Карвонсарой
Хавфсизлик

Муҳим ядровий битимнинг барбод бўлишига Кремлнинг «якка ўзи жавобгар»

Карвонсарой ва AFP

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 2 август куни халқаро хавфсизликка оид ўта муҳим ҳужжат – Ўрта масофали ядровий ракеталарни тақиқлаш Шартномаси амал қилишдан тўхтагани учун Россияни айблаб, бу ҳолатга Россиянинг «якка ўзи жавобгар» эканлигини айтди. (Килиан Фичоу/AFPTV/AFP)

МОСКВА – Бир қатор расмийларга кўра, жума (2 июнь) куни расман ўз кучини йўқотган Совуқ уруш даврига оид ҳужжат – Ўрта масофали ядровий ракеталарни тақиқлаш тўғрисидаги Битимнинг (INF) барбод бўлиши учун жавобгарлик тўлалигича Россиянинг зиммасидадир.

Шу билан бир вақтда, Кремль янги қуроллар ишлаб чиқаришни жадаллаштириб, навбатдаги қуролланиш пойгаси хавфини юзага келтиришга ҳозирланмоқда, деб огоҳлантиради таҳлилчилар.

«Шартнома амал қилишдан тўхтаганига Россиянинг якка ўзи жавобгар», деб баёнот берди НАТО Москвани ўрта масофага учувчи оддий ва ядровий ракеталардан фойдаланишни чеклайдиган ҳужжатнинг бузилишида айблаб.

«Биз Россиянинг ўз шайлигини намойиш этмагани ва халқаро мажбуриятларини бажаришга қайтиш учун ҳеч қандай аниқ чоралар кўрмаганидан афсусдамиз.»

2017 йилги ҳарбий парад чоғида Қизил майдон бўйлаб ҳаракатланаётган кўчма ракета учириш қурилмаси. (Кремль)

2017 йилги ҳарбий парад чоғида Қизил майдон бўйлаб ҳаракатланаётган кўчма ракета учириш қурилмаси. (Кремль)

Россия президенти Владимир Путин 13 сентябрь куни «Восток-2018» ҳарбий машқларини дурбин орқали кузатмоқда. (Кремль)

Россия президенти Владимир Путин 13 сентябрь куни «Восток-2018» ҳарбий машқларини дурбин орқали кузатмоқда. (Кремль)

Гап Вашингтон ва НАТО битимга хилоф деб ҳисоблайдиган SSC-8/9M729 қанотли ракеталар тизими ҳақида бормоқда.

НАТОга кўра, ракетанинг учиш масофаси тахминан 1500 километрга тенг, Москва эса у фақат 480 километрга уча олади, деб иддао қилмоқда.

Ўрта масофали ядровий ракеталарга оид шартнома парвоз масофаси 500 дан 5500 километргача бўлган, ердан учириладиган ракеталардан фойдаланишни тақиқлайди.

«НАТО Россияга тегишли 9М729 ракеталарининг иттифоқчилар хавфсизлигига соладиган жиддий таҳдидига жавобан пухта ўйланган ва масъулиятли тарзда чора кўради», деб баёнот берди иттифоқ.

«Биз НАТОнинг тийиб турувчи ва мудофаа позициясининг ишончлилиги ва самадорлигини таъминлаш учун, мувозанатли ва мувофиқлаштирилган мудофаа чоралари мажмуини келишиб олдик», дейилади ҳужжатда.

INF битими «ўлди»

Россия битимни «ўлик» деб эълон қилганидан кўп ўтмай, АҚШ давлат котиби Майк Помпео АҚШнинг расман шартномадан чиққани ҳақида баёнот берган.

«Россия шартномага зид бўлган ракета тизимларини йўқотиш йўли билан шартномага тўла ва ишончли риоя қилишга қайта олмади», деб баёнот берди у.

«Шартнома ўз кучини йўқотганига Россия тўла жавобгар», деди у.

Помпеонинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар тарихда эришилган икки томонлама шартномалардан кенгроқ қамровга эга қуролланиш назорат қилинадиган янги даврга киришни истамоқда.

Бир неча йил давом этган расмий шикоятлар ва муаммони дипломатик йўл билан ҳал этиш уринишларидан сўнг, АҚШ НАТО бўйича барча иттифоқчилари томонидан қўллаб-қувватланган далилларга таяниб, «Россия INF шартномасини «очиқдан-очиқ бузмоқда», деган хулосага келди.

Кремль Қўшма Штатларнинг Россияни шартномани бузганликда айблаб, «ташвиқот кампанияси» олиб борди деган тахмин билан, ўз ҳатти-ҳаракатларига нисбатан бўлган танқидни рад этишга уринди, дейилади Россия ташқи ишлар вазирлигининг жума кунги баёнотда.

Март ойида президент Владимир Путин Россиянинг шартномадаги иштирокини вақтинча тўхтатди.

НАТОга кўра, «Шартномага Қўшма Штатлар тўлиқ риоя қилса-да, аммо Россия амал қилмаса, бундай ҳолатни барқарор деб бўлмайди».

«Россия анчадан бери «ўйнашиб» келаётган эди, у аввал ракета мавжудлигини рад этди, кейин эса ракета мавжудлигини тан олса-да, унинг битим шартларига мос эканлигини таъкидлади», деди россиялик ҳарбий таҳлилчи Александер Гольц.

«2007 йилда Россия CFE (Европадаги анъанавий қуролларга оид) битимидан чиққанида, Россия армияси ва Кремль INF битими яхши ва адолатли шартнома эмаслигини таъкидлаган эди», деди россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр AFP нашрига.

Россия янги қуролларни ишлаб чиқмоқда

«Битим тугаганидан кейин, биз янги қуролларнинг ишлаб чиқилиши ва ҳозирланишига гувоҳ бўламиз», деди Фелгенгауэр. «Россия бунга аллақачон тайёр.»

Путин илк марта бу қуролни юқори лавозимли ҳарбийлар олдида муҳокама қилди ва февраль ойида қўшимча тафсилотлар билан ўртоқлашди.

Ердан учириладиган ўрта масофали ракеталарни яратишдан ташқари, Москва «Калибр» ракеталарининг ердан учириладиган турини яратишни режалаштирмоқда, бу қурол аллақачон денгиз қўшинлари томонидан муваффақиятли қўлланилган ва Сурияда синовдан ўтган.

Аммо Москва молиявий тарафдан чекланган.

У санкциялар ва нефть нархининг пасайиши билан боғлиқ 2014 йилги иқтисодий инқироздан чиқишга ҳаракат қилди. Унинг ҳарбий бюджети Вашингтон бюджетининг ўндан бир қисмига тенг.

Янги ракеталар «мудофаа вазирлиги бюджетини оширмай» амалга оширилиши керак, дея таъкидлади Путин.

Ортиқча маблағ сарфлашни истамаслик жуда катта ҳарбий харажатлар сабабли инқирозга учраган Совет Иттифоқидан қолган сарқит, дейди кузатувчилар.

НАТО: Янги қуролланиш пойгасига йўл қўймаймиз

INF шартномасининг бекор қилиниши қуролланиш бўйича янги давр бошланиши борасида хавотирларни келтириб чиқарган.

INF битими Россия ва Қўшма Штатлар ўртасида қуролланишга оид иккита энг муҳим шартномадан бири бўлиб, иккинчиси Стратегик ҳужум қуролларини қисқартиришга оид янги шартнома (янги START) ҳисобланади ва у икки мамлакатнинг ядровий қуроллари захирасини совуқ уруш даврига оид чекловдан қуйида ушлаб туради.

Аммо, бу битим ҳам 2021 йилда тугайди ва уни узайтириш учун сиёсий хоҳиш-истак етарли эмасга ўхшайди.

«Унинг давом этиши амримаҳол», дейди Россиянинг халқаро алоқалар бўйича кенгаши таҳлилчиси Александр Савельев. «Бундан кейин Қўшма Штатлар ва Россия ўртасидаги ядровий қуролланиш пойгасини ҳеч нарса чекламайди.»

Шунга қарамай, иттифоқчилар «янги қуролланиш пойгаси» бошланишининг олдини оладилар, деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

«Биз янги қуролланиш пойгаси бошланишини истамаймиз ва Европада ердан учириладиган янги ядровий ракеталарни жойлаштирмоқчи эмасмиз», деди у Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Дунёдаги ҳукмронликни эгаллаш учун, шартномаларга амал қилишдан кўра, чексиз масофали ракеталар, товушдан тез, кар ва кўр қилувчи таъсирга эга радиоэлектрон кураш воситалари, гравитацион цунами ва шунга ўхшаш нарсалар билан қўрқитган маъқулроқ.

Жавоб бериш