| Терроризм

Қозоқ аёли Сурияда ИД билан кечган «қўрқувдаги» ҳаёти ҳақида сўзлаб берди

Айдар Ашимов


Аида Сарина БМТ вакилларига видеомурожатида Сурияда бошдан кечирган мудҳиш ҳодисаларни сўзлаб бермоқда, санасиз сурат. (Саринанинг шахсий архиви)

Аида Сарина БМТ вакилларига видеомурожатида Сурияда бошдан кечирган мудҳиш ҳодисаларни сўзлаб бермоқда, санасиз сурат. (Саринанинг шахсий архиви)

НУР-СУЛТОН – Сурияда бўлиб, ватанига қайтган қозоғистонлик аёл Бирлашган Миллатлар Ташкилотига (БМТ) «Ислом давлати» (ИД) аъзолари орасида яшаган вақтида кўрган-кечирган мудҳиш ҳолатлар ҳақида сўзлаб берган.

Аида Саринанинг видеомурожаати БМТнинг 28-29 июнь кунлари Нью-Йоркда ўтган «Терроризмдан холи дунёни барпо этиш йўлида ривожланган давлатларнинг ўзаро синергияси ва 2030 йил учун кун тартиби» мавзуидаги сайёр мажлиси учун тайёрланган бўлиб, БМТ ҳамда терроризмга қарши кураш бўйича БМТ бошқармасининг Қозоғистондаги ваколатхонаси томонидан ташкиллаштирилган.

Тадбирда 50 мамлакат ва БМТга алоқадор халқаро ташкилотларнинг 100 дан ортиқ вакили қатнашди, деб хабар берган Қозоғистон ТИВ.


Суратда: 2016 йилда терроризм тарғиботи учун саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган қозоғистонлик аёл Елизавета Гришина, «Кишанланган гуллар» ҳужжатли фильмидан олинган кадр.

Суратда: 2016 йилда терроризм тарғиботи учун саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган қозоғистонлик аёл Елизавета Гришина, «Кишанланган гуллар» ҳужжатли фильмидан олинган кадр.

«Сайёр мажлиснинг асосий мақсади терроризмга қарши миллий, минтақавий ва глобал даражада самарали курашиш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш механизмларини муҳокама қилиш бўлди», дейилади вазирлик хабарида.

25 яшар Сарина Қозоғистон ҳукумати «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси доирасида Суриядан қайтарилган 600га яқин қозоқ фуқаролари орасида бўлган, улар асосан аёллар ва болалардан иборат эди.

Сарина Сурияда бўлган чоғидаги уруш, очлик ва совуқликдаги ҳаёт ҳақида сўзлаб берган.

«БМТ орқали мурожаат – Суриядаги уруш ва у ерда террорчилар асос солган сохта халифалик ҳақида очиқ-ойдин сўзлаб бериш учун ажойиб имконият», деб айтган Аида Сарина ўз интервьюсида.

Қўрқув ичидаги ҳаёт

«2015 йилнинг ёзида турмуш ўртоғим ва ўғлим билан Истанбулга бордик, эрим таътилни Туркияда ўтказишни таклиф қилди, аммо бир неча кундан кейин биз Қозоғистонга қайтмаслигимизни ва Сурияда яшашимизни айтди», дейди Сарина.

Шу тариқа у ИД сафига қўшилиб қолган.

«Биз буткул қўрқув ичида яшардик, ҳеч кимга ишонмасдик. Эримнинг вафотидан кейин эса мен учун ҳаёт-мамот жанги бошланди», дейди Сарина.

«ИД жангарилари бизни қўрқитиб, агар қамоққа ташласалар у ерда зўрланишимиз ва ўлдирилишимизни айтар эдилар. Кечаси уйқуга кетарканман, мен фарзандим билан эрталаб тирик уйғонишимга ишонмас эдим», деди у.

«Мен қочиш йўлини топа олмадим. Биз тузоқда эдик. Биз очиқ осмон остида, зах ерда ухлар эдик. Ёрдам беришга ожиз оналарнинг қўлларида ҳар куни гўдаклар жон берар эди.»

«Танишим ўз қўллари билан фарзандига қабр қазиди, чунки боланинг жасадини мушук ва итлар талай бошлаганди», деди у.

«Қозоғистонлик қутқарувчиларни ўз кўзим билан кўрганимда бизни ташлаб қўйишмаганини англаб етди», деди Сарина операция чоғида уларни ватанга қайтарганларни назарда тутиб.

«Мен билан бирга Франция, Германия ва бошқа давлатлардан келган аёллар ҳам бор эди. Улар бизга ҳавас билан қараганини эслайман. Мендан Қозоғистон ҳукумати уларни ҳам олиб кета олиш-олмаслигини сўрашди, улар жиллақурса фарзандларини Суриядан олиб кетишларини ёлвориб сўрадилар.»

«Мен бу аёлларга ёрдам бера олмасдим. Аммо мен қозоғистонлик етим болани қутқаришга ва асраб олишга аҳд қилдим. У 7 ёш, исми Мусо», деди у. «Уни лагерда топиб олдим ва ўзим билан олиб келдим.»

Ўз видеомурожаатида Сарина террорчиликка қарши курашиш ва бу ишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканлигини айтди.

«Ҳа, мен терроризм қурбониман. Аммо мен террорчиликка қарши курашишни истайман, бу улуғ мақсаднинг бир қисми бўлиб унга ҳисса қўшмоқчиман. Мен терроризмдан жабрланган барча аёлларнинг овози бўлишни истайман», деди у.

«Илтимос, алданган бошқа аёллар ва болаларга ёрдам беринг. Балки уларнинг ҳам мен каби ватанига фойдаси тегар», деб қўшимча қилди Сарина.

«Кишанланган гуллар»

Сарина 26 июнь куни Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) «Кишанланган гуллар» ҳужжатли фильмини намойиш этиши ортидан гувоҳлик берган.

Фильм терроризм ва экстремизмда айбланган, ИД ёлловчилари, жангарилари томонидан алданган аёллар ҳақида ҳикоя қилади. Ҳужжатли фильмда руҳшунослар, имомлар, КНБ ходимлари ва мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари ҳам акс этган.

КНБ хабарига кўра, ҳозирда 662 нафар қозоғистонлик, жумладан 14 аёл терроризм ва экстремизмга алоқадор жиноятлар содир этганликда айбланиб, қамоқ жазосини ўтамоқда.

“Радикал диний оқимларни қўллаб-қувватловчичилар орасида аёллар «жамоатларини» ташкил этаётган аёллар сони тобора ортмоқда”, дейилади фильмда.

«Бу аёлларнинг аксариятига профилактик чоралар таъсир қилмайди, чунки улар ҳамон судланган турмуш ўртоқларининг таъсиридалар», деб қўшимча қилинади фильмда. «Аёллар радикаллашувига ИД ва интернет орқали хорижлик такфирчи (бошқа мусулмонларни муртадликда айблаш), жиҳодчи даъватчилар таъсир қилган.»

Фильмда кўрсатилган аёллардан бири Елизавета Гришина 2016 йилда террорчилик ташвиқоти учун саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган. Радикал ғояларни унга турмуш ўртоғи сингдирган.

«Мен радикал экстремистлар даъватларини тинглаганман, аммо ўша вақтда улар радикал эканлигини англаб етмаганман», деди Гришина. «Мен ҳаммани, қариндошларимни ҳам даҳрий, кофир ва душман деб кўришни бошладим.»

Гришина ИД сафига қўшилиш учун Сурияга кетишни режалаштирган, укасини террорчи, худкуш бўлишга чақирган ва ижтимоий тармоқларда экстремистик мавзудаги материалларни жойлаштирган.

«Оғир аҳволга тушган – эрсиз қолган, пулсиз, ишсиз, ёш болали аёллар экстремистлар таъсирига жуда осон тушадилар», дейди таразлик диний мутахассис Санжар Сулейменов интервью чоғида.

Аёллар ёлланганларидан кейин террорчилик ташкилотини қўллаб-қувватловчилар уларни никоҳига олган ва «ИД сафига қўшилиш учун Сурияга кетишга, ўзини қурбон қилишга мажбурлаган», деди Сулейменов.

«Ёллаш жараёни тамоман ёлғон ва манипуляцияга асосланган», деди у.

«Ҳафсалалари жуда тез пир бўлганига қарамай, бу вақтга келиб уларни террорчилар маконларидан қўйиб юборишмаган. Агар аёлнинг эри ўлса, уни бошқа одамга беришган, кейин яна бошқасига ва ҳоказо», деб қўшиб ўтди Сулейменов.

«Ўзларини ва ҳеч бўлмаганда фарзандларининг ҳаётини сақлаб қолиш учун бу аёллар барча нарсага тайёр», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

22
1
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha