| Бизнес

Европа Иттифоқи Марказий Осиёда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадлари учун 11 млн. евро ажратади

Айдар Ашимов


Қозоғистондаги Европа кунлари чоғида ташрифчилар Қозоғистон ва Европанинг бирдамлигини ифодаловчи ёзувларни қолдирмоқдалар. Нур-Султон, 12 июнь. (Айдар Ашимов)

Қозоғистондаги Европа кунлари чоғида ташрифчилар Қозоғистон ва Европанинг бирдамлигини ифодаловчи ёзувларни қолдирмоқдалар. Нур-Султон, 12 июнь. (Айдар Ашимов)

НУР-СУЛТОН – Европа Иттифоқи (ЕИ) минтақадаги рақобатбардошлик ва иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш учун Марказий Осиёдаги бизнес лойиҳаларга 11 миллион евро (12,4 миллион АҚШ доллари) сармоя киритишни режалаштирмоқда.

Қозоғистондаги ЕИ делегацияси 28 май куни Нур-Султон шаҳрида «Central Asia Invest V» дастурига бағишланган ахборот сессиясида бу борада режаларини эълон қилган.

«Central Asia Invest V» дастурининг мақсади «инвестициялар ҳажмини ошириш, хусусий секторни ривожлантириш ва Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодини диверсификация қилиш учун бизнеснинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда қўллаб-қувватлашдир», дейилади ЕИ баёнотида.


29 май - 2 июнь кунлари Марказий Осиёга сафар қилган Европа Кенгаши раҳбари Дональд Туск 31 май куни Нур-Султон шаҳрида Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди. (Назарбоев матбуот хизмати)

29 май - 2 июнь кунлари Марказий Осиёга сафар қилган Европа Кенгаши раҳбари Дональд Туск 31 май куни Нур-Султон шаҳрида Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди. (Назарбоев матбуот хизмати)

Ушбу дастур доирасида Европа Иттифоқи кичик ва ўрта бизнес корхоналарини ривожлантириш, солиқларни тартибга солиш ва норасмий иқтисодиёт масалаларини ҳал қилиш, ҳудудлараро ва халқаро савдони ривожлантириш, тадбиркорлар ва иш излаётган шахсларнинг имкониятларини оширишга ёрдам берувчи таклифлар танловини эълон қилган.

Танлов 24 июнга қадар давом этади.

Делегация Қозоғистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида яқин алоқалар ва ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган.

ЕИнинг Қозоғистондаги элчиси Свен-Олов Карлссоннинг айтишича, «ташқи савдо ва инвестиция сиёсатидаги ютуқларини инобатга олган ҳолда мамлакат минтақалараро интеграцияни қўллаб-қувватлашда етакчи ролни ўйнаши мумкин».

«У инсон капитали тараққиёти ва минтақада қашшоқликни камайтириш бўйича юксак даражаларга эришган ҳамда ўз қўшнилари билан алмашиши мумкин бўлган илғор тажриба ва қимматли кўникмаларга эга», деб қўшимча қилди Карлссон.

«Central Asia Invest» дастури 2007 йилда ишга туширилган. Дастлабки 10 йил мобайнида умумий қиймати 23 миллион еврога тенг 34 та лойиҳа молиялаштирилди. Ушбу лойиҳалар Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари бизнес корхоналарининг ҳамкорлигида муваффақиятли амалга оширилган.

Бундан ташқари, «60 дан зиёд бизнес ташкилотлари минтақавий интеграцияга кўмаклашган ҳолда микро, кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз имкониятлари ва кўникмаларини кенгайтиришга муваффақ бўлди», дейилади хабарда.

Чимкентлик сиёсий таҳлилчи Рауан Дауталиевнинг фикрича, Европа Иттифоқининг мазкур ташаббуси Қозоғистон ва бутун минтақада қашшоқликка қарши кураш ва ёшлар радикаллашувининг олдини олишда ёрдам беради.

«Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг энг асосий шерикларидан бири», деди у интервьюсида. «Марказий Осиё бўйича янги дастурнинг қабул қилиниши билан кўплаб долзарб масалалар жумладан, минтақавий ҳамкорлик ва хавфсизлик бўйича алоқалар янада мустаҳкамланмоқда».

«Ижтимоий-иқтисодий муаммолар аҳолининг радикаллашуви учун замин яратувчи омиллар ҳисобланади», дейди Дауталиев. «Иқтисодий барқарорлик, бизнесни ривожлантириш, бандлик, барқарор даромад ва аниқ мақсадлар – радикаллашув, терроризм ва зўравонлик экстремизмининг тарқалишига қарши курашда яхши самара беради».

Унинг айтишича, «эҳтимолий террорчининг қиёфаси ҳар доим ҳам аниқ бўлмаса-да, ижтимоий тартибсизликлар ва қашшоқлик кимларнидир радикаллашув томон етаклаши мумкин.»

Ўсиб бораётган ҳамкорлик

Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги ҳамкорлиги минтақа давлатларига ўз чегаралари хавфсизлигининг мустаҳкамлашга кўмаклашувчи «Марказий Осиёда чегараларни бошқариш» дастурини ҳам ўз ичига олган.

Европа Иттифоқи учун умумий сиёсат йўналишларини белгилаб берувчи Европа Кенгаши (ЕК) 15 май куни Марказий Осиё давлатлари билан «кучли, замонавий ва ҳеч кимни ажратмайдиган ҳамкорлик» ўрнатишни кўзда тутувчи янги стратегияни қабул қилди. Бу каби ахборот сессиялари Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистонда ўтказилган.

Европа Иттифоқи 2014-2020 йиллар давомида қонун устуворлигини таъминлаш, атроф-муҳит, сув, савдо ва чегара бошқаруви каби йўналишларида Марказий Осиё мамлакатларига жами 1 миллиард евродан кўпроқ (1,1 миллиард АҚШ доллари) инвестиция киритишни режалаштирмоқда.

Европа Иттифоқи Марказий Осиёга янги грант ажратиши ҳақида эълон қилганидан бир кун ўтиб, 29 май куни Европа Иттифоқи раҳбари Дональд Туск Марказий Осиё бўйлаб сафарини бошлаган.

Туск 29 май – 2 июнь кунлари бўлиб ўтган учрашувларда ҳар бир давлат раҳбарлари билан минтақавий ва икки томонлама ҳамкорлик, атроф-муҳит, чегара бошқаруви ва минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.

Тускнинг Қозоғистонга расмий ташрифи 31 май куни Нур-Султонда Европа кунининг нишонланиши билан боғлиқ бўлди. «Нур-Султон» балет театрида «Хилма-хилликдаги бирдамлик» деб номланган махсус дастур намойиш этилди.

Европа маданияти ва анъаналари билан таништиришни кўзлаган тадбир Қозоғистондаги Европа Иттифоқи делегацияси томонидан ташкиллаштирилди.

«Қозоғистон Европа Иттифоқининг асосий ҳамкори. Муносабатларимиз ҳеч қачон ҳозиргидек мустаҳкам бўлмаган», деди ЕИ дипломати Карлссон концерт олдидан.

Концертда Қозоғистон расмийлари, Нур-Султондаги дипломатик корпус вакиллари, тадбиркорлар, пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари иштирок этди.

«Концерт Қозоғистондаги Европа кунлари доирасида ўтказилди. Биз ажойиб санъат асарлари орқали Европа ва унинг қадриятлари руҳини ҳис қилдик», дейди Нур-султонда истиқомат қилувчи 51-яшар Айнур Омарова.

Сизга мақола ёқдими?

6
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha