http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/07/26/feature-02
| Хавфсизлик

Россия ва Хитойнинг ҳарбий провокациялари ортида Марказий Осиёдаги манфаатлар зиддияти яширингани айтилмоқда

Карвонсарой ва AFP

Суратда: 23 июль куни Шарқий Осиёдаги баҳсли ҳудудда Хитой авиацияси билан биргаликда ўтказилган ҳарбий ҳаво машқларида иштирок этган Туполев «Ту-95» бомбардимончи самолётлари. (Россия мудофаа вазирлиги)

Таҳлилчиларга кўра, шу ҳафта бошида Жанубий Корея ва Япония соҳиллари яқинидаги баҳсли ҳудудда Хитой ва Россия бомбардимончи самолётларининг ҳамкорликдаги назорат парвозлари минтақа ва унинг ташқарисида ваҳима келтириб чиқаришни кўзлаган.

Расмий Сеулга кўра, сешанба 23 (июнь) куни Россия ҳарбий самолёти икки марта Жанубий Корея ҳаво кенгликларини кесиб ўтган. Воқеа баҳсли Токто ороллари яқинида юз берган (бу ҳудудга Токио ҳам даъвогарлик қилади ва уни Такэсима деб атайди). Жанубий Корея 400 марта огоҳлантирувчи ўқ узганини маълум қилди. Шунингдек, Россиянинг бу хатти-ҳаракатларига жавобан Япониянинг қирувчи самолётлари ҳам ҳавога кўтарилган.

AFP билан суҳбатда бўлган сеуллик тадқиқотчи Ан Чан Илнинг айтишича, баҳсли ҳудуднинг ҳаво кенгликлари «қасддан» бузилган.

«Восток-2018» ҳарбий машқларида қатнашаётган Хитой танклари, ўтган йилнинг сентябрь ойи. Ушбу ўқув машғулотларида Хитой, Россия ва Мўғулистон ҳарбийлари иштирок этдилар. (Кремль)

Суратда: 5 июнь куни Москвада собиқ Совет Иттифоқи ва Хитой халқ республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда иштирок этган Хитой ва Россия президентлари. (Кремль)

Москва ҳам, Пекин ҳам ўқув машқлари бошқа мамлакатларга қарши қаратилгани ва ҳаво кенгликлари бузилганини инкор этган бўлса-да, бу ҳаракат дадиллик билан амалга оширилди, дейди таҳлилчилар.

«Бу жуда муҳим, чунки икки мамлакат ҳарбий ҳаво кучларининг ҳудудда шу тариқа назорат парвозларини амалга ошира олиши минтақадаги барқарорликка таҳдид ўлароқ баҳоланади, деб ишонч билан айтиш мумкин», дейди Американинг RAND таҳлил маркази сиёсий таҳличиси Лайл Моррис.

Шунингдек, парвозга жалб қилинган Хитойнинг иккита «H-6K» ва Россиянинг иккита «Ту-95» самолёти ядро қуроли ташишга қодир бўлгани жуда муҳим, чунки «бу қўшимча муждадир», деди Сиднейдаги Маккуори университетининг хитойлик тадқиқотчиси Адам Ни.

Беқарор иттифоқчилар

Бундай кўринишдаги провокациялар беқарор иттифоқчилар жуфтлиги учун янгилик эмас.

Хитой ва Россия ҳамкорликда қатор ҳарбий машғулотлар, жумладан ўтган йил сентябрда Россия тарихидаги энг йирик машқларни ўтказган эдилар. Сибирдаги «Цугол» ҳарбий полигонида ўтказилган «Восток-2018» машқларида қарийб 300 минг ҳарбий хизматчи ва барча турдаги ҳарбий техника иштирок этган.

Россия президенти ҳарбий машғулотлар тинчлик мақсадларида ўтказилганини иддао қилган бўлса-да, улар Марказий Осиё мамлакатлари орасида жиддий хавотирларни келтириб чиқарди.

Бундай ҳарбий машқлар – яхшиликдан нишона эмас», деган эди ўшанда тошкентлик сиёсатшунос Валерий Хан Карвонсарой билан суҳбатда.

«Албатта, бу каби машғулотларга ҳеч қандай ҳарбий зарурат йўқ», деди у. «Россия ўз қудратини намойиш қилиш учун қўллаётган сиёсий чора бу.»

Амалга оширилган назорат парвозлари ҳақида Хитой мудофаа вазирининг матбуот котиби У Цзян шундай деди: «у Хитой ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик ҳамкорликни кучайтиришга, икки давлат қуролли кучларининг қўшма операцияларни олиб бориш имкониятларини ошириш ва жаҳондаги стратегик барқарорликни биргаликда ҳимоя қилишга қаратилган».

«Бу операция Хитой ва Россия армиялари ўртасида ҳар йилги ҳамкорлик режаси доирасида ўтказилган бўлиб, учинчи давлатни нишонга олмаган», деди у Пекинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Шунга қарамай, кузатувчилар савдо-сотиқ муносабатлари ва алоқаларнинг кучайиши ортидан ҳарбий кучлар намойиш қилинганидан хавотирга тушмоқдалар.

Москва ва Пекин ўртасидаги савдо ҳажми 2018 йилда 25 фоизга ошиб, рекорд кўрсаткич – 108 миллиард АҚШ долларига етган, июнь ойида ўтган учрашувда эса Хитой президенти Си Цзинпин Россиялик ҳамкасби Владимир Путинни ўзининг «энг яқин дўсти» деб атаган эди.

Аммо бу икковлон ўртасидаги ҳамкорликни у қадар жўн деб бўлмайди.

Нима бўлганда ҳам, бу икки режим «бир-бирига ишонмайди», деди Ни.

Марказий Осиёдаги айро манфаатлар

Икки давлат раҳбарлари бир-бирларига қарата мақтов сўзларини айтиб, бизнес шартномалар ва ҳарбий ҳамкорлик ҳақида эълон қилсалар-да, Марказий Осиёдаги манфаатлари айро эканлиги сабабли узоқ муддатли стратегик иттифоқ туза олмасликлари аниқ.

Сабаби, Россия ва Хитойнинг минтақадаги манфаатлари – Москва ҳимоя, Пекин эса сармоя билан шуғулланувчи жентльменча келишувга оид аввалги тахминлар пучга чиқмоқда, дейди таҳлилчилар.

Россиянинг Грузия ва Қрим каби ўлкаларда содир этган зўравонлик ҳаракатларининг оқибатлари Москвани шарқдаги қўшниси томон юзланишга мажбур қилган.

Москва иқтисодий ўсишни таъминлаш йўлида Хитой билан ҳамкорликни «икки ёвузликдан енгилроғини танлаш» сифатида кўрмоқда, бунинг муқобили эса – мамлакат ичида туб ислоҳотлар ўтказиш ва Ғарб билан ярашишдир, дейди Москвадаги Карнеги марказининг Осиё бўйича дастурига раҳбарлик қилувчи Александр Габуев.

«Хитой ва Россия Марказий Осиёда бир-бирига рақиб», дейди Украинанинг Киев шаҳридаги Армия, конверсия ва қуролсизланиш бўйича тадқиқотлар марказининг Осиё-Тинч океани ҳудуди бўйича раҳбари Юрий Пойта.

Хитой ўзининг «юмшоқ куч» сиёсати қуроли бўлмиш инвестиция лойиҳалари Россиянинг ҳимоясига қарам бўлиб қолишини хоҳламайди, деди у.

Моҳиятан, Хитойнинг Марказиё Осиёдаги йирик лойиҳалари ва инвестициялари минтақа ривожидан манфаатдор бўлмаган Москванинг таъсирини заифлаштиради.

«Москва ҳарбий кучдан ташқари минтақага иқтисодий соҳада кўп нарса бера олмаслигини тушунади ва Пекиннинг тобора кучайиб, Марказий Осиё республикаларини ўз қаноти остига олишига жимгина қараб тура олмайди», дейди Пойта.

Сизга мақола ёқдими?
24
Йўқ
Фикрлар 9
Сиёсат
Captcha
| 2019-08-21

Америка бу «иттифоқчиларига» нисбатан санкцияларни кучайтиришда давом этиши керак. Россияни ядродан холи қилиш халқаро ҳамжамият учун долзарб муаммо

Жавоб бериш
| 2019-08-05

Руслар Марказий Осиёнинг ривожланиши истамайди, улар бошқаларнинг ҳисобига яшаганлари каби яна Совет иттифоқи қайтишини хоҳлайдилар.

Жавоб бериш
| 2019-08-04

Бу «иттифоқчилар» ўртасида Даманский оролидаги низо тарихи ҳали унутилгани йўқ.

Жавоб бериш
| 2019-08-02

Юқори Норин каскади қуриб битказилганича йўқ.

Жавоб бериш
| 2019-07-30

Россия ва Хитой ўртасида низо келиб чиқиши муқаррар. Россияда қисиқ кўзлиларни қандай ҳақорат қилишларини Хитой яхши эслайди.

Жавоб бериш
| 2019-07-28

Тошкентлик ўзбек сиёсатшуноси Валерий Хан, Американинг RAND таҳлил маркази катта сиёсий таҳлилчиси Лайл Моррис, Сиднейдаги Маккуори университетининг хитойлик тадқиқотчиси Адам Ни ва бошқалар – арзон провокатор.

Жавоб бериш
| 2019-07-26

Шунинг учун ҳам руслар аксил-Хитой кайфиятини авж олдиришга ҳаракат қилишаётган эди. Мен бу масалада Россияни тийиб қўйишларини сўраб, Хитой элчихонасига мурожаат қилиб бўлдим.

Жавоб бериш
| 2019-07-28

Мана шунақа изоҳ қолдирувчилар одамларни жунбушга келтиради.

Жавоб бериш
| 2019-07-29

Одамларни барча ерлар русларники, руслар ҳаммани озод қилган, ҳамма нарсани ўйлаб топган каби бемаъни гапларни бақириб юрадиган шовонистлар жунбушга келтиради.

Жавоб бериш