Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистонда одам савдосига қарши кураш бўйича ЕХҲТнинг ҳафталик ўқув машғулотлари ўтказилди

Карвонсарой

24 июнь куни Нур-Султонда ЕХҲТнинг одам савдога қарши кураш бўйича жонли ўқув машқлари бошланди. (Анжела Цaтурян/ЕХҲТ)

24 июнь куни Нур-Султонда ЕХҲТнинг одам савдога қарши кураш бўйича жонли ўқув машқлари бошланди. (Анжела Цaтурян/ЕХҲТ)

НУР-СУЛТОН – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Қозоғистонда аъзо мамлакатларга одам савдоси қурбонларини аниқлаш ва қутқаришни ўргатиш бўйича жонли машғулотларни ўтказди.

ЕХҲТ баёнотида айтилишича, 24 июнь куни бошланган машғулотларида ЕХҲТга аъзо 24 мамлакатдан 70 дан ортиқ мутахассис, жумладан, ҳуқуқ-тартибот, чегара ва миграция органлари, нодавлат ташкилотлар ва давлат идоралари ходимлари қатнашди.

ЕХҲТ томонидан одам савдоси, жумладан, болалар меҳнатидан фойдаланиш ва жинсий қуллик билан боғлиқ ҳолатларни симуляция қилиш учун шартли исловатхоналар, қурилиш майдончаси, қишлоқ хўжалиги майдони ва чегара пунктлари ташкил этилди, дейилади ташкилот хабарида.

«Ушбу машғулотларнинг бир йилдан камроқ вақт ичида иккинчи марта ўтказилаётгани – ЕХҲТга аъзо давлатларнинг одам савдосига қарши кураш салоҳиятини оширишдан манфаатдор эканлигидан дарак беради», дейди одам савдосига қарши кураш бўйича ЕХҲТнинг амалдаги мувофиқлаштирувчиси Валиант Ричи.

«Бу сафар биз иштирокчилар қамровини кенгайтириб, машғулотларга чегарачилар ва маданий соҳа вакилларини ҳам таклиф қилдик», деди Ричи.

«Ислом давлати» (ИД) каби террорчилик ташкилотлари одам савдосидан ўз фаолиятини молиялаштириш ва гуруҳ сафига одам ёллаш воситаси сифатида фойдаланади. Биргина мисол, жангарилар сафига қўшилаётган эркаклар учун жинсий қуллар сифатида фойдаланиш мақсадида ИД Ироқдаги язидий хотин-қизларни ўғирлаган эди.

Трансмиллий муаммо

«Бугунги кунда одам савдоси трансмиллий аҳамият касб этиб, жамоат хавфсизлигига юқори даражада хавф туғдирувчи муаммога айланган», дейди Қозоғистон бош прокуратураси қошидаги ҳуқуқ-тартибот академияси ректори Ергали Мерзадинов.

«Фикримча, реал вақт режимидаги бу қўшма машғулотлар ва долзарб муаммоларга умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш жиноий ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам беради», - деди у.

ЕХҲТга кўра, мазкур лойиҳа ташкилотнинг янги, кўп миллатли ва тармоқлараро ёндашув орқали одам савдоси қурбонларини аниқлаш ва уларга ёрдам беришни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.

Нур-Султонда ЕХҲТнинг дала операциялари ва Нур-Султондаги дастурлар идораси кўмагида ўтказилган симуляцион ўқув машқлари Италиянинг Виченце шаҳри ва яна бири Қозоғистонда ўтказилган жами 5 та туркум машқнинг давоми бўлди. ЕХҲТга кўра, шу йилнинг сентябрь ойида Виченцеда қўшимча машғулотлар ўтказилади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500