| Терроризм

Қозоғистонликлар: «Суриядан қайтарилган болаларда айб йўқ»

Айдар Ашимов

Ниқоб таққан бетоб аёлни Қозоғистонга жўнатиш олдидан автомобилдан чиқариб олишмоқда. У 7 ва 9 май кунлари олиб борилган «Жусан-2» операцияси давомида ватанига қайтарилган. КНБ видеолавҳасидан олинган кадр.

ИД сафига қўшилиб, жангларда қатнашган ва тўпиғидан айрилган қозоқ фуқароси автобус томонга олиб кетилмоқда. «Жусан-2» махсус операцияси, КНБ видеолавҳасидан олинган кадр.

КНБ видеолавҳасидан олинган кадрда Суриядан Қозоғистонга қайтарилган аёллар ва болалар, Манғистов вилоятидаги реабилитация маркази.

Манғистов вилоятидаги реабилитация марказида ўйнаётган Суриядан Қозоғистонга қайтарилган болалар. КНБ видеолавҳасидан олинган кадр.

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон фуқароларини Суриядан қайтариш операциясидан сўнг, кўплаб кузатувчилар одамларни кечиримли бўлиш, айниқса «Ислом давлати» (ИД) жангариларининг фарзандларига нисбатан бағрикенглик билан муносабатда бўлишга чақирмоқдалар.

ИД сафида жанг қилиш учун Сурияга борган жангариларнинг оила аъзоларини ватанига қайтариш бўйича операция доирасида Қозоғистон 200 дан ортиқ фуқаросини Суриядан ватанига қайтарган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга кўра, «Жусан» номли яқинда ўтказилган операция давомида 7 ва 9 май кунлари 231 фуқаро, жумладан 156 нафар бола Қозоғистонга олиб келинган.


7 ва 9 май кунлари ўтказилган «Жусан-2» операцияси чоғида махсус кучлар кузатувида фарзандлари билан самолёт томонга кетаётган аёл. КНБ видеолавҳасидан олинган кадр.

7 ва 9 май кунлари ўтказилган «Жусан-2» операцияси чоғида махсус кучлар кузатувида фарзандлари билан самолёт томонга кетаётган аёл. КНБ видеолавҳасидан олинган кадр.

Худди шундай операция январь ойида ҳам амалга оширилган, ўшанда Қозоғистон ҳукумати Суриядан 47 нафар фуқарони қайтарган эди.

Қозоғистон терроризмга қарши курашни давом эттиради, бироқ ўз фуқароларидан воз кечмайди, деган эди у «Жусан» операциясининг давом эттирилишини маълум қилиб.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ержан Ашикбаев ва Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) департаменти раҳбари Бакитбек Раҳимбердиев 13 май куни Нур-Султонда «Жусан-2» операциясининг тафсилотларига бағишланган қўшма матбуот анжуманини ўтказдилар.

«Биз низо ҳудудларидан 231 қозоғистонликни, жумладан 16 эркак, 59 аёл ва 156 нафар ёш болани олиб чиқишга муваффақ бўлдик», дейилади Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида матбуот анжуманидан сўнг эълон қилинган хабарда.

«Мазкур инсонпарварлик операцияси Америка Қўшма Штатларининг логистик қўллови билан амалга оширилди. Шунингдек, лойиҳада Сурия демократик кучлари ҳам муҳим роль ўйнади», дейилади вазирлик сайтида.

Эвакуация қилинган қозоғистонликларнинг баъзилари паспортини йўқотган ва болаларнинг аксари ИД томонидан назорат қилинган ҳудудларда туғилганлар, деб баёнот берган вазирлик.

«Ҳозирда Сурияда 200 дан ортиқ қозоқ фуқаролари қолмоқда, уларнинг кўпчилиги мактабгача ёшдаги болалардир», дейилади хабарда. «Жусан операцияси давом эттирилади.»

Болалар айбсиз

18 май куни КНБ ўзининг YouTube каналида «Джусан-2» деб номланган видеолавҳани эълон қилди, унда қозоғистонлик ҳарбийларнинг ўз ватандошларини уйга қайтаришга қандай ёрдам бергани акс этган.

Видеолавҳада қўрқувга тушган фарзандларини бағрига босиб турган, бир неча йилларга чўзилган уруш ва жудоликлардан азият чеккан аёллар кўрсатилади.

Бошқа кадрларда замбилда олиб кетилаётган ҳижоб ўраган бетоб қозоқ аёлининг самолётга олиб чиқилаётгани, урушда оёғидан айрилган собиқ ИД жангарисининг қўлтиқтаёқда, махсус кучлар кузатувида юриб кетаётгани акс этган.

