Карвонсарой
Хавфсизлик

Марказий Осиёда рақамли саводхонлик ва ОАВдаги хавфсизликка бағишланган халқаро форум ўтказилди

Айдар Ашимов

Интернет соҳасини ривожлантириш бўйича 10-Марказий Осиё йиллик форуми иштирокчилари биргаликда суратга тушмоқдалар, 31 май, Олмаота. (Facebook)

Интернет соҳасини ривожлантириш бўйича 10-Марказий Осиё йиллик форуми иштирокчилари биргаликда суратга тушмоқдалар, 31 май, Олмаота. (Facebook)

ОЛМАОТА – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Марказий Осиёда интернет соҳасини ривожлантиришга кўмаклашиш ва минтақада дезинформация, адоват қўзғаш ва зўравонлик экстремизмига қарши курашни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Интернет соҳасини ривожлантириш бўйича 10-Марказий Осиё йиллик форуми Нур-Султондаги ЕХҲТ дастурлари идораси томонидан ташкил этилди. «Рақамли саводхонлик: ваколатлар, хавфсизлик ва истеъмол» деб номланган форум 30-31 май кунлари Олмаотада бўлиб ўтди.

Форумда Марказий Осиё давлатларидан келган 200 га яқин ҳукумат расмийлари, фуқаролик жамияти вакиллари, нодавлат оммавий ахборот воситалари, касаба уюшмалари, дипломатик корпуслар, мутахассислар, ҳуқуқшунослар ва журналистлар иштирок этдилар.

Улар орасида Беларусь, Чехия республикаси, Сингапур ва Украина вакиллари ҳам бор эди.

Нур-Султондаги ЕХҲТ дастурлари идораси раҳбари ўринбосари Диана Дигол 30 май куни Олмаотада бўлиб ўтган Интернет соҳасини ривожлантириш бўйича 10-Марказий Осиё йиллик форумида нутқ сўзламоқда. (Нур-Султондаги ЕХҲТ дастурлари идораси)

Нур-Султондаги ЕХҲТ дастурлари идораси раҳбари ўринбосари Диана Дигол 30 май куни Олмаотада бўлиб ўтган Интернет соҳасини ривожлантириш бўйича 10-Марказий Осиё йиллик форумида нутқ сўзламоқда. (Нур-Султондаги ЕХҲТ дастурлари идораси)

Халқаро ва маҳаллий мутахассислар Марказий Осиёда давлат, ОАВ ва жамиятнинг ахборот муҳитини ривожлантиришдаги роли, интернетнинг одамлар ҳаёти ва ОАВга таъсири, информацион саводхонлик, фактларни текшириш ва сўз эркинлиги ҳақида суҳбатлашдилар.

Икки кунлик тадбир давомида иштрокчилар киберхавфсизлик ва шахсий маълумотларни химоялаш муаммоларини муҳокама қилдилар.

Тажриба алмашинуви

«Интернет ОАВ ривожланиши учун янги имкониятлар яратади ва аҳолига, жумладан ижтимоий тармоқлар орқали ахборотни зудлик билан етказишга ёрдам беради», деди тадбир давомида Нур-Султондаги ЕХҲТ дастурлари идорасининг раҳбари ўринбосари Диана Дигол.

«Аммо шу билан бирга, у жиддий муаммолар манбаи ҳам бўлиб, фикрни ифода этиш ва сўз эркинлигига таҳдид солади», деди у. «Шуни инобатга олган ҳолда, интернетда ОАВни ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари салоҳиятини ошириш лозим.»

«Рақамли даврнинг энг катта муаммоларидан бири унда барчанинг иштирок этишидир», деди Германиядаги «Конрад Аденауэр» жамғармасининг Қозоғистондаги ваколатхонаси вакили Томас Хелм.

«Яхши рақамли алоқа саноқли одамлар учун кўнгилочар майдон эмас, балки замонамизнинг муҳим ваколатларидан биридир», деди у. «Шу сабаб, рақамли саводсизлик билан курашиш оқилона медиа-сиёсатнинг таркибий қисми бўлиши керак.»

Нур-Султондаги кибер ҳужумларни ўрганиш ва тадқиқ қилиш маркази раҳбари Арман Абдрасилов форумда ўз мамлакати эришган ютуқларни санаб ўтди.

2017 йил январда Қозоғистоннинг ўша вақтдаги президенти Нурсултон Назарбоев Миллий хавфсизлик қўмитасига мамлакатда «Кибер-қалқон» тизимини ишлаб чиқиш вазифасини юклади, деди Абдрасилов.

«Натижада охирги икки йил ичида Қозоғистонда бу соҳада бошқа мамлакатларда 7-10 йилда бажариладиган ишлар амалга оширилди», деди у.

У мазкур соҳада бир қанча муаммолар, жумладан мутахассислар етишмовчилигини эътироф этар экан, ОАВ ва нодавлат ташкилотларнинг рақамли хавфсизликни таъминлашга қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлаган.

Хавф-хатарлар

Бугунги кунда Қирғизистонда 2 миллиондан ортиқ интернет ва 7 миллионга яқин мобил интернет фойдаланувчиси бор. Бу ҳақда Бишкекда жойлашган оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси эксперти Алмаз Исманов форумдаги чиқишида айтиб ўтган.

«Ҳар бир қирғизистонликда 2-3 тадан сим-карта бор» деди у мобил интернет фойдаланувчиларнинг аҳоли сонидан кўплиги сабабини тушунтириб. «Шу билан бир вақтда, 65 фоиз ота-оналар фарзандларининг ижтимоий тармоқлар ва интернетдан фойдаланиши чекламайди.»

Унинг қайд этишича, Қирғизистондаги ўрта таълим мактабларининг ўқитувчилари учун 2012 йилдан бери медиасаводхонлик тренинглари ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, ўқитувчилар учун ўқув қўлланмалари, болалар учун ўқув мультфильмлари ишлаб чиқилган.

Интернетда маълумотлар хавфсизлигини ҳимоя қилиш муҳим, дейди қирғизистонлик журналистлардан бири.

«Интернетга ўзи ва яқинлари, айниқса болаларнинг суратларини жойламаган маъқул. Сизнинг маълумотларингиз ва суратларингиздан ғаразли мақсадда фойдаланишлари мумкин», дейди киберхавфсизлик бўйича тренинглардан ўтган Қирғиз телеграф агентлиги мухбири, бишкеклик Мунара Боромбаева.

Қирғизистонликларнинг ҳаётида интернет пайдо бўлиб, улар ижтимоий тармоқларга аъзо бўлиш ва турли мессенжерлардан фойдаланишни бошлаганига 10-15 йил бўлди, лекин «биз интернет ортига яширинган хавфларни энди-энди тушуниб етяпмиз», дейди Боромбаева.

«Масалан, террорчилар ўз сафларига одам ёллаш учун ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан фойдаланадилар. Интернетга жуда кўп ёлғон хабарлар чиқади, одамлар уларга ишонадилар ва тарқатадилар», деди у.

«Ахборот саводхонлиги бўлмаган одамни бошқариш осон», деди Мунара Боромбаева.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Халқаро форумда Марказий Осиёдаги рақамли саводхонлик ва ОАВдаги хавфсизлик муҳокама қилинди

Жавоб бериш