсатшунос Аскат Дукенбаев 1938 йилда Германия нацистларининг Австрияни аннексия қилганини мисол ўлароқ келтириб.

«Қирғизистон фуқаролари Россия фуқаролигини ўз ихтиёрлари билан олишади, бироқ бу уларнинг Россия ҳукумати олдида муайян мажбуриятларни олишини, шу жумладан, Путин режимининг ташқи сиёсатга оид тадбирларида иштирок этишларини англатади», деб қўшимча қилди у.

«Инқирозли ҳолатда Россия Қирғизистонга нисбатан ҳам «биз ўзимизникиларни ташлаб қўймаймиз» шиорини қўллаши мумкин», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

71
38
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha