Карвонсарой
Дипломатия

Туркманистон ва Афғонистоннинг қўшма лойиҳалари Афғонистондаги тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилади

Жумагули Аннаев

Афғонистон президенти Ашраф Ғани (ўртада) Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов (чапдан иккинчи), Покистон собиқ бош вазири Шоҳид Ҳақон Аббосий (ўнгда) ва Ҳиндистон собиқ ташқи ишлар вазири Шри М. Ж. Акбар (чапда) 2018 йил 23 февраль куни Афғонистонинг Ҳирот вилоятидаги ТАПҲ газ қувури лойиҳасининг очилишида иштирок этишган эди. Ўша куни Туркманистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон Жанубий Осиёдаги энергетика танқислигини бартараф эта оладиган бир неча миллиард долларлик газ қувурининг Афғонистонда жойлашган қисмини тантанали равишда очиб беришди. (Ҳошанг Ҳошимий/AFP)

Афғонистон президенти Ашраф Ғани (ўртада) Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов (чапдан иккинчи), Покистон собиқ бош вазири Шоҳид Ҳақон Аббосий (ўнгда) ва Ҳиндистон собиқ ташқи ишлар вазири Шри М. Ж. Акбар (чапда) 2018 йил 23 февраль куни Афғонистонинг Ҳирот вилоятидаги ТАПҲ газ қувури лойиҳасининг очилишида иштирок этишган эди. Ўша куни Туркманистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон Жанубий Осиёдаги энергетика танқислигини бартараф эта оладиган бир неча миллиард долларлик газ қувурининг Афғонистонда жойлашган қисмини тантанали равишда очиб беришди. (Ҳошанг Ҳошимий/AFP)

АШХОБОД – Қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш Афғонистондаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг калитидир, дейди Афғонистон ва Туркманистон расмийлари.

15-17 июнь кунлари туркман расмийларининг Афғонистондаги Ҳирот шаҳрига ташрифи чоғида сиёсатчилар, дипломатлар, турли иқтисодий секторларни бошқарувчи расмийлар, бизнес етакчилардан иборат икки давлат делегацияси ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилдилар.

Иккала мамлакат энергия, транспорт ва коммуникация соҳасида қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда ўз манфаатларига эга бўлса-да, «улар жуда ўхшаш», дея таъкидлади аноним қолишни истаган туркманистонлик меҳмонлардан бири.

Афғонистон билан 744 километрли умумий чегарага эга Туркманистон ўз электр энергияси ва табиий газини афғон диёри орқали Жанубий Осиёдаги истиқболли бозорларга олиб ўтиш ва шу тариқа хориж валютасининг янги манбаларини очишга умид қилмоқда, дейди кузатувчилар.

«Аммо бу билан ҳаммаси тугаб қолмайди. Туркманистон учун қўшни давлатда осойишталикнинг тикланиши, чегаранинг у тарафида қон тўкилишига барҳам берилиши ва афғонларнинг тинч ишлаши муҳим», деди ашхободлик сиёсий таҳлилчи Эсенмират Аманов.

Афғонистонда иқтисодиётнинг тикланиши тинчлик ва осойишталик олиб келади, минтақавий жараёнларга интеграция учун имкон яратилади, деди Аманов. Инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш давлатга сезиларли иқтисодий манфаат келтиради, деб қўшимча қилди у.

Айниқса, электр қуввати ва газни ўз ҳудуди орқали ўтказишдан тушадиган даромад, янги иш ўринлари, ривожланган транспорт ва коммуникация инфратузилмаси бу тараққиётга кўмаклашади, дея таъкидлади Аманов.

«Ўз муаммоларини ҳал қилиш орқали Ашхобод афғонларга тинч-тотув шароитда турмушларини тиклашга ёрдам беради», деди у туркманларнинг янги бозорларини излаётганини назарда тутар экан.

Ҳамкорлик самаралари

Иштирокчиларга кўра, иқтисодий ўсиш имкониятларини инобатга олиб, Туркманистондан катта ҳажмда электр энергияси етказиб бериш орқали Афғонистоннинг электр инфратузилмасини ривожлантириш масаласи Ҳиротдаги делегациялар томонидан кўриб чиқилган асосий мавзуларидан бири бўлди.

Иштирокчилар «бизнинг чегарамиздан Афғонистоннинг Андхой шаҳарчасига, шунингдек, этник туркманлар яшайдиган Хамёп ва Гаркин қишлоқлари ўртасида электр узатиш линиясини ўтказишга келишиб олдилар», деди Туркманистоннинг «Туркменэнерго» ташкилоти вакили Акмират (у тўлиқ исмини айтишдан бош тортган).

Кўп йиллар давомида Туркманистон Афғонистонга имтиёзли нархларда электр қуввати етказиб берган.

Икки давлат ўртасида нергетика соҳасидаги ҳамкорлик самарали бўлса-да, Туркманистоннинг саъй-ҳаракатларига қарамай ўтказиш қуввати йилига 33 миллиард куб метрга тенг бўлган режадаги Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувурида ҳамон қурилиш ишлари олиб борилмоқда, деди Акмират.

«Аммо бошқа томондан, электр қуввати етказиб бериш ҳажми ортиб боряпти», деб қўшимча қилди у.

Ҳозирги пайтда Туркманистондан электр қуввати Афғонистонга учта: Керки-Имомназар-Андхой, Серкетабот-Хирот ва Рабатқошан-Қалаи-Нав йўналишлари бўйича етказиб берилади.

Туркманистонлик манбанинг хабарига кўра, энергетика компаниялари расмийлари Ҳиротда электр қуввати экспортини 2020 йил декабрь ойигача узайтириш бўйича шартнома имзолаганлар.

ТАПҲга билдирилган ишонч

Иштирокчиларнинг сўзларига кўра, музокаралар давомида ТАПҲ муҳим мавзу бўлган.

Узунлиги 1840 километрни ташкил қилувчи ТАПҲ газ қувури 2020 йилдан бошлаб Туркманистондаги Галкиниш газ конидан газ етказиб беришни бошлайди. Бу линия Жанубий Осиёдаги газ танқислигини камайтиришга ёрдам бериши ва у ўтадиган тўрт мамлакатга даромад олиб келиши кутиляпти.

Эрон ҳудудидан ўтувчи газ қувури лойиҳаларига жиддий рақобатни юзага келтирувчи ТАПҲ лойиҳасига қатъиян қарши бўлган Эрон режими, жумладан, газ қувурига ҳужум уюштириш мақсадида Толибон аъзоларига қурол-яроғ етказиб бериш орқали бир неча бор лойиҳага путур етказишга уринган.

Турманистонлик мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, газ қувурининг қуриб битказилиши ортидан Турманистон газ экспорт қилиш учун қўшимча каналга эга бўлади, Афғонистон эса ўзига тегишли газ ҳажмини олишдан ташқари, унинг транзитидан 1 млрд. доллар даромад кўради ва 12 мингта иш ўрни яратади.

ТАПҲнинг Турманистонга тегишли участкасида ишлар ниҳоясига етказилган. 2018 йилнинг февраль ойида томонлар Афғонистон ҳудудида қурилиш ишларини бошлаганлар.

Учрашувнинг афғонистонлик иштирокчилари электр энергияси ва сиқилган газ етиб борган туманларда «турмуш шароитлари сезиларли яхшиланганини» айтганлар.

«ТАПҲнинг ишга туширилиши Афғонистонни тиклаш жараёнини янада тезлаштиради», деди Аманов.

Хусусий тадбиркорлик ҳиссаси

Афғонистондаги барқарорликни тиклаш жараёнига туркманистонлик тадбиркорлар ҳам жалб этилмоқда.

Исми ошкор этилмаслигини истаган учрашув қатнашчиларининг айтишича, делегатлар Ҳиротда туркман тўқимачилик маҳсулотларининг экспорти, шунингдек, Акина-Андхўй ва Турғундий-Ҳирой темирйўл участкасини ётқизиш масалаларини муҳокама қилганлар.

Туркманистон Саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси (ТСТУ) аъзолари ҳамда Ҳирот вилояти Савдо-саноат палатаси раҳбарлари ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида яна иккита қўшма корхона тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Улардан бири Ҳират вилоятида барпо этиладиган паррандачилик фермасидир, дейди йиғилиш қатнашчиси ва ТСТУ аъзоси Карвонсарой билан суҳбатда.

Турли манбаларга кўра, Афғонистонда 3,5 миллиондан 4 миллионгача этник туркманлар яшайди. Диаспора асосан Қундуз, Фарёб, Жузжон ва Балх вилоятларининг 34 туманида жамланган. Бу туманларнинг 13 таси Туркманистон билан чегарадош.

«Биз ОАВ орқали тарихий ватанимиздан навбатдаги моддий ёки инсонпарварлик ёрдами келгани ҳақида хабар эшитганимизда жуда мамнун бўламиз, чунки ҳар қандай ёрдам яхшироқ ҳаёт сари қўйилган қадамдир», - дейди Ҳиротда яшовчи этник туркманлардан бири Воҳид.

Воҳиднинг айтишича, Туркманистон маблағи ҳисобидан Турғундийда туғруқҳона, Андхўйда эса масжид, мактаб ва савдо маркази барпо этилган.

«Булардан ташқари биз, ўнлаб тонна ун, бензин ва бошқа юкларни ҳадя сифатида қабул қиламиз. Туркманистонда ўнлаб афғонистонлик туркманлар таҳсил олади. Буларни англаган вақтда киши қувонч ва фахр ҳиссини туяди», деб эътироф этади Воҳид.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500