Карвонсарой
Энергия

ЕИнинг янги гранти Марказий Осиёда сув ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга йўналтирилади

Жаҳон банки

Қирғизистондаги гидроэлектростанция, сурат санаси номаълум. (Кристина Стулбергер/Zoï Environment Network)

Қирғизистондаги гидроэлектростанция, сурат санаси номаълум. (Кристина Стулбергер/Zoï Environment Network)

НУР-СУЛТОН – Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Жаҳон банки (ЖБ) 23 май куни Марказий Осиёда сув ва энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари учун 7 миллион евро (7,8 миллион доллар) миқдорида грант ажратишга оид шартномани имзоладилар.

Ажратилган маблағ Марказий Осиё сув ва энергетика дастурига (CAWEP) йўналтирилади. Ушбу дастур Жаҳон банки томонидан билим алмашинуви, тадқиқот ишлари, лойиҳаларни тайёрлаш ва сиёсий тавсияларни ишлаб чиқишга оид маслаҳатлашувлар орқали Марказий Осиё мамлакатларига сув ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Бундай ҳамкорлик минтақа давлатларига зўравонликдан ҳимояланишда қўл келади, сабаби экстремистлар cув танқислиги ва чегара масаласидаги низолардан фойдаланиб қолиши мумкин.

«Марказий Осиёда сув ва энергия узвий боғлиқ экани сабабли, ушбу ҳаётий муҳим ресурсларни биргаликда бошқариш минтақанинг барқарор ривожланиши, қашшоқликни камайтириш ва иқлимга бардошлиликни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга», деб айтган ЕИнинг Қозоғистондаги элчиси Свен-Олов Карлссон ЖБ баёнотида.

Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва Покистонни боғловчи «CASA-1000» электр узатиш линияси Марказий Осиёда соф гидроэнергетикадан фойдаланишга кўмаклашади ва эҳтиёждан ортиқ электр энергияни танқислик мавжуд бўлган ҳудудларга сотиш имконини беради. Жаҳон банки видеолавҳасидан олинган кадрда тизим харитаси акс этган.

Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва Покистонни боғловчи «CASA-1000» электр узатиш линияси Марказий Осиёда соф гидроэнергетикадан фойдаланишга кўмаклашади ва эҳтиёждан ортиқ электр энергияни танқислик мавжуд бўлган ҳудудларга сотиш имконини беради. Жаҳон банки видеолавҳасидан олинган кадрда тизим харитаси акс этган.

«ЕИнинг CAWEP лойиҳаси учун ажратган маблағи сув ва энергетика хавфсизлигига оид масалалардаги ҳамкорлик ҳамда минтақавий мулоқотни кенгайтиришга хизмат қилади, минтақа мамлакатларига барқарор инвестициялар ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт учун шароитларни яхшилашга ёрдам беради», деди у.

Бошқарувни яхшилаш

Сув – Марказий Осиё мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида асосий омил саналади.

Иқтисодий ривожланиш, аҳолининг кўпайиши, урбанизация ва иқлим ўзгариши, шунингдек, мунтазам равишда юз бериб турадиган табиий офатлар оқибатида сувга бўлган талабнинг ўсиб бориши – минтақанинг иқтисодий тараққиёти учун ғов бўладиган сезиларли муаммоларни келтириб чиқаради.

Сув ресурсларини бошқариш сиёсати ва амалиёти ҳозирги ҳолатда сақланиб қоладиган бўлса, сув танқислиги минтақа иқтисодий кўрсаткичларининг сезиларли даражада пасайишига олиб келиши мумкин. Орол денгизининг деярли йўқ бўлиб кетиши, чанг бўронлари ва уларнинг қишлоқ хўжалиги экинлари ва инсон саломатлигига салбий таъсири ривожланиш соҳасини минтақавий даражада мувофиқлаштиришни тақозо этмоқда.

«Иқлим ўзгаришлари шароитида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш дунёнинг бошқа минтақалари билан таққослаганда Марказий Осиё минтақаси учун кўпроқ манфаат келтириши мумкин. Тадқиқотларимиздан маълум бўлишича, дунёнинг барча минтақалари ичида айнан Марказий Осиёдаги иқтисодий ўсишга сувдан фойдаланиш модели кўпроқ таъсир кўрсатиши аниқланди», деди ЖБнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий раҳбари Лилия Бурунчук.

Самарали стратегия ва инвестициялар сув ресурсларини бошқаришга оид муаммоларни ҳал қилишдаги иқтисодий харажатлардан арзонроққа тушади.

Баҳолаш натижаларига кўра, Қозоғистон учун айрим ҳудудларда сув таъминоти хизматларининг танқислиги сабаб кўрилаётган зарар, ҳар йили сувдан умумий фойдаланишни таъминлаш учун зарур бўлган инвестициялардан 200 млн. доллар қимматроққа тушмоқда.

Қозоғистонда сув таъминоти хизматларининг етишмовчилиги билан боғлиқ йиллик сарф-харажатлар 750 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мамлакатда сув тошқинларидан кўриладиган йиллик зарар ЯИМ ҳажмининг 2,25 фоизига тенг.

Жиддий муаммоларни ҳал этиш

CAWEP лойиҳасининг аввалги босқичларида эришилган натижалар қуйидагиларни ўз ичига олган:

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 13 мингдан ортиқ фермерлари «Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш дастури» ёрдамида экинлар ҳосилдорлигини ошириш учун иқлим шароитларини инобатга олувчи ечимларни қўллаш имконига эга бўлдилар.

Марказий Осиёда гидрометеорология хизматларини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида Қирғизистон ва Тожикистонда 87 та метеостанция ва 19 та гидрологик станция қайта тикланди, натижада ушбу мамлакатлардаги гидрометеорологик прогнозлар аниқлиги 30 фоизга ошган.

CAWEP дастури кўмагида Тожикистондаги Нурек гидроэлектростанциясини реконструкция қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда 77 фоиз қувват билан ишлаётган мазкур иншоот тубдан реконструкция қилинади, натижада қиш ойларида ишлаб чиқариладиган электр энергияси 33 млн кВт/соатга етказилади.

(Жаҳон банки гуруҳи http://www.worldbank.org/terms манзилида кўрсатилган шартлар асосида ушбу материалдан фойдаланишга ижозат беради.)

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500