«Суриядан келган аёллар посттравматик стресс ҳолатида эдилар. Улар тушкунликда, тинмай йиғлар эдилар. Уларда ўта юқори даражадаги безовталик бор эди», деди видеолавҳада сўзлаган КНБ академияси психологи Лола Шакимова.

Унинг айтишича, аёлларнинг эртанги кунга ишончи сўниб, ҳамма нарсадан қўрқадиган бўлиб қолишган.

«Сурияда улар таъқиб қилинган ва қўрқув остида бўлган», дейди Шакимова.

“Қайтиб келишганидан бир оз вақт ўтиб, биз болаларнинг кўзларида қувонч аломатларини кўрдик. Улар қайтганларидан ва умуман бошқа шароитда эканликларидан бахтиёр эдилар", деди у видеолавҳада. «Баъзилари ҳаётларида биринчи марта ўйинчоқ деган нарсани кўришди. Болаларда айб йўқ. Улар ота-оналарининг қилмишлари учун жавобгар эмаслар.»

Қайтган аёллардан бири, ИД уни ва турмуш ўртоғини Қозоғистонга қайтиш нияти пайдо бўлгани учун қамаб қўйганини ва уларни ўлдириш билан таҳдид қилганларини сўзлаб берди, дейди Шакимова.

«Кўпчилик қочишга уринди, аммо ҳаммаёқ миналарга тўла эди», дейди кўзлари ёшга тўлган қозоғистонлик аёл ватанга қайтиш орзусида бўлган фуқаролар ҳақида сўзлар экан. «Улар минага дуч келиб портлаб кетар эдилар, баъзиларни эса снайперлар отиб ташлар эди.»

У Қозоғистонга қайтганидан кейингина ўзини хавфсиз ҳис қила бошлагани ва Сурияга кетганидан «чуқур афсусда» эканлигини айтади.

«Биз тўрт ой қамоқда бўлдик», деди ота-онаси Сурияда ИДга алоқадорликда айбланиб, қамалган қозоғистонлик бола. «Кейин қозоғистонликлар келиб, бизни бу ерга олиб келишди.»

Видеолавҳада қутқарилганлар орасида ҳомиладор аёллар ва ҳатто 3-7 кунлик чақалоқлар ҳам борлигини кўриш мумкин.

Видеодаги шифокорнинг сўзларига кўра, аёллар ва 8-9 ёшдаги болаларда ҳеч бўлмаганда битта отишма жароҳатлари кузатилади.

Аксарият болалар яшаш шароитлари ёмон бўлгани ва она ҳомиладорлик вақтида асабийлашгани туфайли сурункали касалга чалинган, дейди шифокорлар.

Шу билан бирга, болаларнинг кўпчилиги на ўқий олади, на ёза олади, рангларни фарқлай билмайди ва руҳий ривожланишида кечикиш бор, дейди улар.

Қозоғистон диний идораси шафқатли бўлишга чақирмоқда

Қозоғистонликлар интернетда ушбу ҳодисага ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, уларнинг аксарияти ИД террорчилари сафига қўшилганларни қоралаган.

11 май куни Қозоғистон мусулмонлари диний идораси (ҚМДИ) қозоғистонликларни турмуш ўртоқлари, ота-оналари танлови сабабли Сурияга кетишга мажбур бўлганларга нисбатан шафқатли бўлишга чақирдилар.

ҚМДИнинг хабарига кўра, қутқарилган 156 нафар боғча ёшидаги боладан 18 тасининг ота-онаси йўқ.

«Ижтимоий-реабилитация тадбирлари натижасида» январь ойида Суриядан қайтган қозоғистонликлар иш билан таъминланган, улар ўз яқинлари бағрига қайтган, болалар эса мактаб ва боғчаларга жойлаштирилган, деб хабар берган ҚМДИ.

Шундай бўлса-да, қайтганлар орасида ИД сафига қўшилишда айбдор деб топилганлар жиноий жавобгарликка тортилади.

ҚМДИ баёнотида «Биз ўз биродарларимиз ва сингилларимизга ўлим тиламаймиз», дейилади.

«Биз уларга нисбатан шафқатли бўлишга чақирамиз», деб қўшимча қилинади баёнотда. «Қайтаётганларнинг ёш болалари уларнинг хориждаги қилмишлари учун азият чекмаслиги керак.»

«ҚМДИ қозоғистонликлар, айниқса ёшларни бузғунчи ва экстремистик ҳаракатлар таъсирига тушмасликка, ижтимоий тармоқларда шубҳали ваъз-насиҳатларни тингламасликка, диний масалаларга келганда огоҳ бўлиш ва сохта дин тарғиботчиларига моддий ёрдам бермасликка чақиради», дейилади ташкилот хабарида.

Сизга мақола ёқдими?

40
9
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha