Карвонсарой
Хавфсизлик

Қуролларни қайтиб олиш акциясининг илк ойида Қозоғистонда 1500 дона қурол топширилди

Айдар Ашимов

Олмаотада ўтказилган мерганлик мусобақаси иштирокчилари, санасиз сурат. (Қозоғистон қуроллар уюшмаси)

Олмаотада ўтказилган мерганлик мусобақаси иштирокчилари, санасиз сурат. (Қозоғистон қуроллар уюшмаси)

НУР-СУЛТОН – Қуролларни қайтиб олиш ва амнистия акциясининг илк ойида бутун мамлакат бўйлаб полиция идораларига фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда 1500 дона ўқотар қурол топширилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг (ИИВ) душанба (13 май) кунги баёнотида хабар берилган.

«Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ўқотар қуроллар иштирокидаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида 10 апрелдан мамлакат бўйлаб аҳолидан ноқонуний қурол-яроғ, ўқ-дори ва портловчи мосламаларни қайта сотиб олиш акцияси ўтказилмоқда», деб хабар берди вазирлик.

ИИВга кўра, Қозоғистон ҳукумати ўз қуролларини топширмоқчи бўлганлар учун 100 миллион тенге (263 минг АҚШ доллари) ажратган. ИИВ қуролларни сотиб акцияси якунланадиган санани эълон қилганича йўқ, аммо ажратилган маблағ тугаши билан акция ҳам ўз ниҳоясига етади.

Рўйхатдан ўтказилмаган қуроллар ва ўқ-дориларни ўз ихтиёри билан топширган фуқаролар жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади ҳамда уларга пул тўланади, дейилади хабарда.

Нур-Султонликлар томонидан топширилган қуроллар, 10 май куни олинган сурат. (Қозоғистон ИИВ)

Нур-Султонликлар томонидан топширилган қуроллар, 10 май куни олинган сурат. (Қозоғистон ИИВ)

«Рўйхатдан ўтмаган қуролларни қайта сотиб олиш акцияси қадимий қуролларни мерос сифатида олган, қолиб кетган ўқ-дорилар ёки бошқа йўллар билан қўлга киритилган қуролларнинг эгалари учун фойдали бўлиши мумкин», дейди Жамбил вилоятидан бўлган тажрибали овчи Николай Колесников Карвонсарой нашрига.

«Қуроллар ихтиёрий равишда топширилса, ҳукумат жавобгарликдан озод қилишни ва мукофот пули берилишини кафолатлайди, бу эса ноқонуний қурол эгаси учун айни муддаодир», деди у.

Қозоғистон фуқароларига овчилик қуроллари, газли тўппончалар ва кўзни ачиштирувчи спрейларга эгалик қилишга рухсат берилади.

«Қурол сотиб олиш учун ИИВ рухсатномаси талаб этилади. Овчилик қуролини сотиб олиш учун эса, овчилик лицензиясига ҳам эга бўлиш керак», деди Колесников. «Шунингдек қуролларни хавфсизликда сақлашга ҳам эътибор қаратилган – ҳар бир овчи ёки қурол эгасида сигнализация билан жиҳозланган сейф бўлиши шарт.»

Полиция ходимлари вақти-вақти билан қуролларни сақлаш шароитларини текширадилар, қоида бузилиши аниқланган тақдирда, қурол соҳибига жарима солинади ёки қурол мусодара қилинади, деди у.

Мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаролари қурол сотиб ололмайдилар, бундай ҳуқуқ фақат Қозоғистон фуқароларига тегишли, деди Колесников.

«Кимдадир қурол бор экан, ундан эртами-кечми ўқ узилиши мумкин», деди у. «Агар овчилик қилмасангиз, унда бу қуролни топшириб, қонунни бузмаганингиз маъқул.»

Мукофотлаш

Ҳар бир қурол учун мукофот пули унинг ҳолатига қараб 25 минг тенгедан 250 минг тенгегача (66 АҚШ долларидан 660 АҚШ долларигача) бўлиши мумкин. Қурол эгалари ўз қуролларини исталган полиция идорасида топширишлари мумкин.

Акция ноқонуний эгалик қилинган қуролларни ихтиёрий ва беғараз топшириш тўғрисидаги 2015 йилги низомга мувофиқ амалга оширилмоқда. Низомга кўра, полициячилар ўз қуролини топширишни истаган фуқароларнинг уйига боришлари керак.

ИИВ фуқароларни портловчи моддалар ва қурилмалар билан жуда эҳтиёткор бўлишга чақирган.

Фуқаролар ҳар қандай портловчи моддалар ёки ўқ-дорилар билан муомала қилишга ва уларни ташишга уринмаслиги, аксинча полицияга хабар бериши керак, дейилади 26 апрель куни ИИВ сайтида эълон қилинган баёнотда.

Полиция тўплаган қуролларнинг аксарияти – деярли 88 фоизи – силлиқ стволли ов милтиқларидир. Қолганлари жанговар ва пневматик қуроллардан иборат. Шунингдек, фуқаролар ўқ-дориларни ҳам топширганлар.

«Акция бошланганидан бери Жамбил вилоятида ноқонуний қуролни топширишга бўйича 101 та ариза тақдим этилган», деди Жамбил вилояти полиция идораси вакили Гулсара Мухтаркулова Карвонсарой нашрига.

«Полицияга 162 дона қурол – жами 8,8 миллион тенге (23 минг АҚШ доллари) мукофот эвазига 18 дона 5,6 мм ли винтовка ва 144 дона силлиқ стволли милтиқ топширилган», деди у.

Эшикма-эшик юриш

Қуролларни сотиб олиш акцияси билан бирга, 1 апрелдан Қозоғистоннинг айрим вилоятларида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича операция олиб борилмоқда. Операция Нур-Султонда 30 июнь куни ўз ниҳоясига етади, деб хабар беради 24.kz нашри. Тадбир бошқа ҳудудларда ҳам шу санада якунланиши кутилмоқда.

«Полиция ходимлари Нур-Султон ва Олмаота шаҳарлари, шу билан бирга Оқмола ва Манғистов вилоятларида уйма-уй юриб, вазиятни ўрганмоқдалар», дейилади ИИВнинг 17 апрель кунги баёнотида.

«Акциясининг дастлабки 10 куни давомида маҳаллий полиция ходимлари 425 мингта уй ва коттежлар, жумладан, ижарага олинган 12 мингта хонадонда бўлишди», дейилади хабарда.

Полиция ходимлари акция доирасида миграция қонун-қоидаларининг бузилиши ҳолатларини аниқлайдилар, аҳолига қуролларни сотиб олиш акцияси ҳақида ахборот бериб, улар билан жиноятчиликнинг олдини олиш хусусида суҳбатлашадилар.

Шу кунга қадар чет элликлар томонидан миграция қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ 3500 та ҳолат аниқланган. Суд 345 та хорижликни депортация қилиш ҳақида қарор чиқарган, деб хабар беради ИИВ.

«Маҳаллий полиция ходимини таниймиз. У келиб, биз билан яшайдиган қариндошларимиз ҳақида сўрагани, уларнинг ҳужжатларини суриштириб, ўз ташриф қоғозини бергани бизни ҳайратга солгани йўқ», дейди Нур-Султонлик 47 яшар Галия Кожатаева Карвонсарой нашрига.

«Бу бизнинг хавфсизлигимиз учун қилинаётганини тушунамиз, чунки келаётганлар ичида жиноятчилар ва экстремистлар бўлиши мумкин», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500